Жаҳон | 15:16 / 12.02.2026
2154
9 дақиқада ўқилади

Рафаҳда навбат кутаётган беморлар, Бангладешда муҳим сайлов ва Трамп–Нетаняҳу учрашуви – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Трамп–Нетаняҳу учрашуви

АҚШ президенти Доналд Трамп чоршанба куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан учрашув ўтказди. Бу – Трамп лавозимига қайтганидан бери Нетаняҳу билан еттинчи учрашувидир. Бу ташриф одатдагидан камроқ шов-шувли бўлди ва матбуот учун ёпиқ тарзда ўтказилди.

Трамп буни «жуда яхши учрашув» деб таърифлади, бироқ муҳим қарорлар қабул қилинмаганини айтди ва Нетаняҳунинг мурожаатларини очиқчасига қўллаб-қувватлашдан тийилди.

«Эрон билан музокаралар давом этиши кераклиги борасида туриб олдим, шунда келишув амалга оширилиши мумкинми-йўқми, кўрамиз. Бундан бошқа аниқ қарор қабул қилинмади», - деди Трамп Нетаняҳу билан учрашувдан кейин ижтимоий тармоқдаги постида.

Нетаняҳу Трампни – Эрон билан музокараларда унинг ракета арсеналига қўйиладиган чекловларга ундаш учун келганди. Бироқ у ўзи хоҳлаганига эришганига оид ҳеч қандай ишора бермади.

Эрон эса санкциялар бекор қилиниши эвазига ядровий дастурига чекловлар қўйишга тайёрлигини билдирган, бироқ ракета салоҳияти музокара мавзуси эмаслигини таъкидлаган.

Кун тартибида Ғазо масаласи ҳам кўтарилган: Трамп ўзи воситачилик қилган сулҳ келишуви ижросини олдинга силжитмоқчи. «Биз Ғазода ва умуман минтақада эришилаётган улкан тараққиётни муҳокама қилдик», - деди Трамп учрашувдан сўнг. Лекин у тафсилотларни келтирмади.

Нетаняҳу шунингдек, Трамп билан учрашув арафасида расман Тинчлик кенгаши таркибига ҳам қўшилди.

НАТО: Россиянинг йўқотишлари 1 миллион кишидан ошди

Украинага қарши кенг кўламли босқин бошланганидан бери Россия қарийб 1,3 миллион одам йўқотган. Шуларнинг тахминан 350 минг нафари ҳалок бўлган. Бу ҳақда Брюсселда ўтган брифингда НАТОнинг юқори мартабали амалдори маълум қилди. Унинг айтишича, фақат 2025 йилнинг ўзида Россия армиясида: қарийб 400 минг киши ҳалок бўлганлар ва яраланганлар қаторида.

НАТО вакили Россия йўқотишлари орасида ҳалок бўлганлар улуши ноодатий даражада юқори эканини таъкидлади. Бунга сабаб: дронлар устунлик қилаётган жанглар, фронт чизиғида тиббий таъминотнинг паст даражаси ва катта инсон ресурслари талаб қиладиган уруш усуллари.

Амалдор Украина армияси йўқотишларига оид маълумотларни ошкор этмади. Бироқ «ҳозирги пайтда ушбу можарода жами 2,2 миллиондан ортиқ ҳалок бўлган ва яраланганлар» борлигини айтди.

Унинг айтишича, ҳозирги пайтда жанг майдонида «Россияда тахминан 700 минг, Украинада эса 400 минг аскар бор». «Барчамиз биламизки, Украина шахсий таркибни сафарбар этиш ва сақлаб қолиш борасида муайян қийинчиликларни бошдан кечирмоқда. Россия эса фронтга юбориш мумкин бўлган кўпроқ инсон ресурсларига эга бўлиб қолмоқда», - дея қўшимча қилди у.

Мадагаскарда кучли бўрон

Ҳинд океанидаги орол давлат — Мадагаскарда кучли циклон зарбаси оқибатида камида 31 киши ҳалок бўлди.

«Гезани» циклони сешанба куни қуруқликка чиқиб, оролнинг асосий порт шаҳри — Тоамасинага зарба берди. Электр узатиш линиялари узилиб, дарахтлар илдизи билан қўпорилган ва томлар учиб кетган. Мадагаскар табиий офатларни бошқариш идораси зарба ҳудудида уйлар қулаб тушганини ва жасадлар айнан шу жойларда топилганини билдирди.

«Бўлган воқеа тўлиқ хаос. Шаҳарнинг қарийб 75 фоизи вайрон бўлди. Вазият – Мадагаскарнинг ўзи ёлғиз бартараф эта оладиган даражадан ошиб кетди», - деди расмийлар.

Кузатув маркази маълумотига кўра, «Гезани» циклонининг қуруқликка чиқиши Тоамасина атрофида қайд этилган энг кучли ҳодисалардан бири бўлиши мумкин. У соатига 250 км тезликдаги шамоллар билан қуруқликка зарба берган.

«Мен ҳеч қачон бундай шиддатли шамолни бошдан кечирмаганман… Эшик ва деразалар металл, аммо улар қаттиқ силкинмоқда», - деган гувоҳлардан бири Reuters’га.

Мадагаскар метеорология хизматига кўра, циклон кейинроқ кучсизланган ва мамлакат ичкарисини кесиб ўтиб, яна денгизга йўл олган.

Бу жорий йил оролга урилган иккинчи циклон бўлди. Мадагаскар атрофидаги Ҳинд океанида циклон мавсуми одатда ноябрдан апрелгача давом этади ва ҳар йили ўртача ўнга яқин бўрон кузатилади.

Рафаҳда беморлар навбат кутмоқда

Рафаҳ чегара ўтиш пункти қайта очилганидан бери Ғазодан 90 дан ортиқ бемор эвакуация қилинди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бу жараённи олқишлар экан, Ғазодаги тиббий эҳтиёжлар ҳануз ниҳоятда оғирлигича қолаётганини огоҳлантирди.

«Бу 90 киши Ғазодан ўта шошилинч ва оғир тиббий ёрдам учун турли мамлакатларга эвакуация қилинган қарийб 11 минг кишига қўшилади», деди ЖССТ расмийси Тереза Закария.

Шунингдек, у «яқин кунларда ҳар куни кўпроқ тиббий эвакуациялар амалга оширилиши» мақсад қилинганини айтди. Закариянинг таъкидлашича, 18 мингдан ортиқ бемор «ниҳоятда зарур» даволаниш учун Ғазодан чиқарилишни кутмоқда. Уларнинг кўпчилиги навбат кутаётган пайтда вафот этган.

«Барчамиз Ғазо ичидаги одамларнинг яшаш шароитлари ҳануз ниҳоятда оғир эканини кўрдик. Ҳозирги мавжуд ресурслар у ердаги эҳтиёжларни қондириш ва Ғазо аҳолиси шаънини тиклаш учун етарли эмас», деди Закария.

Исроил Рафаҳ ўтиш пунктини 2024 йил май ойида эгаллаб олган эди. Пункт жорий йил 2 феврал куни ўта чекланган шартлар асосида қайта очилди.

Бангладешда сайловлар

2024 йилдаги «Z авлод» бошчилигидаги қўзғолондан кейин 12 феврал куни Бангладешда умумий парламент сайловлари бошланди.

Сайловда илгари иттифоқчи бўлган икки куч — Бангладеш Миллий партияси ва «Жамоат Ислами» партияси етакчилигидаги коалициялар беллашмоқда. Сўровномалар Миллий партияга устунлик берган. Бош вазирликка асосий икки номзод ҳам айни шу партиялардан.

Умуман олганда, ўнлаб партиялардан 1900 дан ортиқ номзодлар парламентдаги 300 та ўрин учун курашмоқда. 127 миллиондан ортиқ сайловчи рўйхатдан ўтган.

«Бу сайлов оддий овоз бериш эмас. Биз узоқ йиллар давом этган ғазаб, тенгсизлик, маҳрумлик ва адолатсизликка қарши гувоҳ бўлган жамоатчилик уйғониши», деди муваққат ҳукумат раҳбари, Нобел мукофоти совриндори Муҳаммад Юнус.

Парламент сайловлари билан бир қаторда, мамлакатда конституциявий ислоҳотларни кўзда тутувчи умумхалқ референдуми ҳам ўтказилмоқда.

Бангладешдаги овоз беришлар бугун кечки вақтда якунланади. Якуний натижалар эса жума тонгига қадар аниқ бўлиши кутилмоқда.

Таҳлилчиларнинг айтишича, 175 миллион аҳолига эга мамлакатда барқарор бошқарувни таъминлаш учун қатъий натижа муҳим аҳамиятга эга. Чунки қонли намойишлардан кейин мамлакатда беқарорлик юзага келган ва йирик тикувчилик саноати издан чиққан. Собиқ раҳбар Шайх Ҳасина эса Ҳиндистонга қочиб кетган.

НАТО Арктикада ҳарбий иштирокини кучайтирмоқда

НАТО чоршанба куни Арктикадаги иштирокини кучайтиришга қаратилган «Арктика қўриқчиси» миссиясини бошлади. Бу қадам — Доналд Трамп Гренландияга оид даъволарини қайтариб олганидан сўнг уни тинчлантиришга қаратилган ҳаракат сифатида талқин қилинмоқда.

Европадаги НАТО бош қўмондони баёнотига кўра, янги миссия «ҳудудни ҳимоя қилиш, Арктика ҳамда Узоқ Шимолнинг хавфсизлигини таъминлаш учун НАТО куч-қудратидан фойдаланади».

Миссия дастлаб Норвегия ва Дания томонидан ўтказилиши режалаштирилган машғулотларни мувофиқлаштиради. Минтақага қўшимча ҳарбий салоҳият юбориладими-йўқми, бу аниқ эмас. Германия мудофаа вазирлиги ҳам миссияда иштирокини тасдиқлаган.

Ўтган ой Трамп Дания қироллиги таркибига кирувчи ярим автоном ҳудуд — Гренландияни назоратга олиш ташаббусини яна кўтарганди. У Арктикада Россия ва Хитой томонидан таҳдидлар мавжудлигини важ сифатида келтирган.

Январ ойида НАТО бош котиби билан учрашувдан сўнг Трамп аввалги қатъий позициясидан чекиниб, Гренландия бўйича асосий тамойиллар ишлаб чиқилганини эълон қилган.

Фаррух Абсаттаров
Муаллиф Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид