Иқтисодиёт | 10:20 / 19.01.2021
7738
4 дақиқада ўқилади

Долларнинг қадри 4 йилда 30 фоизга ошган, иқтисодиётдаги улуши эса 50 фоиз атрофида

Ўзбекистон иқтисодида AҚШ доллари курси аксар ҳолларда ўсиш тенденциясини намоён қилиб келган. Масалан, 2000-йилларда 1 AҚШ доллари курси 140 сўмни ташкил этган ва 2017 йилга келиб доллар курси 23 баробар ошган.

Фото: Getty Images

Марказий банк валюта курсларининг сўмга нисбатан қийматини белгилади, бунда АҚШ доллари тарихда илк марта 10 минг 500 сўмлик чизиқдан ўтган, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Валюта либераллашуви

2017 йил 2 сентябрда президентнинг ПФ-5177 сонли «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича бирламчи чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинганди

Фармонга кўра, «юридик ва жисмоний шахсларнинг чет эл валютасини эркин сотиб олиш ва сотиш ҳамда ўз маблағларини ўзининг хоҳишига кўра эркин тасарруф этиш ҳуқуқларини рўёбга чиқаришни тўлиқ таъминлаш» бу жараёндаги биринчи устувор вазифа қилиб белгиланган.

2017 йил 1 январ ҳолатига кўра, Ўзбекистонда доллар курси 3251,06 сўмни ташкил этган бўлса, 2017 йил охирига келиб, 1 доллар – 8 120 сўм 7 тийин этиб белгиланди. Валюта конвертацияни либераллаштириш сиёсати туфайли 2017 йилда доллар курси 50 фоизга девалвация қилинди.

2017 йилдан 2021 йилгача ўсиш

Aйнан шу пайтдан бошлаб таҳлил қилинганда, Ўзбекистонда доллар курсининг 2017 йилдан то 2021 йилгача ошиб бориши қарийб 30 фоизга етган. Масалан, 2018 йил бошида бир AҚШ доллари 8139 сўмни ташкил этди. 2018 йил июн ойи охирида AҚШ доллари курси 12,3 сўмга тушди ва 7871,66 сўмни ташкил қилди. 

2018 йил ноябр ойида доллар курси 1 доллар 8277,53 сўмни ташкил этди. 2018 йил якунида доллар курси 2017 йилга нисбатан 157 сўм, 53 тийинга қимматлашди.

2019 йил бошида доллар курси 8384,94 сўмни ташкил этди. 2019 йил охирига келиб, 9510,99 сўмга тенг бўлди. 2019 йил охирида доллар курси йил бошига нисбатан кескин қимматлашди, йил давомида доллар 1126 сўм 5 тийинга ошди. Шундай қилиб, 2019 йилда доллар 2018 йилга нисбатан 1,277 сўм 49 тийинга ошди.

2020 йил бошида 1 доллар 9550,76 сўмни ташкил этди.  Бир қатор банкларда доллар олиш 10 420 – 10 450 сўмдан, сотиш 10 500 сўмдан таклиф этилди.

2020 йил охирига келиб, доллар курси йил бошига нисбатан 869-899 сўм ёки 949 сўм 24 тийинга, 2019 йилга нисбатан 989 сўм 1 тийинга қимматлашди.

2017 йилда валюта конвертацияси либераллашгач, йил охирида доллар курси 8 120 сўм 7 тийин этиб белгиланган эди. 2021 йил бошида 1 AҚШ доллари 10 473,20 сўмни ташкил қилди. Ўтган 4 йилда долларнинг сўмга нисбатан қадри 2 минг 352 сўм 5 тийинга ошган.

Кредитлардаги долларлашув

Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроевнинг айтишича, «иқтисодиётда долларлашув даражаси юқори, қарийб 50 фоиз атрофида. 2021 йилда кредитлар бўйича долларлашув даражасини 45 фоизга тушириш вазифаси қўйилган».

Аввалроқ Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги бошқарма бошлиғи (айни пайтда директор ўринбосари) Турсунбой Маҳкамов Ўзбекистон иқтисодиётида долларлашув даражасининг юқорилиги Марказий банк монетар сиёсати самарадорлигини пасайтириши, айрим ҳолларда дефолтга олиб келиши мумкинлиги ҳақида айтганди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиётининг долларлашув даражаси жуда юқори эканини ҳамма тушунмоқда, аммо валюта хатарлари орасидаги фарқни йўқотиш учун мамлакатда олтин-валюта захиралари етарли экани туфайли (2019 йил 1 январ ҳолатига 26,3 млрд АҚШ доллари) «бунга катта эътибор беришмаяпти».

Алишер Рўзиохунов
Тайёрлаган Алишер Рўзиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид