Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эрондаги уруш қандай якунланиши мумкин: 5 та эҳтимолий сценарий
Ҳеч қандай огоҳлантиришсиз бошланган Эрондаги урушнинг якуни ҳам худди шундай бўлиши мумкин.
АҚШ президенти Доналд Трамп ва унинг уруш вазирлиги бераётган бир-бирига зид сигналлар – иттифоқчилар, молиявий бозорларни Эрон уруши қандай ёки қачон тугаши борасида ўйга толдирмоқда.
Масалан, 9 март куни президент Трамп республикачиларнинг йиллик йиғилишида АҚШ урушда аллақачон ғалаба қозонганини, «лекин ҳали етарлича ғалаба қозонмаганини» айтди. Бу баёнот унинг CBS News телеканалига уруш «деярли тўлиқ якунланди» деб айтганидан бир неча соат ўтиб янгради.
Шу билан бирга, мудофаа вазири Пит Ҳегсет 10 март – сешанба кунини «зарбаларимизнинг ҳозирга қадар энг шиддатли куни бўлади» деб таъкидлади.
Бунинг ёмон тарафларидан бири – уруш ечим топмаган ҳар бир ҳафта АҚШ ичидаги иқтисодий қийинчиликларни ва Яқин Шарқ мамлакатларидаги беқарорликни чуқурлаштирмоқда. Бу эса америкаликлар кутаётган оралиқ сайловлар олдидан Трамп ва унинг партияси учун сиёсий хавфни оширади.
Оқ уйга яқин кўриладиган Axios нашри Эрон уруши якунланиши мумкин бўлган бешта тахминий сценарийни тузди.
1. Музокаралар орқали ўт очишни тўхтатиш ва ядровий келишув
Эроннинг ядро қуроли дастурига чек қўйиш «Epic Fury» (Буюк ғазаб) операцияси бошланганидан бери Трампнинг асосий мақсадларидан бири бўлиб келмоқда.
Эрон ва АҚШ уруш бошланишидан бир неча кун олдин Женевада билвосита ядровий музокараларнинг учта раундини ўтказди. Бироқ Трампнинг вакиллари якунда Теҳрон келишув борасида жиддий ҳаракат қилмаяпти, деган хулосага келди.
Трамп душанба куни Fox News телеканалига берган интервюсида музокаралар қайта тикланиши «мумкин»лигини айтди. Бироқ у Эрон Олий раҳбари сифатида марҳум отасининг ўрнига танланган Мужтаба Хоминаий номзодидан ҳафсаласи пир бўлганини айтди.
Аслида зарбалар бошланишидан бир кун олдин Уммон воситачилари – Эрон бойитилган уран захираларини ҳеч қачон тўпламасликка рози бўлганини ва тинчликка «эришиш мумкин»лигини айтишган эди. Уруш келажакдаги музокараларга қандай таъсир қилиши ҳозирча номаълум.
2. Венесуэла модели
Трамп Эрон учун намуна сифатида Венесуэлани кўрсатиб келмоқда. АҚШ январ ойида президент Николас Мадурони қўлга олган ва унинг вориси – вице-президент Делси Родригес билан ишчи муносабатлар ўрнатганди.
Хусусан, Трамп душанба куни Мужтабанинг тайинланишини «катта хато» деган ва янги олий раҳбар узоқ вақт қолмаслигига шама қилганди.
Аммо вазиятга реал қараганда географик шароитни ҳисобга олмаганда ҳам, Эрон–Венесуэла қиёслови унчалик жиддий эмас. Таҳлилчиларнинг фикрича, уларни бир-бирига тенг деб ҳисоблаш – Ислом Республикасининг куч тузилмасини нотўғри тушунишдир.
Эрон – 47 йиллик санкциялар, урушлар ва ички қўзғолонлардан омон қолди. Ўзини ҳар қандай якка раҳбардан кўра узоқроқ яшашга мўлжалланган ҳарбий, диний ва сиёсий институтлар билан мустаҳкамлаган.
Нашрнинг ёзишича, режим ўзгаришини талаб қилаётган эронлик намойишчилар учун – тизим ичидан чиққан ва АҚШ қўллаб-қувватлайдиган раҳбар озодлик эмас, балки хиёнат сифатида кўрилиши мумкин.
3. Халқ қўзғолони ва режимнинг қулаши
Муаллифларнинг ёзишича, Эронда таназзул эҳтимоли реал шароитга яқин. Чунки, оятуллоҳ Хоминаий вафот этган, иқтисодиёт тубга қулаган ва Эрон уруш бошланишидан бир неча ҳафта олдин йирик намойишларни кўрди.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳам шуни хоҳлайди. У зарбаларни «Эрон халқи ўз тақдирини ўз қўлига олиши учун шароит яратиш» деб баҳолаганди.
Аммо Эрон мухолифатининг ягона раҳбари ва жойларда уюшган кучи йўқ. Сургундаги валиаҳд шаҳзода Ризо Паҳлавий энг машҳур мухолифат арбобларидан бири. Бироқ Трамп учун у ишончли эмас. Сабаби Паҳлавий қарийб 50 йилдан бери Эронда яшамаган.
Режимни ағдариш учун Исроил томонидан қўллаб-қувватланадиган курд кучлари қуруқликда баъзи ёрдамларни кўрсатиши мумкин. Бироқ бундай вазиятда хавф-хатарлар жуда катта: Эрон – йиллар давомида Сурияни ўз домига тортган фуқаролар уруши каби ҳолатга тушиб қолиши мумкин.
4. Махсус кучларнинг ядровий захираларга рейди
Axios мухбирлари Барак Равид ва Марк Капутонинг хабар беришича, АҚШ ва Исроил Эроннинг юқори даражада бойитилган уран захираларини жисмоний назоратга олиш ёки йўқ қилиш учун у ерга махсус кучларни юбориш масаласини муҳокама қилган.
Ушбу сценарийга кўра, уруш сиёсий келишув билан эмас, балки ядровий таҳдидни жисмоний жиҳатдан йўқ қилиш билан якунланади.
Аммо ушбу миссия – ҳали ҳам баллистик ракеталар отаётган мамлакат ҳудудига қуруқликдаги қўшинларни киритишни талаб қилади.
5. Трамп ғалаба эълон қилади ва қўшинларни олиб чиқади
Бу сценарийда Трамп Эроннинг ракета ва дрон имкониятлари етарли даражада заифлаштирилди деб қарор қилади, тарихий ғалабани эълон қилади. Шунингдек, у Теҳрондаги асосий сиёсий вазият ҳал қилинган ёки йўқлигидан қатъий назар, қўшинлар ҳужумини тўхтатади (ёки олиб чиқади).
Йирик молиявий бозорлар айнан шуни кутмоқда – АҚШ тезда чиқиб кетишга умид боғламоқда. Айниқса мамлакат ичидаги иқтисодий қийинчиликлар президент учун жиддий сиёсий муаммога айланиш хавфи туғилганда бу долзарб масала.
Шу билан бирга, Трампнинг ўзи «нотўғри раҳбар»нинг ҳокимият тепасига келиши – АҚШни «беш йилдан кейин» яна урушга қайтишга мажбур қилишини айтганди.
Операцияни якунлаш Исроилнинг розилигини ҳам талаб қилиши мумкин. Исроил бир томонлама ҳаракат қилишга тайёрлигини айтган: Вашингтон ёрдами билан ёки усиз Эроннинг ядровий таҳдидини бутунлай йўқ қилишга ваъда берди.
Хулоса қилиб айтганда, Эрондаги уруш 28 феврал куни тўсатдан ва ҳеч қандай огоҳлантиришсиз бошланди. Унинг якуни ҳам худди шундай бўлиши мумкин.