Қорабоғ арманлари бир кунлик жанглардан сўнг таслим бўлишмоқда. Энди нима бўлади?
Ўзини «мустақил» деб эълон қилган ва тан олинмаган Қорабоғнинг арман маъмурияти ўт очишни тўхтатиш, тўлиқ қуролсизланиш ва оғир техникаларни Қорабоғ ҳудудидан олиб чиқиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Информацион марказ баёнотида Хонканди (Степанакерт)даги айирмачилар ҳукумати Россия тинчликпарвар контингенти қўмондонлиги таклифини қабул қилишгани айтилмоқда.
«Икки кунлик қақшаткич жанглардан сўнг қуролли кучларимиз тирик куч ва ҳарбий техникада бир неча баробар устун бўлган рақибдан қаҳрамонларча ҳимояланди ва уларга талафот етказди. Афсуски, бизнинг томонимизда ҳам талафотлар ва яраланганлар бор, айрим участкаларда рақиб мудофаа кучлари позицияларига ёриб киришга, бир қатор тепаликлар ва йўлларнинг стратегик боғламларини қўлга киритишга муваффақ бўлган», — дейилади баёнотда.
Ҳарбий ҳаракатлар 20 сентябр маҳаллий вақт билан соат 13:00 дан бошлаб тўлиқ тугатилиши эълон қилинган.
Ушбу келишув доирасида «Тоғли Қорабоғ мудофаа армияси» тўлиқ қуролсизлантирилади, унга тегишли ҳарбий техникалар йўқ қилинади, Арманистон қуролли кучлари бўлинмалари эса Россия тинчликпарвар контингенти назорати остидаги зонадан чиқарилади.
Халқаро воситачилар, жумладан АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен музокаларнинг кечиктириб бўлмас босқичини ўтказишни талаб қилишмоқда, унда томонлар Қорабоғда яшовчи арманларнинг ҳуқуқлари ва хавфсизлиги билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишади.
Қорабоғнинг Озарбойжон билан интеграцияси масаласи Хонкандидан 100 км узоқликдаги Евлах шаҳарчасида 21 сентябр куни расмий Боку вакиллари билан бўлиб ўтадиган музокаралар чоғида ечилади.
Воқеалар қандай ривожланди?
Озарбойжон армияси томонидан Қорабоғда олиб борилган ҳарбий операция бир суткадан сал зиёдроқ вақт давом этди. Боку уни «аксилтеррорчилик операцияси», Ереван эса — Қорабоғ арманларини геноцид қилиш, деб атади.
Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси «маъмурияти» маълумотларига кўра, ўтган сутка ичида 27 киши, жумладан 2 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган, 150 га яқин киши яраланган.
Арманистон ҳукумати чоршанба куни 32 киши ҳалок бўлгани ва 200 дан зиёд ярадор борлиги ҳақида хабар тарқатди.
Baza маълумотларига кўра, бир сутка давом этган жангларда тан олинмаган Қорабоғ республикасининг 2,5 минг кишилик армиясидан минг нафари йўқ қилинган. Озарбойжон армияси 60 минг кишилик аскарлар билан жангга киришган. Қорабоғ айирмачиларининг ўқ-дорилари тугаб қолган.
Ўтган тунда тинч аҳоли вакилларидан мингга яқин киши фронт чизиғига яқин аҳоли пунктларидан эвакуация қилинган. РФ мудофаа вазирлиги эвакуация ишлари билан россиялик тинчликпарвар кучлар шуғулланганини таъкидлади.
Озарбойжон токи ҳудуддаги арман аҳолиси Боку назоратига ўтмагунча ҳарбий ҳаракатларни давом эттириш қитъиятига содиқ эканини намойиш этди.
2020 йилда 44 кун давом этган Иккинчи Қорабоғ урушида Озарбойжон Қорабоғнинг катта қисмини ўз назорати остига қайтариб олган эди, бироқ айрим туманлар арманларда қолиб кетганди. Боку ҳудудда тўлиқ назорат ўрнатиш учун курашиб келаётганди.
Озарбойжон мудофаа вазирлигининг чоршанба куни эрталаб берган баёнотида Қорабоғ ҳудудидаги Арманистон қуролли кучларининг ҳарбий техникаси, жумладан артиллерия ва зенит-ракета қурилмалари тўлиқ «нейтраллаштирилгани» айтилган.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Бокуни ўт очишни тезда тўхтатишга чақирган.
Европа Иттифоқи расмийлари ҳам Қорабоғдаги эскалацияни қоралаган.
Озарбойжоннинг ҳаракатларини Туркия қўллаб-қувватлаган.
«Энди Қорабоғ — Озарбойжон ҳудуди эканини ҳамма тан олади. Бошқа статусни тиқиштириш ҳеч қачон қабул қилинмайди. Биз Озарбойжон томонидан ташланаётган қадамларни қўллаймиз, биз ўз ҳудудий яхлитлигимизни ҳимоя қилиш учун «бир миллат, икки давлат» шиори остида ҳаракат қиламиз», — деган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған БМТ минбаридан туриб.
Еревандаги тартибсизликлар, Хонкандидаги саросима
Сешанба оқшомида Ереванда минглаб одамлар Арманистон ҳукуматидан Қорабоғ арманларини ҳимоя қилиш бўйича қатъийроқ чоралар кўришни талаб қилиб тўпланган.
Уларнинг айримлари бир суткадан буён кўчаларни тарк этмаяпти. Ҳукумат биноси олдида полиция билан тўқнашувлар юз берди. Жабрланганлар бор.
Арманистон бош вазири Никол Пашинян Бокунинг ҳаракатларини «этник тозалаш» деб атади, бироқ кўпчилик арманларнинг наздида ҳукумат буни тўхтатиш учун ҳеч қандай чора кўрмаяпти.
Намойишчилар Пашинянни «хоин» деб атаб, унинг истеъфосини талаб қилишди.
Хонкандини пойтахт қилган арман айирмачилари ҳукумати чоршанба куни ҳали қуролсизланиш тўғрисидаги қарор қабул қилишдан аввал ўз аҳолисини Озарбойжоннинг ҳарбий тажовузидан қочмасликка чақирган.
«Ҳозирги вазиятда бу керак эмас, шунчаки хавфсизлик қоидаларига риоя қилиб, ертўлалар ва бомбапаналарда жон сақланглар», — дейилади Хонканди «мэри» баёнотида.
Гувоҳларнинг хабар беришича, шаҳарда аҳоли саросимага тушиб қолган.
Можаро тарихи
Сўнгги бир неча йил ичида Қорабоғнинг арманлар истиқомат қиладиган туманлари блокада шароитида яшаб келишаётган эди.
2022 йил декабрида озарбойжонлик фаоллар томонидан Қорабоғ ва Арманистонни боғловчи ягона йўл — Лочин йўлаги тўсиб қўйилганидан сўнг вазият кескин ёмонлаша бошлади.
Ўтган йил баҳорида Озарбойжон томони Лочин йўлагида расмий назорат ўтказиш пункти ҳам ўрнатди, шундан сўнг ҳудуддаги вазият янада кескинроқ тус олди: Қорабоғдаги дўконлар пештахталари бўшаб қолди. Озиқ-овқат ва ёнилғи тақчиллиги бошланди.
Умуман, Қорабоғ можароси узоқ 1988 йилга бориб тақалади.
Кўплаб турли партизанлик тўқнашувларидан ташқари ҳудуд иккита катта урушни бошдан кечирган — арманларнинг қўли баланд келган Биринчи Қорабоғ уруши (1992–1994) ва Озарбойжон ғалаба қозонган Иккинчи Қорабоғ уруши (2020).
Расман Қорабоғ Озарбойжоннинг ҳудуди ҳисобланади. Бироқ Арманистон замонавий чегаралардаги Озарбойжон пайдо бўлишидан аввал ушбу ҳудудда этник арманлар асрлар оша яшаб келганини асос қилиб, бу ҳудудга эгалик қилишга ҳақли эканини даъво қилиб келади.
Мавзуга оид
00:59 / 21.11.2024
Озарбойжон 2025 йилги мудофаа харажатларини оширади
21:21 / 14.11.2024
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларациясини энг катта муаммо ва фожиа деб атади
14:26 / 13.11.2024
БМТ суди: Арманистон ва Озарбойжоннинг даъволари бизнинг юрисдикциямизда
17:29 / 12.11.2024