Ўзбекистон | 11:14 / 24.02.2024
12391
2 дақиқада ўқилади

“Боқий Бухоро” этнографик парки қанчага қурилиши маълум бўлди

Ҳукумат қарорига кўра, Туристик мажмуа 2024-2026 йилларда қурилиши, 2024 йилнинг 1-чорагида 14,9 млн долларлик инвестиция киритилиши кўзда тутилган.

Мажмуа лойиҳаси / Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги

Бухоро шаҳрида “Боқий Бухоро” этнографик парки қурилиши Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган 2024 йил 1-чораги бўйича инвестиция дастурига киритилди.

Унга кўра, парк 2024-2026 йилларда 470 млн доллар (қарийб 5,87 триллон сўм)га қурилади. Шундан 14,9 млн долларлик инвестиция 2024 йилнинг 1-чорагида киритилиши кўрсатилган.

Ҳужжатда лойиҳани Сингапур компанияси амалга ошириши қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, Боқий Бухоро этнографик парки Бухоро шаҳрининг маъмурий марказида, 32,6 гектарлик ҳудудда қурилади. Бу ҳудуддаги ҳокимлик, прокуратура ва бошқа маъмурий бинолар, марказий стадион ва тадбиркорларга тегишли қатор кўчмас мулклар бузилади.

Масъулларга кўра, қурилажак парк ҳудудидан этнографик музей, Бухоро воҳаси учун хос бўлган тарихий маҳаллалар, аҳоли учун хизмат кўрсатувчи чойхоналар ва миллий таомлар тамаддихоналари, анъанавий дренаж тизимлари – ариқ ва ҳовузлар, ҳунармандлар расталари, заргарлик, зардўзлик, каштачилик, ёғоч ўймакорлиги, темирчилик, кулолчилик, наққошлик, пичоқчилик каби амалий санъат устахоналари ўрин олади.

 

 

Мавзуга оид