Жамият | 10:20 / 12.12.2025
5063
3 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда машинасида 51 кг гашиш олиб кетаётган шахс ушланди

Ушбу фуқаронинг яшаш хонадонидан ҳам гашиш гиёҳванд моддаси топилган. 39 ва 40 ёшли шериклар афғонистонлик наркокурерлар томонидан айланма йўллар орқали Ўзбекистонга ўтказилган бу наркотик моддаларни келгусида сотишни мақсад қилган.

Фото: Видеодан кадр

Сурхондарё вилояти ва Тошкент шаҳрида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши тезкор тадбирлар ўтказилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ДХХ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Термиз шаҳрида туғилган 40 ёшли шахс ўзининг бошқарувидаги Cobalt машинасида 50 кг 978 гр гашиш моддасини олиб кетаётган вақтида ушланган. Унинг яшаш хонадонидан ҳам 186 гр гашиш моддаси топилган.

Тадбир давомида ушбу шахснинг шерободлик 39 ёшли жиноий шериги ҳам ушланган. Аниқланишича, улар афғонистонлик наркокурерлар томонидан айланма йўллар орқали Ўзбекистонга ўтказилган ушбу гиёҳвандлик воситаларини келгусида сотишни мақсад қилган.

Қайд этилишича, қонунбузарларнинг бири муқаддам шу турдаги, иккинчиси эса фирибгарлик жинояти учун судланган.

Тошкент шаҳрида кузатилган ҳолатда эса Учтепа туманида яшовчи 25 ёшли шахс томонидан Telegram орқали пойтахт ҳудудида синтетик гиёҳвандлик воситалари сотиш ҳолати аниқланган. У ДХХ Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан шаҳар ИИББ билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда у 225 гр “Алъфа ПВП” синтетик наркотик моддаси билан қўлга олинган.

Сўнгра унинг 20 ёшли таниши 2 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситаси билан ушланган. Дастлабки сўровда у дори воситасини Мирзо Улуғбек туманидаги дорихоналарнинг биридан сотиб олгани аниқланган. Тезкор тадбир давомида ушбу дорихонанинг норасмий сотувчиси 14 дона “Регапен” дори воситасини мижозга 1 млн 200 минг сўмга сотган вақтида ушланган. Шунингдек, дорихонанинг ёрдамчи омборхонасидан 20 200 дона “Габатен”, 823 дона “Регапен”, 100 дона “Галара”, 4 дона “Торгабалин” каби таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар сақловчи, тегишли ҳужжатлари бўлмаган дори воситалари ҳам ашёвий далил сифатида олинган.

Ушбу шахсларнинг барчасига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Тошкентда катта миқдорда психотроп дориларни сақлаган икки нафар аёл қўлга олинганди.

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид