Жамият | 17:04 / 17.08.2022
46721
4 дақиқада ўқилади

Қашқадарёлик эркак нега ўзига ўт қўйди?

Қарши шаҳрида яшовчи фуқаро устига бензин қуйиб, ўзини ёқиб юборди. У уйи яқинидаги терини қайта ишлаш корхонасидан чиқаётган ҳид болаларини касал қилаётгани, давлат ташкилотларига мурожаатлари фойда бермаётгани, корхона раҳбари уни қаматиб юбориш билан таҳдид қилганини айтмоқда. Kun.uz мухбири танасининг ярми куйган эркак, унинг аёли ва шифокор билан суҳбатлашди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Қарши шаҳрида терини қайта ишлаш корхонасидан чиқаётган нохуш ҳид сабаб корхона яқинида яшовчи эркак ўзига ўт қўйди. Kun.uz мухбири воқеага сабаб бўлган омиллар ва эркакнинг ҳозирги ҳолатини билиш мақсадида Қашқадарё вилоятида бўлди.

Алишер Раҳмонов Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалига олиб келинган, айни вақтда шифохонанинг жонлантириш бўлимида.

У биз билан суҳбатда то ўзига ўт қўйгунча бўлган жараёнда корхона фаолиятидан норозилигини билдириб, кўплаб ташкилотларга мурожаат қилгани, бироқ натижа бўлмаганини айтди.

Раҳмоновнинг айтишича, у «Qarshi Leather» МЧЖ раҳбарлари билан бир неча маротаба суҳбатлашишга ҳаракат қилган, бироқ унга қўпол муомала қилишган. Вазиятни ўрганиш учун келган масъул ташкилотларни ҳам кўпинча эшикдан киргизишмаган. Масала шу даражага бориб етганки, арз ва шикоятлари сабаб корхона раҳбари Раҳмоновни қаматиб юбориш билан босим ўтказганини айтмоқда.

Алишер Раҳмонов гарчи тирик қолган бўлса-да, ўзига ўт қўйганидан афсусда эканини билдирди. Уч нафар ёш боласи борлиги, уларнинг ҳолати, дори-дармонлар ва шифохонадан чиққандан сўнг ҳам бир умрга оғир асоратлар сақланиб қолишидан хавотирда эканини маълум қилди.

Беморнинг турмуш ўртоғи Манзура Раҳмонова ҳам ўша куни унинг ёнида бўлган. Аёл эрининг ўзига ўт қўйиш нияти борлигидан бехабар бўлганини билдирди.

Раҳмонова ҳам эрининг гапларини тасдиқлаб, нохуш ҳид сабабли уйларига меҳмон келмаслиги, фарзандларида аллергик касаллик борлиги ва тарқалаётган қўланса ҳид уларнинг соғлиғига салбий таъсир қилаётганини айтди.

Навбатчи шифокор Миржаҳон Қамбаров беморнинг танаси 45-50 фоизга куйганини маълум қилди. Унинг айтишича, Раҳмонов 15 август куни олиб келинган вақтда аҳволи ўта оғир бўлган. Муолажалар беморга қандай таъсир қилишига қараб, ўртача 7-10 кун давомида у жонлантириш бўлимида қолади.

Раҳмонов билан боғлиқ ҳолат ижтимоий тармоқларда тарқалгач, вилоят Экология бошқармаси муносабат билдирди. Унга кўра, аҳоли норозилигига сабаб бўлаётган “Qarshi Leather” МЧЖ аввалдан экологик талабларни бузиб келган.

Бундан бир йил аввал бу корхона фаолияти вақтинча тўхтатилгани ҳам хабар қилинганди. Ўшанда аҳоли вакиллари агар атроф-муҳитга қўланса ҳид чиқмаса, корхонанинг фаолият юритишига қарши эмаслигини билдирган. Шундан сўнг корхонадан чиқаётган ишлаб чиқариш оқова сувлари ташланадиган коллектор масъуллар томонидан кўздан кечирилган. Ўрганишда ҳолат яхши эмаслиги аниқланиб, аҳолининг яшаш тарзига, атроф-муҳитга салбий таъсири борлиги сабабли вақтинча МЧЖ томонидан 17 километр масофадаги канализация қувури ўтказилгунча корхона фаолияти тўхтатилган.

Сўнгги воқеалар шуни кўрсатмоқдаки, корхона фаолияти билан боғлиқ муаммолар ўтган вақт давомида бартараф этилмаган ва ён-атрофга тарқалаётган қўланса ҳид ҳозирга қадар аҳолини безовта қилмоқда.

Қашқадарё вилояти Экобошқармаси бу корхона фаолияти ваколатли идоралар иштирокида тезкор ўрганилиши ва қўшимча маълумот берилишини маълум қилган.

Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов

Мавзуга оид