Дўрмондаги ўғрилик. Гумондор қўйиб юборилган, унга айб қийноқ йўли билан қўйилган бўлиши мумкин
Шахсини очиқламаслик шарти билан гапирган расмий манбага кўра, жабрланувчи (Танзила Норбоеванинг қизи) ўғриликда гумонланган аёлга нисбатан аризасини иш кўрилганининг эртасига қайтариб олган. Айни пайтда, Kun.uz ихтиёрига гумонланувчининг уни терговда қийноққа солишгани ҳақидаги аризаси келиб тушди.
Аввалроқ Дўрмондаги махсус қўриқланувчи уйлардан бирида ўғрилик содир этилгани ва уй Танзила Норбоевага тегишли экани хабар берилганди. Kun.uz'нинг Сенат раисига яқин расмий манбаларига кўра, ўғрилик содир этилган уй чиндан Норбоевага тегишли (давлат томонидан, Сенат раиси лавозимидаги фаолияти даври учун берилган), лекин уйда унинг ўзи эмас, қизи яшаб келаётган бўлган.
“Бу ишдан Норбоеванинг хабари бўлмаган. Шунингдек, гумонланувчига нисбатан ариза Танзила Норбоеванинг қизи томонидан ишнинг эртасигаёқ қайтариб олинган. Натижада гумонланувчи Д.Т. қамоқдан чиқариб юборилган. Пулдан ҳам воз кечилган”, – деди манба.
Kun.uz ўғирликда гумонланган энага Д.Т.нинг отаси билан ҳам боғланишга муваффақ бўлди. У қизи ҳозир чиндан уйда экани, бироқ бундан бошқа гап гапиролмаслигини айтди.
Терговда гумонланувчига нисбатан айб қийноқ йўли билан қўйилган бўлиши мумкин
Афтидан Норбоеванинг уйини ўғри уриши воқеаси бу билан тинчимайдиган кўринади. Сабаби гумондор тергов жараёнида айбни ўз зиммасига олиши учун қийноққа солинган бўлиши мумкин.
Kun.uz ихтиёрига Д.Т.нинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга 7 декабр куни ёзган аризаси келиб тушди. Унда айтилишича, Д.Т. 2022 йил 2 декабрдан бошлаб гумондор сифатида Тошкент шаҳар ИИББнинг вақтинча сақлаш хонасида ушлаб турилган. 5 декабр куни соат 6:00 ларда эса Дилмурод исмли терговчи ҳамроҳлигида вақтинча сақлаш биносининг 4-қаватига олиб чиқилган ва ўша хонада айбни бўйнига олиши учун қийноққа солинган.
“2022 йил 5 декабр куни соат 6:00ларда мени Дилмурод терговчи хонасига олиб борди. У ерда Мирзо Улуғбек туман ИИБ Жиноят қидирув бўлими ходими Бекзод келиб, Дилмуродни тергов бўлими ходими деб айтди.
Дилмуроднинг хонаси 4 қаватга олиб чиқди. У ерда менга биринчи яхши гапиришди, кейин Бекзод менга бақирди ва чап оёғимни ўзининг оёғи билан зарб билан босди. Кейин менга жисмоний машқлар қилдирди ва жисмоний зарар етказди. Елкамга, қўлимга мушт қилиб урди. Кейин менга ҳозир кийимингни еч, расмга олиб эрингга жўнатаман, деб мажбурлади. Мен улардан бу ишни қилмаслигини сўрадим. Ҳозирда касал эканимни айтдим. Кейин улар буни инобатга олиб, ўтқазишди ва қўлимга қоғоз тутқазишди. Улар менга ўғирликни бўйнингга ол, 100 доллар олган бўлсанг ҳам ёз дейишди. Улар шундай қилсам, мени чиқариб юборишларини айтишди. Мен эса пул олмаганимни айтдим. Улар шундан кейин сен билан эртага гаплашамиз, дейишди.
Менга айбимни босим ўтказиб, қийноққа солишаётган ушбу ходимларга нисбатан текширув ўтказиб, қонуний чора кўришингизни сўрайман”, – дея ўз аризасида ёзган Д.Т.
Юқоридагилар ҳолатга аввало Бош прокуратура томонидан жиддий эътибор қаратилиши зарурлигини кўрсатади. Ички ишлар вазирлиги эса хизмат текшируви ўтказиши мақсадга мувофиқ. Гумонланувчи сифатида ушланган аёлнинг процессуал ҳуқуқлари қанчалик таъминлангани ва унинг қийноқ ҳақидаги даъвоси Омбудсман томонидан ҳам ўрганилиши зарур.
Мавзуга оид
21:43 / 21.11.2024
Тошкентда подъездда қолдирилган велосипед ва коляскалар ППХ томонидан олиб кетилмоқда
19:39 / 21.11.2024
СССР тарихидаги энг йирик ўғрилик: қатл этилган амакиваччалар
13:56 / 19.11.2024
Танзила Норбоева Сенат раиси лавозимига қайта сайланди
13:10 / 17.11.2024