Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Chevrolet Onix: Бразилияда «туғилиб», Чин юртида довруқ қозонган ва Ўзбекистонга келган машина
UzAuto Motors компанияси Chevrolet Onix автомобили 2022 йил охирида тўлиқ циклда ишлаб чиқарила бошланиши, 2023 йил бошида сотувга чиқишини маълум қилди.
Хўш, янги моделдаги бу авто бошқаларидан ўзининг қай жиҳатлари билан ажралиб туради? Chevrolet Onix илк бор ишлаб чиқарилган Бразилияда унинг савдоси қандай бўляпти? Қуйида шулар ва автомобилнинг яратилиш тарихи ҳақида сўз боради.
Ўзбекистонда Chevrolet Onix ҳақидаги илк хабарлар 2016 йилда пайдо бўлганди. Ўшанда Бразилияда General Motors компанияси томонидан ушбу мамлакатда ишлаб чиқарилаётган Chevrolet Onix ҳэтчбеки ва Chevrolet Prisma седанининг янгиланган моделлари тақдимоти ўтказилгани ҳақида хабарлар берилганди.
Ўша пайтда бир кун келиб ушбу автомобиллар Ўзбекистонда ҳам ишлаб чиқарилиши ҳақида ҳали ҳеч қандай гап йўқ эди. 2019 йилга келибгина бизда ҳам Chevrolet Onix автомобили ишлаб чиқарилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқала бошлайди. Ижтимоий тармоқларда 2019 йил 24 сентябрь куни Интеллектуал мулк агентлигига Chevrolet Onix савдо белгисини рўйхатга олиш тўғрисида General Motors LLC US’дан мурожаат келиб тушгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Шундан сўнг ўзбекистонликлар Chevrolet Onix русумли автомобилларга қизиқа бошлашди.
Chevrolet Onix
Chevrolet Onix АҚШнинг дунёга машҳур General Motors автомобилсозлик компанияси бренди ҳисобланади. Б синфига (шаҳарда юришга мослашган ўртача катталикдаги автомобиллар туркуми шундай аталади) мансуб ушбу автомобил илк марта General Motors’нинг Бразилия бўлими конструкторлари томонидан яратилган.
Сўнг, 2012 йилдан бошлаб (седан 2013 йилдан бошлаб) General Motors’нинг Бразилиянинг Риу-Гранди-ду-Сул штатидаги Граватаи шаҳрида жойлашган заводида ишлаб чиқарила бошланган.
Chevrolet Onix General Motors’нинг Gamma II платформаси асосида ҳэтчбек ва седан кўринишларида ишлаб чиқарилган. У General Motors таркибига кирувчи турли компаниялар томонидан ишлаб чиқарилаётган бир қатор моделларга яқин ва уларнинг издоши ҳисобланади.
Жумладан:
- Gamma II платформасида Chevrolet Onix билан биргаликда Chevrolet Spark / Holden Barina Spark (2010 йилдан ҳозиргача ишлаб чиқарилмоқда);
- Chevrolet Sail (2010—2014 оралиғида ишлаб чиқарилган);
- Chevrolet Aveo II / Chevrolet Sonic / Holden Barina (2011 йилдан ҳозиргача ишлаб чиқарилмоқда);
- Chevrolet Cobalt (2011 йилдан ҳозиргача ишлаб чиқарилмоқда);
- Opel Mokka / Vauxhall Mokka / Buick Encore (2012 йилдан ҳозиргача ишлаб чиқарилмоқда);
- Chevrolet Spin (2012 йилдан ҳозиргача ишлаб чиқарилмоқда);
- Chevrolet Onix (2012 йилдан ҳозиргача ишлаб чиқарилмоқда);
- Chevrolet Prisma Mk II (2013 йилдан ҳозиргача ишлаб чиқарилмоқда);
- Chevrolet Trax (2013 — йилдан ҳозиргача ишлаб чиқарилмоқда);
- Chevrolet Aveo RS (2010 йилдан ишлаб чиқарила бошланган);
- Cadillac Urban Luxury Concept (2010 йилдан ишлаб чиқарила бошланган) каби автомобиллар ишлаб чиқарилган.
Бразилиядаги заводда аввал Chevrolet Onix’нинг 5 эшикли ҳэтчбек кўринишидаги русуми ишлаб чиқарилган. Орадан бир йил ўтиб, 2013 йилда унинг седан кўринишидаги русуми ҳам тайёрлана бошлаган. Фақат у Chevrolet Onix эмас, балки Chevrolet Prisma номи билан сотилган. Бошқа мамлакатларда эса Chevrolet Onix номи остида савдога чиқарилган.
Chevrolet Onix General Motors’нинг Бразилиядаги конструкторлик бюроси томонидан яратилган дейилса-да, автомобиль ишқибозлари уни бугунги кунда General Motors’нинг турли заводларида ишлаб чиқаришдан олиб ташланган тўрт цилиндрли 1,0 ва 1,4 л двигателга эга Chevrolet Aveo модели платформасида лойиҳалаштирилган деб ҳисоблашди (ушбу модел Ўзбекистонда Chevrolet Nexia-3 T250 номи билан ишлаб чиқарилмоқда).
Умуман олганда, General Motors томонидан Gamma II платформасида ишлаб чиқарилаётган автомобилларнинг аксарияти ташқи дизайнда бир-бирига ўхшаб кетади.
Бразилияда Chevrolet Onix ва Chevrolet Prisma ишлаб чиқарилар экан, бу икки модел нафақат ушбу мамлакатнинг ўзида, балки Жанубий Американинг аксарият давлатларида муваффақият билан сотилади. Бразилиядаги заводдан чиқарилган Chevrolet Onix ва Chevrolet Prisma автомобилларига икки хил — бензин ва этил спирти (этанол) билан ҳаракатланадиган двигателлар ўрнатилади.
Маълумот учун: Жанубий Америкада этил спирти — этанол кўп ишлаб чиқарилгани боис транспорт воситаларининг аксар қисми шу ёнилғи турида ҳаракатланадиган двигателлар ўрнатиб чиқарилади.
2016 йилда Chevrolet Onix ва Chevrolet Prisma’нинг кўриниши янгича қиёфага эга бўлди. Кузовларда сезиларли ўзгаришлар қилинди. Моделларнинг кўриниши бироз ўзгарди. Бундан ташқари, уларга янада замонавий мультимедиа ускуналари ўрнатила бошланди. Машиналарнинг салонлари ҳам чиройли ва мукаммал кўринишга келтирилди.
2017 йилда эса Chevrolet Onix ва Chevrolet Prisma моделларининг кўриниши яна ўзгартирилди. Ҳар икки моделга Android Auto ва Apple CarPlay туридаги сенсорли экран ўрнатилди. Шунингдек, ҳар икки моделнинг ташқи ва ички кўринишлари ўзгартирилди. Шундан сўнг улар Chevrolet Onix Joy ва Chevrolet Prisma Joy номлари билан сотувга чиқарилади.
2019 йилда Хитойда Chevrolet Onix ва Chevrolet Onix Plus моделлари ишлаб чиқарила бошланади. Бу Бразилияда ишлаб чиқарилган Chevrolet Onix ва Chevrolet Prisma моделларининг янгиланган вариантлари эди. Шунингдек, Бразилиядаги заводлар ҳам ишлашда давом этди ва уларда ишлаб чиқарилаётган моделларнинг номи қисқартирилиб Chevrolet Joy ва Chevrolet Joy Plus деб номланди. Chevrolet Prisma номи тарихда қолди.
Chevrolet Onix’нинг техник тавсифлари:
Ишлаб чиқариш бошланган йил: 2012 йил (Chevrolet Prisma 2013 йил);
Ишлаб чиқараётган давлат: Бразилия
Кузов тури: ҳэтчбек — 5 эшикли (5 ўринли), седан (Chevrolet Prisma) — 4 эшикли (5 ўринли);
Платформа: GM Gamma II;
Двигатель ҳажми: 78 (бензин), 80 (этанол), 98 (бензин), 106 (этанол) от кучига тенг. 1,0 ва 1,4 литр;
Трансмиссия: механик узатма қутида — 5–6 босқичли, автомат узатма қутида — 6 босқичли;
Узунлиги: ҳэтчбек — 3930 мм (2017 йилдан 3933 мм), седан — 4275 мм (2017 йилдан 4282 мм);
Эни: 1705 мм;
Баландлиги: 1480–1484 мм (2017 йилдан 1474–1478 миллиметр);
Ғилдирак базаси: 2528 мм;
Оғирлиги: 1008-1091 кг (2017 йилдан 1011-1074 кг, Chevrolet Prisma 1021-1119 кг (2017 йилдан 1028-1085 кг);
Юк кўтариш қуввати: 453 кг;
Ёнилғи бакининг сиғими: 54 литр;
Янгиланган Chevrolet Onix’нинг техник тавсифлари
Ишлаб чиқариш бошланган йил: 2019 йил;
Ишлаб чиқараётган давлат: Бразилия, Хитой (Шандонг, SAIC-GM ), Мексика (Сан-Луис-Потоси). (Хитойда Chevrolet Prisma седани ҳам Chevrolet Onix номи билан ишлаб чиқарилмоқда)
Кузов тури: ҳэтчбек — 5 эшикли (5 ўринли), седан (Chevrolet Prisma) — 4 эшикли (5 ўринли);
Платформа: GM Gamma II;
Двигатель ҳажми: 116, 123 ва 125 от кучига тенг. 1,0 ва 1,2 литрли;
Трансмиссия: механик узатма қутида — 5–6 босқичли, автомат узатма қутида — 6 босқичли;
Узунлиги: ҳэтчбек — 4160 мм, седан — 4474 мм;
Эни: 1730 мм;
Баландлиги: 1471 мм;
Ғилдирак базаси: 2550 мм (седан 2600 мм);
Оғирлиги: 1120 кг;
Ёнилғи бакининг сиғими: 54 литр;
Chevrolet Onix илк ишлаб чиқарилганда икки хил эди: бири 1,0 литр (бензин — 78 от кучи, этанол — 80 от кучи) ҳажмига, иккинчиси 1,4 литр (бензин — 98 от кучи, этанол — 106 от кучи) ҳажмига эга двигатель билан жиҳозланган.
Кейинчалик, 2016 ва 2017 йилда автомобилнинг янгиланган русуми тақдим этилганда двигателлар қуввати ҳам сезиларли оширилган. Хитойда ва Мексикада ишлаб чиқарилаётган машиналар 1 ва 1,2 ҳажмдаги 116, 123 ва 125 от кучи қувватига эга двигателлар билан жиҳозланиб чиқарилмоқда.
Бугунги кунда General Motors’нинг Бразилиядаги заводлари Жанубий Америка бозори учун, Мексикадаги заводлари АҚШ, Канада ва Кариб ҳавзаси давлатлари учун ва Хитойдаги заводи Хитой ҳамда Жанубий-шарқий Осиё мамлакатлари учун автомобиль ишлаб чиқармоқда.
Chevrolet Onix Бразилияда
Бразилияда илк автомобиллар 1925 йилда General Motors томонидан Chevrolet модели остида ишлаб чиқарилган. Бугунги кунда ҳам мазкур компания бу мамлакатдаги автомобилсозлик саноатида юқори ўринни эгаллайди. Компания Бразилияда Chevrolet Onix моделигача ҳам кўплаб турдаги автомобилларни ишлаб чиқарган ва муваффақият билан сотиб келган.
Бразилияликлар ўз автомобилини 1956 йилга келиб ишлаб чиқарган. Шунингдек, дунёнинг бошқа компаниялари ҳам Бразилияда ўтган асрнинг 50-йилларидан кейин автомобил ишлаб чиқара бошлаган. Унгача бу мамлакатда фақат General Motors компаниясининг Chevrolet моделлари ишлаб чиқарилган.
Chevrolet Onix Бразилияда 2012 йилда хэтчбек ва 2013 йилда седан кўринишида ишлаб чиқарила бошланган бўлса, 2014 йилда у ушбу мамлакатда энг кўп сотилаётган автомобиллар рўйхатига киради. Орадан 1-2 йил ўтиб Жанубий Американинг яна бир қанча мамлакатларида оммалаша бошлайди. Ўтган йиллар давомида Onix хэтчбеки ва Prisma седани бразилияликлар энг кўп харид қилган автомобиллар рўйхатида юқори ўринларни эгаллайди.
Масалан, 2017 йилда Бразилияда 188 662 дона Chevrolet Onix автомобиллари сотилади ва ушбу модел энг кўп сотилган автомобиллар орасида 1-ўринни эгаллайди. Шундан сўнг, кетма-кет уч йил давомида ушбу модел Бразилияда энг кўп сотилган автомобил бўлиб турибди.
Жумладан, ушбу мамлакатда 2018 йилда 210 462 дона, 2019 йилда 268 073 дона, 2020 йилда 218 758 дона Chevrolet Onix автомобиллари сотилган ва энг кўп сотилган автомобил маркалари орасида биринчи ўринни эгаллаган.
Жорий йилда Бразилияда янги автомобиллар савдоси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан анча пасайган. 2020 йил январ-октябр ойларида 1 миллион 814 минг 423 дона янги автомобил сотилган бўлса, жорий йил 10 ойда 1 миллион 577 минг 408 донани ташкил этмоқда. Савдо кўрсаткичлари тушиб кетиши Chevrolet Onix автомобиллари сотувига ҳам таъсир кўрсатган. Йил бошидан бери ушбу автомобиллардан 81 215 дона сотилган ва модел умумий рейтингда Hyundai HB20 (86 117 дона) ва Fiat Strada (85 378 дона)дан кейин 3-ўринни эгаллаган.
Chevrolet Onix Хитойда
Бугунги кунда Хитой автобозори дунёдаги энг йирик бозорлардан бири ҳисобланади. Масалан, 2017 йилда қарийб 29 миллион дона, 2018 йилда 28 миллиондан ошиқ, 2019 йилда қарийб 26 миллион дона, 2020 йилда 25 миллиондан ошиқроқ янги автомобил сотилган.
Аммо ҳозирча Хитойда Chevrolet автомобиллари энг кўп сотилаётган машиналар ўнлигига ҳам кирмайди. Шу жумладан, Chevrolet Onix ҳам. Масалан, 2018 йилда Чин юртида 673 369 та (умумий рўйхатда 13-ўрин), 2017 йилда эса 601 731 та (умумий рўйхатда 14-ўрин), 2020 йилда эса 310 728 та (умумий рўйхатда 24-ўрин) Chevrolet (турли моделлари) автомобиллари сотилган
Аммо шундай бўлса ҳам Хитой жуда катта бозорлиги учун бу ерда Бразилиядагидан анча кўп Chevrolet автомобиллари сотилган. Масалан, 2018 йилда сотилган автомобилларнинг 252 108 донаси Chevrolet Onix бўлган ва умумий рўйхатда 13-ўринни эгаллаган.
Гарчи Хитойда ишлаб чиқарилаётган Chevrolet Onix General Motors томонидан янги модел деб таърифланаётган бўлсада, автомобил ишқибозлари уни шу пайтгача дунёнинг бир қатор мамлакатларида муваффақиятли сотилган Chevrolet Cavalier моделининг такомиллаштирилган варианти деб билишади.
Chevrolet Onix Ўзбекистонда
2021 йилда «2022–2024 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Унда «Ўзавтосаноат»га янги линиялар қуриш ва модернизация ишлари учун 648,4 млн доллар ажратилиши кўрсатилган. Концерн томонидан ушбу маблағдан 427,7 млн доллар жалб қилиниб Асака шаҳрида Chevrolet Onix ва Tracker русумидаги автомашиналарни ишлаб чиқариш линияларини қуриш режалаштирилган. Ушбу лойиҳа 2022 йилнинг якунига қадар ишга туширилиши кутилмоқда ва у йилига 190 минг дона автомобил ишлаб чиқаришга мўлжалланган.
Жорий йил февраль ойида Ўзбекистонга синов учун Chevrolet Onixʼнинг бир неча намунаси олиб келинган ва UzAutoMotors’нинг баёнотида айтилишича, ушбу намуналар маҳаллий иқлим шароитларида синаш ва салоҳиятли харидорларнинг фикрини ўрганиш мақсадида харид қилинган.
Нархлар
Бразилияда янгиланган Onix Plus седани 2019 йилда 14 500–19 200 долларга сотилган (модификациясига қараб). Хитойда йиғилаётган Onix эса 89,9 минг юандан 99,9 минг юангача (14–15,5 минг доллар атрофида) сотилмоқда.
Ўзбекистонда Chevrolet Onix автомобилини ишлаб чиқариш 2022 йил охирида бошланиши кутилмоқда. UzAuto Motors компанияси Chevrolet Onix русумли янги автомобилларини 9 мингдан 12 минг АҚШ долларигача баҳода сотувга чиқариши айтилганди.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
00:19 / 07.11.2025
Президент GM раҳбари билан маҳсулот турларини кенгайтиришни муҳокама қилди
11:49 / 01.03.2025
GM Onix моделидаги камчилик учун катта миқдорда компенсация тўлаши мумкин
14:22 / 16.01.2025
2024 йилда UzAuto Motorsʼнинг Ўзбекистон бозоридаги улуши 88 фоизга етди
16:31 / 10.01.2025