Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Музокараларга қайтган Нетаняҳу, Хитой кафиллигини хоҳламаётган Украина ва Ғарбдан адолат талаб қилган Жапаров – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Нетаняҳу музокараларни дарҳол бошлашга буйруқ берди
Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу пайшанба куни Исроил Ғазода ушлаб турилган барча гаровдагиларни озод қилиш ва қарийб икки йилдан бери давом этаётган урушни тугатиш бўйича музокараларни дарҳол қайта бошлашини айтди. Бу Нетаняҳунинг Ҳамас қабул қилган вақтинчалик сулҳ таклифига биринчи муносабати бўлди.
Исроил-Ғазо чегараси яқинида аскарларга мурожаат қиларкан, Нетаняҳу ўзининг Ҳамасни тор-мор қилиш ва секторнинг юраги бўлган — Ғазо шаҳрини қўлга киритиш режасига қатъий бел боғлаганини айтди.
«Шу билан бир вақтда мен барча гаровдагиларимизни озод қилиш ва урушни тугатиш бўйича музокараларни дарҳол бошлашга буйруқ бердим. Албатта, бу Исроил учун мақбул шартларда бўлади», деди Нетаняҳу. Унинг қўшимча қилишича, Исроил ҳозир қарор қабул қилиш босқичида.
Исроил кучлари аллақачон ҳужумларни кучайтирган, сўнгги 10 кун ичида танклар Ғазо шаҳрига яқинлашгани сайин минглаб фаластинликлар уйларини тарк этишга мажбур бўлган.
Ҳамас эса ҳафтанинг бошида Қатар ва Миср воситачилигида ишлаб чиқилган сулҳ таклифига розилик берганини айтганди. Агар Исроил буни қабул қилса, ҳужумнинг олди олиниши мумкин.
Ҳозирги таклифга кўра, 60 кунлик сулҳ ва Ғазода Ҳамас қўлида бўлган 10 нафар тирик асир ҳамда 18 жасад озод қилиниши кўзда тутилмоқда. Бунинг эвазига Исроил тахминан 200 фаластинлик маҳбусни қўйиб юборади. Вақтинчалик сулҳ бошлангач, Ҳамас ва Исроил қолган асирларни қайтариш ҳамда доимий сулҳ бўйича музокараларни бошлаши режалаштирилган.
Сиёсий шарҳловчи Марвон Бишара Нетаняҳунинг «Ғазо шаҳрига ҳужум авжида бўлганида сулҳ музокараларини қайта бошлаш ҳақидаги эълони»ни — «ўт остида музокара» деб атади. «Энди барча шартларни Исроил белгилаяпти. У ҳеч кимни тингламаяпти. Вашингтондан тўлиқ ‘яшил чироқʼ олган», деди у.
Тонгдан бери Ғазо бўйлаб Исроил ҳужумларида камида 48 фаластинлик ҳалок бўлди. Улардан 16 нафари GHF ёрдам тарқатиш нуқталарида отиб ташланган охирги қурбонлар эди. Шу билан бирга, сўнгги 24 соат ичида Ғазода яна икки киши очликдан ҳалок бўлди, деб хабар қилди Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги. Бу эса уруш бошланганидан бери Исроил сабабли очликдан ўлган фаластинликлар сонини 271 нафарга етказди. Улардан 112 нафари болалар.
Россия-Украина уруши
Украина президенти Володимир Зеленский Киев Хитойни урушдан кейин Украина хавфсизлигига кафил давлатлар қаторида кўрмаётганини айтди. «Нега Хитой кафил бўлолмайди? Биринчидан, Хитой аввалбошдан бизга бу урушни тўхтатишда ёрдам бермади. Иккинчидан, Хитой дронлар бозорини очиб, Россияга ёрдам берди», – деди Украина президенти.
Шу билан бирга, Зеленский АҚШ томонидан «кучли» хавфсизлик кафолатлари мавжуд бўлган тақдирда Украинанинг НАТОга қўшилишини мажбурий деб ҳисобламаслигини маълум қилди.
Ғарб ОАВларининг ёзишича, ҳозирда Украина учун эҳтимолий кафолатларнинг тўртта турини ажратиб кўрсатиш мумкин: Украина ҳудудида хорижий қўшинларни тўлиқ жойлаштириш, фақат мамлакат ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш, НАТО низомининг бешинчи моддаси бўйича келишув ҳамда АҚШ ва Япония ўртасидаги ҳамкорликка ўхшаш янги мудофаа альянсини тузиш.
Россия очиқчасига қарши бўлган ягона вариант – Украина ҳудудида хорижий ҳарбий контингент жойлаштирилиши. Буни Путин ҳам, Россия ТИВ ҳам бир неча бор такрорлаган.
The Guardian нашри ўз манбаларига таяниб ёзишича, АҚШ президенти Доналд Трамп Украина ва Россияга унинг иштирокисиз икки томонлама мулоқот қилиш имкониятини берган.
«Трамп Владимир Путин ва Володимир Зеленский ўртасидаги учрашувни кейинги босқич деб ҳисобламоқда. АҚШ етакчиси икки томонлама музокаралар якунидан келиб чиқиб уч томонлама учрашув ўтказиш имкониятини кўриб чиқади», деган нашр. Politico нашри эса Зеленский билан яккама-якка учрашув ўтказишни Путин илтимос қилганини ёзмоқда.
Эрон кенг кўламли ҳарбий машғулотларни бошлади
Эрон Исроил билан 12 кунлик урушдан сўнг, биринчи марта кенг кўламли ҳарбий машғулотлар ўтказмоқда. Эрон ҳарбийлари эълон қилган видеода ҳарбий-денгиз кучлари кемалари Уммон кўрфази ва Ҳинд океанидаги денгиз нишонларига ракеталар учираётганини кўриш мумкин. «Сабалан» ракета крейсери ва Ганавеҳ эсминеци «Наср» қанотли ракеталарини учириб, нишонларга муваффақиятли зарба берди. Шунингдек, кемаларга қарши «Қодир» ракетаси синовдан ўтказилди.
Euronewsʼнинг ёзишича, «Барқарор куч 1404» деб номланган машғулотлар яқинда якунланган можаро фонида бўлиб ўтмоқда. Манёврларда сувусти ва сувости кемалари, авиация, қирғоқ ва денгиз ракета тизимлари, шунингдек, Ҳинд океани шимолий қисми ва Ўмон кўрфазидаги радиоэлектрон кураш бўлинмалари иштирок этмоқда.
Эроннинг 18 мингга яқин ҳарбий-денгиз кучлари Бандар-Аббос портида жойлашган бўлиб, Ўмон кўрфази, Ҳинд океани ва Каспий денгизи ҳавзасини назорат қилади. Форс кўрфази ва Ҳурмуз бўғози эса Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси назорати остида бўлади.
Эрон мудофаа вазири бригада генерали Азиз Носирзоданинг таъкидлашича, мамлакат ўз қуролли кучларини душманнинг эҳтимолий тажовузкор ҳаракатларини самарали қайтаришга қодир янги ракеталар билан таъминлаган.
Садир Жапаров Трамп ва Стармерга мурожаат қилди
Қирғизистон президенти Садир Жапаров Буюк Британия ва АҚШ ҳукуматлари томонидан айрим қирғиз банкларига нисбатан жорий этилган санкциялар юзасидан изоҳ берди. Унинг айтишича, Қирғизистон банклари Ғарбнинг Россияга қарши чекловларини четлаб ўтишда иштирок этганига оид ҳеч қандай далил йўқ ва бундай чораларни Ғарб мамлакатлари томонидан иқтисодиётнинг сиёсатлаштирилиши деб баҳолади.
«Январда АҚШ «Керемет Банк»ка қарши санкция жорий қилди, гўёки у чекловларни четлаб ўтишда иштирок этаётган эмиш. Аммо улар буни тасдиқлайдиган бирорта ҳам факт келтира олишмади. Ва келтира олишмайди ҳам, чунки бундай фактлар мавжуд эмас», — дея Жапаровнинг сўзларини келтирмоқда Кабар агентлиги.
Президент таъкидлашича, Қирғизистонда 21 та банк фаолият юритмоқда ва барча банклар санкция остига тушмаслиги учун фақат давлатга қарашли «Керемет Банк» рублда операциялар олиб боради. Эндиликда рублдаги операцияларни Молия вазирлиги назоратидаги «Капитал Банк» ҳам амалга оширади. Жапаровнинг айтишича, бу қарор Россияда ишлаётган ва ҳар куни Қирғизистонга миллиардлаб рубль юборадиган меҳнат муҳожирлари учун қабул қилинган.
«Энди эса, худди «Керемет Банк» сингари, Буюк Британия ҳам «Капитал Банк»ка қарши санкция жорий қилмоқда. Яна ҳеч бир далилсиз. Фақат шубҳаларга асосланиб. Бу мени ўйлантиради: балки бу Қирғизистон иқтисодиёти тез суръатларда ривожланаётгани билан боғлиқдир? Чунки йирик давлатлар бошқа мамлакатларнинг тез ривожланишидан манфаатдор эмас», — деди Жапаров.
У Доналд Трамп ва Кейр Стармерга мурожаат қилиб, иқтисодиётга сиёсат аралаштирилмаслигини ва ўтган йили Евроиттифоқнинг ўзи ҳам Россия билан 100 миллиард доллардан кўпроқ савдо қилганини эслатган.
«Сиз намоён қилаётган муносабат адолатсиз. Биз иқтисодиётни ўз кучимиз билан кўтаряпмиз. Бундай қадамларни мамлакат ички ишларига аралашув деб қабул қилиш мумкин», дейди Жапаров.
21 давлат Исроилни Ғарбий соҳилда посёлкалар қуришни тўхтатишга чақирди
Пайшанба куни 21 та давлат Исроилнинг Фаластинда босиб олинган Ғарбий Соҳилда минглаб янги уйлар қуриш режасини қоралаб, «E1 посёлка» режасини халқаро ҳуқуқнинг бузилиши деб атади.
Қўшма баёнотда Канада, Франция, Италия, Япония, Нидерландия, Буюк Британия каби ўнлаб давлатлар ташқи ишлар вазирлари, шунингдек Евроиттифоқ бош дипломати - Исроилни уни дарҳол бекор қилишга чақирди.
Исроил ОАВларига кўра, молия вазири Бетсалел Смотриш Қуддус шарқидаги Ма'але Адумим ҳамда унинг ҳудудларида 7 мингга яқин уйлар қуришни маъқуллаган. Лойиҳа Ғарбий Соҳилни икки қисмга бўлиб ташлаш, шимолий ва жанубий шаҳарлари ўртасидаги алоқаларни узиш ҳамда Шарқий Қуддусни изоляция қилишни мақсад қилган.
Смотришнинг айтишича, бу режа ҳар қандай келажакдаги Фаластин давлатини иккига бўлиб, Шарқий Қуддусга фаластинликларнинг киришини чеклаб, «икки давлатли ечим»ни имконсиз қилади.
«Аслида бу — хавфсизликни заифлаштиради, зўравонлик ва беқарорликни янада кучайтиради ва бизни тинчликдан узоқлаштиради», дейилади бунга қарши давлатлар баёнотида.
Улар Тел-Авивда бу режани «зудлик билан қайтариб олиш»га чақирди. «Исроил ҳукумати БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2334-сонли резолюциясига мувофиқ посёлка қурилишини тўхтатиши ва Фаластин маъмуриятининг молияси бўйича қўйилган чекловларни олиб ташлаши лозим», дейилади баёнотда.
Мавзуга оид
13:59 / 27.12.2025
Ғарбий соҳилдаги зўравонлик, Хитойнинг АҚШ компанияларига санкцияси ва Беларусга жойлаштирилган «Орешник»лар – кун дайжести
14:35 / 26.12.2025
Нигерияда ИШИДга зарба берган АҚШ, украиналикларнинг Путинга «тилаги» ва Килиманжарода қулаган вертолёт – кун дайжести
14:59 / 25.12.2025
Исроилга қарши даъвога қўшилган Белгия, Кимнинг атом сувости кемаси ва Москва осмонидаги дронлар – кун дайжести
14:02 / 24.12.2025