Жамият | 14:31 / 04.07.2025
28492
5 дақиқада ўқилади

Столда пичоқ, унинг олдида маст одам, ходим телефон “титиб” ўтирибди – Бухородаги ҳодисада ким антиқаҳрамон?

Бухорода шифокор пичоқ билан ўзига зарар етказмоқчи бўлган эркакни зарарсизлантириб, қаҳрамонлик кўрсатди. Бироқ эркакни мастлик даражасини аниқлаш учун нарколог ҳузурига олиб келган майор ва катта лейтенант ушбу ҳолатни бепарволик билан кузатиб турди. Улардан бири – телефон “титиб” ўтирган, вазият жиддийлигини кўриб турган ҳолда ҳатто ўрнидан тургани ҳам йўқ. Ҳозирда ходимларга нисбатан хизмат текшируви тайинланган.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Томошабин майор

Сўнгги кунларда ИИБ ходимлари билан боғлиқ бир нечта воқеа ОАВ эътиборига тушди: Андижонда кекса ёшдаги одам профилактика инспекторини пичоқлаб ўлдирган бўлса, Бухорода маст эркак ўзига жароҳат етказмоқчи бўлди. Бироқ ҳар икки ҳолатда пичоқли эркакларни ходимлар зарарсизлантира олмаган.

Бухоро шаҳрида содир этилган ҳолатда маст эркак стол устида турган пичоқни олиб, ўзига жароҳат етказишга уринган. Буни кўриб турган ИИБ ходимлари шунчалик бепарво бўлганки, ҳатто улардан бири ўтирган ўрнидан турмаган ҳам. Шу пайт хонага кириб келган нарколог врач Элбек Дилов чаққонлик ва совуққонлик билан маст эркак қўлидаги пичоқни тортиб олган ва уни зарарсизлантирган. ИИБ ходимларидан бири эркак қўлидаги пичоқ ерга тушиб кетгачгина унинг ёнига югуриб борган. Иккинчиси эса шунда ҳам ўрнидан турмай воқеани томошабин сифатида кузатишни давом этган.

Хизмат текшируви тайинланди

ИИВ матбуот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, ҳолат 2 июл куни содир бўлган. Бухоро шаҳрининг Лоша маҳалласида яшовчи 1979 йилда туғилган Б.Н. маст ҳолатда уйида жанжал қилган. Ҳолат юзасидан воқеа жойига чиққан профилактика инспекторлари майор Д.Авезов ва катта лейтенант Э.Муҳамедов мастлик ҳолатини аниқлаш ҳамда ҳуқуқбузарлик ҳолатини расмийлаштириш мақсадида эркакни Бухоро вилояти наркология диспансерига олиб келган.

Нарколог кўригидан ўтказиш жараёнида маст эркак ички ишлар органлари ходимларининг ўта масъулиятсизлиги туфайли стол устида турган ошхона пичоғини қўлга киритиб ўзига жароҳат етказиш билан таҳдид қилган. Нарколог врач Элбек Диловнинг ўз вақтида, жасорат билан амалга оширган ҳаракати натижасида фуқаро зарарсизлантирилиб, оғир оқибатга олиб келиши мумкин бўлган фожианинг олди олинган.

Хозирда, профилактика инспекторлари майор Д.Авезов ҳамда катта лейтенант Э.Муҳамедовга нисбатан Ички ишлар вазирлиги томонидан хизмат текшируви тайинланган.

Шунингдек, нарколог врач Элбек Дилов жамоат тартибини сақлашда кўрсатган жасорати учун Бухоро вилояти ИИБ бошлиғининг буйруғи билан рағбатлантирилган.

Ходимлар ҳушёр эмас...

ОАВ эътиборига тушаётган кўп ҳолларда ходимларнинг ҳушёр эмаслиги кўзга ташланмоқда. Жорий йил 19 май куни Тошкент шаҳридаги Юнусобод деҳқон бозорида руҳий касал эркак ёнидаги пичоқ билан ички ишлар ходимининг бўйнини жароҳатлаб, уни ўлдириб қўйишига бир бахя қолганди. Андижонда эса шунга ўхшаш ҳолатда профилактика инспектори ҳалок бўлди. Агар шифокор жасорат кўрсатмаганида Бухородаги ҳолат ҳам оғир оқибатларга олиб келиши мумкин эди. Бухородаги кейсга эътибор қаратилса, ходимлар жиддий қаршиликка учраган деб ҳам бўлмайди.

Бу каби ҳолатлар хавфни баҳолаш ва унга қарши тайёр туришда ходимларда психологик ҳамда жисмоний уқув етишмаётганлигини кўрсатмоқда. Шу сабабли Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ҳузурида шахсий таркибнинг жанговар жисмоний тайёргарлигини ошириш, қурол ва махсус воситалардан тўғри фойдаланиш кўникмаларини ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилган.

Йиғилишда жисмоний тайёргарлик машғулотида ходимларнинг хизмат вазифаларини бажариш вақтида ўзини ўзи ҳимоя қилиш бўйича махсус жисмоний тайёргарлик усулларини етарли даражада ўзлаштириши зарурлигига алоҳида эътибор қаратилган. Шахсий таркиб ҳафтанинг белгиланган кунлари жисмоний тайёргарлик машғулотларига қатнашиши устидан назорат кучайтирилиб, бу борада барча даражадаги раҳбарларнинг шахсий ўрнак бўлишлари асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган.

Руслан Сабуров,
Kun.uz

Мавзуга оид