Жаҳон | 22:56 / 05.04.2021
8154
1 дақиқада ўқилади

БМТ дунё аҳолисини энг кўп қайси муаммолар хавотирга солаётганини аниқлади

Сўровда қатнашганларнинг 67 фоизи глобал исиш ҳамда ўсимликлар ва ҳайвонот оламининг йўқолиб бораётганидан ташвиш билдирган.

Фото: NASA

 Ер аҳолисини энг кўп глобал исиш, низолар ва дискриминация хавотирга солмоқда. Бу ҳақда ЮНЕСКО ўтказган сўров натижаларига таяниб БМТ янгиликлар хизмати хабар қилди.

Хабарда айтилишича, "Дунё 2030 йилда" деб номланган сўровда 15 минг киши иштирок этган.

 Сўровда қатнашганларнинг 67 фоизи глобал исиш ҳамда ўсимликлар ва ҳайвонот оламининг йўқолиб бораётганидан ташвиш билдирган.

Сайёра аҳолисининг фикрича, иккинчи ўриндаги муҳим муаммо – бу низолар ва зўравонлик. Муҳимлиги жиҳатидан дискриминация ва тенгсизлик учинчи, сув, озиқ-овқат ва уй-жой етишмаслиги муаммолари тўртинчи ўринда жойлашди.

Сўров иштирокчиларининг аксарияти глобал муаммоларнинг ечими яхши таълим олиш деб ҳисоблайди. Шунингдек, кўпчилик глобал муаммоларни ҳал қилишда халқаро ҳамкорлик муҳим эканлигини билдирган. Аммо сўровда қатнашганларнинг 25 фоизигина мамлакатлар бир-бири билан келиша олишига ишонади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид