Ўзбекистон | 14:44 / 23.01.2023
17439
7 дақиқада ўқилади

Маҳаллабай агентлигида навбатдаги шубҳали тендерлар: 1-2 кунлик МЧЖлар ғолиб бўлмоқда

Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси ўтказган, умумий қиймати 4 млрд сўмни ташкил этувчи 3 та тендернинг барчасини очилганига қисқа вақт бўлган битта МЧЖ ютган. Унга учала тендерда ҳам бир хил компаниялар рақиб бўлган. Бу – агентликнинг шубҳали тендерлари билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас.

Субсидия асосида берилаётган ноутбук. Мирзо Улуғбек тумани / Фото: Маҳаллабай ишлаш агентлиги

Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси 12 декабрдан 19 декабрга қадар 3 та тендер ўтказган. Умумий қиймати 4 млрд сўмни ташкил этувчи мазкур тендерларнинг барчасида очилганига 2 ой бўлган “The Lexar” МЧЖ ғолиб деб топилган.

1-ҳолат. 1,5 млрд сўм

12 декабрдан 19 декабрга қадар компютер ва ноутбук хариди учун ўтказилган 1 млрд 505 млн сўмлик тендерда “The Lexar” МЧЖ ғолиб бўлган ва 22 декабрь куни ушбу МЧЖ билан 1 428 990 000 сўмлик шартнома тузилган.

2-ҳолат. 1,48 млрд сўм

12 декабрдан 19 декабрга қадар компютер ва ноутбук хариди учун ўтказилган 1 млрд 484 млн сўмлик иккинчи лотда ҳам “The Lexar” МЧЖ ғолиб бўлган ва 22 декабрь куни ушбу МЧЖ билан 1 408 980 000 сўмлик шартнома тузилган.

3-ҳолат. 1,2 млрд сўм

12 декабрдан 19 декабрга қадар компютер, ноутбук ва принтер хариди учун ўтказилган 1 млрд 200 млн сўмлик учинчи лотда ҳам “The Lexar” МЧЖ ғолиб бўлган ва 22 декабрь куни ушбу МЧЖ билан 1 158 970 000 сўмлик шартнома тузилган.

Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси ушбу 3 та ҳолат бўйича “The Lexar” МЧЖ билан умумий ҳисобда 4 млрд сўмлик шартнома тузган.

Давлат реестрига кўра, “The Lexar” МЧЖ 2022 йил 20 октябрь куни давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, унинг 100 фоиз улушига Расулов Жавоҳир Абдураҳмон ўғли эгалик қилади.

Эътиборлиси, юқоридаги 3 та тендернинг барчасида “The Lexar” МЧЖдан ташқари яна 2 та — “Crucial” ва “The Globall-Field” МЧЖлар ҳам қатнашган. Давлат реестрида эса ҳар икки МЧЖнинг юридик манзили сифатида битта жой – Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Лабзак кўчаси, "Шайхонтоҳур" МФЙ, 32А-уй кўрсатилган. Яъни тендерда иштирок этган ва “ютқазган” иккита МЧЖ битта манзилда жойлашган.

Бундан ташқари, “The Globall-Field” МЧЖ 2 декабрь куни давлат рўйхатидан ўтказилган. Мазкур МЧЖ тендерда қатнашиб бериш учун очилган бўлиши мумкин. Бу ҳолатлар эса тендерларда коррупцион схемалар борлиги ҳақидаги шубҳаларни янада оширади.

Бу биринчи ҳолат эмас. Kun.uz аввалроқ Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси тикув машиналари харид қилиш учун ўтказган, умумий қиймати 3,4 млрд сўмлик 4 та тендерда очилганига бир неча кун бўлган МЧЖлар ғолиб бўлганига эътибор қаратганди. Ушбу тендерларни ўрганар эканмиз, 2022 йилдаги яна бир нечта шубҳали ҳолатларга дуч келдик.

Жумладан, “Chevar san’ati” МЧЖ тендер тугайдиган куни очилган ва икки ҳафтада 4 млрд 443 млн 850 минг сўм маблағни қўлга киритган.

1-ҳолат. 1 млрд 660 млн сўм

1 августдан 8 августга қадар тикув машинаси харид қилиш учун ўтказилган, 1 млрд 660 млн сўмлик тендерда 8 август куни очилган “Chevar san’ati” МЧЖ ғолиб бўлган ва 1 млрд 655 млн 850 минг сўмлик шартнома тузилган. Яъни тендерда ғолиб бўлган фирма тендер якунланадиган куни давлат рўйхатидан ўтказилган.

2-ҳолат. 1 млрд 785 млн сўм

11 августдан 18 августга қадар тикув машинаси харид қилиш учун ўтказилган, 1 млрд 785 млн сўмлик тендерни ҳам “Chevar san’ati” МЧЖ қўлга киритган ва 1 млрд 779 млн сўмлик шартнома тузилган.

3-ҳолат. 1 млрд 10 млн сўм

12 августдан 22 августга қадар ноутбук, моноблок ва принтер харид қилиш учун ўтказилган, 1 млрд 10 млн сўмлик тендерни ҳам “Chevar san’ati” МЧЖ қўлга киритган ва 1 млрд 9 млн сўмлик шартнома тузилган.

Ушбу 3 та ҳолатдан яққол кўриниб турибдики, 8 августда очилган фирма 22 августга қадар 3 та тендерни, умумий қийматда 4 млрд 443 млн 850 минг сўм маблағни қўлга киритган.

Шунингдек, “Tikuv ustasi” МЧЖ тендер тугашига икки кун қолганда очилган ва бир ҳафтада 3 млрд 406 млн 490 минг сўм маблағни қўлга киритган.

1-ҳолат. 1 млрд 510 млн сўм

30 августдан 8 сентябрга қадар тикув машинаси харид қилиш учун ўтказилган 1 млрд 510 млн сўмлик тендерни 6 сентябр куни очилган “Tikuv ustasi” МЧЖ қўлга киритган ва 1 млрд 508 млн 490 минг сўмлик шартнома тузилган. Яъни 2 кунлик фирма ушбу тендерда ғолиб бўлган.

2-ҳолат. 788 млн сўм

31 августдан 13 сентябрга қадар тикув машинаси харид қилиш учун ўтказилган 788 млн сўмлик тендерни ҳам “Tikuv ustasi” МЧЖ қўлга киритган ва 788 млн сўмлик шартнома тузилган.

3-ҳолат. 1 млрд 110 млн сўм

31 августдан 13 сентябрга қадар тикув машинаси харид қилиш учун ўтказилган 1 млрд 110 млн сўмлик яна бир тендерни ҳам “Tikuv ustasi” МЧЖ қўлга киритган ва 1 млрд 110 млн сўмлик сўмлик шартнома тузилган.

Ушбу 3 та ҳолатда ҳам 6 сентябрда очилган фирма 13 сентябрга қадар 3 та тендерни, умумий қийматда 3 млрд 406 млн 490 минг сўм маблағни қўлга киритган.

Яна бир қизиқ ҳолат: агентликнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ўтказаётган қатор тендерларда Фарғона вилоятида фаолият юритувчи МЧЖлар ғолиб бўлмоқда. Шунингдек, Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган МЧЖ ғолиб бўлган ўринларда эса ўша МЧЖ таъсисчисининг Фарғонада фаолият юритувчи МЧЖлари борлиги ҳам турли шубҳаларни уйғотмоқда.

Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ўтказилган, солиқ тўловчиларнинг миллиардлаб маблағлари ҳақида сўз борадиган ушбу шубҳали тендерлар бўйича Бош прокуратура, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси жиддий текширув ўтказиши керак.

Мавзуга оид