Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда катта миқдорда психотроп дориларни сақлаган икки нафар аёл қўлга олинди
ДХХ бошқа ҳуқуқ-тартибот ташкилотлари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида ноқонуний равишда психотроп ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сақлаш ҳамда муомалага киритиш билан боғлиқ жиноятни фош этди. Тезкор тадбир давомида умумий қиймати қарийб 1,5 млрд сўмлик дори воситалари мусодара қилинди.
Давлат хавфсизлик хизмати томонидан гиёҳвандлик воситалари ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши кураш йўналишида кечиктириб бўлмас тадбирлар амалга оширилмоқда.
Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туманида истиқомат қилувчи, 1977 йилда Навоий вилоятида туғилган аёл Ф.М. ўз яшаш манзилида Фарғона водийсидан олиб келинган катта миқдордаги психотроп моддаларни ноқонуний равишда сақлаётгани тўғрисида тезкор маълумот олинган.
Фуқаро Ф.М. ва унинг жиноий алоқаларини фош этиш мақсадида ДХХ Чегара қўшинлари, Тошкент шаҳар Божхона бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.

Холислар иштирокида Ф.М.нинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, озиш учун мўлжалланган, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган 3000 дона дори воситаси, шунингдек тегишли ҳужжатлари бўлмаган 1,1 миллиард сўмлик ТМБ аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Ф.М. билан ўтказилган дастлабки сўров чоғида, у 1986 йилда Наманган вилоятида туғилган, ўзининг маҳалладоши фуқаро Д.Х. яшаш манзилида ҳам катта миқдорда психотроп моддалар борлигини маълум қилган.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, фуқаро Д.Х.нинг яшаш хонадони ҳам кўздан кечирилган. Натижада, у ердан 17 060 дона психотроп ва кучли таъсир қилувчи дори воситалари, шунингдек, умумий қиймати 400 миллион сўмлик 2 973 дона тегишли сифат сертификатига эга бўлмаган дори-дармонлар аниқланиб, олинган.
Ҳозирда ҳар икки фуқаронинг мазкур психотроп моддалар ва бошқа тиббий маҳсулотларни кимлардан олгани, уларга алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш ҳамда жиноят механизмини тўлиқ очиш юзасидан тегишли идоралар ҳамкорлигида терговга қадар текширув ва тезкор чора-тадбирлар давом эттирилмоқда.
Мавзуга оид
08:48 / 11.12.2025
Пойтахтда чегарадан ноқонуний ўтказилган кучли дорилар аниқланди
13:23 / 06.12.2025
Пойтахт бозорларида ёнғин ва газ хавфсизлиги юзасидан кучайтирилган текширувлар ўтказилди
09:44 / 06.12.2025
Тошкент шаҳри телеком хизматлари ҳажми бўйича етакчилик қилмоқда
12:59 / 24.11.2025