Ўзбекистон газ масаласида Россия билан “Йўл харитаси”ни имзолади
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва “Газпром” ўртасида газ соҳасидаги ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди. Унда нима ёзилгани ҳозирча номаълум. Ўтган ҳафта шунга ўхшаш “Йўл харитаси” Қозоғистон билан ҳам тузилган. Аввалроқ Россия бу икки мамлакатнинг газ-транспорт тармоқларини “Газпром” эгалигига ўтказишни сўрагани, лекин рад жавобини олгани маълум бўлганди.
Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Россиянинг “Газпром” давлат ширкати бошқаруви раиси Алексей Миллер газ соҳасидаги ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси”ни имзолади.
Бу ҳақда бугун, 24 январ куни “Газпром” матбуот хизмати хабар берди. Хабарда тафсилотлар очиқланмаган.
“Газпром” билан газ соҳасидаги ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси”ни ўтган ҳафта Қозоғистон ҳам имзолаган эди.
“Интерфакс”нинг ёзишича, Россия Қозоғистон ва Ўзбекистонда ички газ истеъмолнинг ўсиши ва Хитой олдидаги экспорт мажбуриятларини ҳисобга олган ҳолда, Қозоғистон ва Ўзбекистонга газ етказиб бериш ҳажмини оширмоқчи.
Бунинг учун газ етказиш инфратузилмасини модернизация қилиш ва ҳатто янги газ қувурларини қуриш талаб этилиши мумкин. Жумладан, Россия ҳудудида газ транспорти инфратузилмасини ривожлантириш учун 260 миллиард рублга яқин сармоя киритиш керак бўлади. Бу ҳақда РФ президенти Владимир Путин ҳам айтиб ўтганди.
Россиянинг Марказий Осиёга газ сотишга қизиқиб қолиши Украина уруши фонида Европа рус энергоресурсларидан юз ўгираётган бир пайтда рўй бермоқда. Москва бунинг учун Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия иштирокидаги учтомонлама газ иттифоқини тузишни таклиф қиляпти.
Аввалроқ Россия Ўзбекистонга газ узатиш учун мамлакатнинг газ-транспорт тизимини “Газпром”га беришни сўрагани, шундай талаб Қозоғистон олдига ҳам қўйилгани маълум бўлганди. Шунингдек, Москва Марказий Осиёдан Хитойга газ экспортини ҳам назорат қилмоқчи бўлаётгани айтилмоқда.
Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов мамлакат ўз энергия тармоқларини “бировга бериб юбормаслиги”ни айтган.
“Миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда, ўзимизнинг тармоқларни бировга бериб юбориш ёки бошқа орқали эмас, олди-сотди тижорий шартномалар асосида ҳамкорлик қилиш бўйича музокаралар олиб бориляпти”, – деган вазир.
“Биз миллий манфаатларимизни ҳеч қачон хавф остига қўймаймиз. Агарда сиз айтаётган чорага йўл қўядиган бўлсак ҳам, фақатгина тижорий олди-сотди шартномалари орқали амалга оширамиз. Бунинг эвазига бирор сиёсий шарт қўйилишига йўл қўймаймиз.
Агар газни чегарамизгача олиб келиб, бизга маъқул нархда берса, оламиз, бўлмаса йўқ”, – дея таъкидлаган Мирзамаҳмудов.
Мавзуга оид
18:21 / 20.11.2024
АҚШ ортидан Буюк Британия ҳам Украинага узоқ масофали ракеталардан Россияга зарба йўллашга рухсат берди – ОАВ
16:13 / 20.11.2024
«Крокус»да теракт содир этганликда айбланаётганлар яна 3 ой ҳибсда қолади
12:07 / 20.11.2024
Ўзбекистон ва Россия Каспий денгизи орқали янги йўналишлардан фойдаланмоқчи
21:03 / 19.11.2024