20:16 / 20.02.2024
13794

Ўзбекистон Россиядан газ импортини ошириш учун 500 млн доллар ажратмоқчи

Ўзбекистон ҳукумати Россиядан газ импорт қилиш тизимини модернизация қилиш учун 500 млн доллар ажратишни режалаштирмоқда. Мақсад – кунлик табиий газ қабул қилиш ҳажмини 9 млн куб метрдан 32 млн куб метргача ошириш.

Фото: Bloomberg

“Ўзтрансгаз” шимолдан импорт қилинадиган табиий газни қабул қилиш ҳажмини ошириш бўйича магистрал газ тизимини модернизация қилиш дастурини амалга оширади. Бу – ҳукуматнинг “2024 йил I чорагига мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган.

Қайд этилишича, 2024–2030 йилларда бажарилиши назарда тутилган биринчи босқичда табиий газ қабул қилишни кунига 32 млн куб метрга етказиш кўзда тутилган. Лойиҳани хорижий кредитлар ҳисобидан молиялаштириш режалаштирилган.

Шунингдек, республика магистрал газ узатиш тизимини модернизация қилиш ва самарадорлигини ошириш дастурини амалга ошириш дастури (2021-2024 йиллар) ҳам давом эттирилади. Умумий қиймати 483 млн доллар бўлган лойиҳа 511 км магистрал газ қувурлари ва 10 та газ насос агрегатини модернизация қилишни кўзда тутади.

Маълумот учун, 2023 йилнинг 7 октябр куни Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия президентлари Москвада ўтган тадбирда рус газини Қозоғистон орқали Ўзбекистонга етказиб бериш жараёнига старт берганди. Бунинг учун 1960 йилларда Туркманистон ва Ўзбекистондан Россияга газ узатиш учун қурилган “Ўрта Осиё – Марказ” номли магистрал тармоқ тескари ишлашга мослаштирилди.

“UzGasTradе” ва “Газпром экспорт” ўртасидаги тижорий шартнома 2 йил муддатга тузилган бўлиб, кунига 9 млн кубметр, йилига эса қарийб 2 млрд 800 млн кубметр табиий газ харид қилишни назарда тутади.

Шундан сўнг, Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистон томони “Газпром” билан ўрта ва узоқ муддатли шартнома муҳокамасини ҳам бошлаб юборгани ҳақида маълум қилганди.

Top