Ўзбекистон | 22:24 / 22.07.2024
21107
3 дақиқада ўқилади

ЙҲХХнинг янги бошлиғи ашаддий ҳуқуқбузарларга қарши муросасиз курашишга ваъда берди

Шерзод Ибрагимовнинг сўзларига кўра, аварияларнинг асл омилларини илмий жиҳатдан ўрганиш ва комплекс бартараф этиш, таълим муассасалари олди, ҳодисалар ўчоқлари ва пиёдалар ўтиш жойларида хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, ашаддий ҳуқуқбузарларга қарши муросасиз курашиш – ЙҲХХнинг долзарб вазифасига айланади.

Ибрагимовнинг мурожаати “Ўзбекистон 24” телеканалида эълон қилинди.

ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг янги тайинланган бошлиғи Шерзод Ибрагимов аҳолига мурожаат билан чиқди.

Ибрагимовнинг сўзларига кўра, давлат раҳбари томонидан автомобил йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш мақсадида янги-янги ўзгаришларни амалга ошириш бўйича улкан вазифалар қўйилган.

ЙҲХХ бошлиғи бу вазифаларни бажариш учун янги имконият ва шароитлар ҳам яратиб берилганини қайд этди.

21 июлдан Ўзбекистонда “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги янги қонун кучга кирди (январ ойида имзоланган). Шерзод Ибрагимовнинг айтишича, бу қонун соҳа ва давлат органлари зиммасига қатъий масъулиятни юклайди ва сифат жиҳатдан янги механизмларни ўрнатади.

“Президентимиз томонидан қонунлар қоғозда эмас, амалда қатъий бажарилиши, ислоҳотлар ҳар бир хонадон, ҳар бир маҳаллага кириб бориши, юртдошларимиз уларнинг амалий самарасини кундалик ҳаётида доимо ҳис қилиши зарурлигига муҳим эътибор қаратилмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда, уларнинг амалиётга татбиқ қилинишини таъминлаш мақсадида, йўл ҳаракати иштирокчиларининг “пиёда – жамоат транспорти – велотранспорт – автотранспорт” устуворлиги асосида хавфсиз ҳаракатланиши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг асосий йўналишларидан бири этиб белгилаб олинди”, – деди у.

“Ҳайдовчилар ва пиёдаларда йўл ҳаракати қоидаларини ҳурмат қилиш ва уларга сўзсиз риоя этиш маданиятини юксалтириш, аҳоли уларни бузмаслик иммунитетини шакллантириш, аварияларнинг асл омилларини илмий жиҳатдан ўрганиш ва комплекс бартараф этиш, таълим муассасалари олди, ҳодисалар ўчоқлари ва пиёдалар ўтиш жойларида ишончли, хавфсиз тизимни яратиш, шунингдек, ашаддий ҳуқуқбузарларга қарши муросасиз курашиш – бизнинг долзарб вазифамизга айланади”, – дея ваъда берди Шерзод Ибрагимов.

ЙҲХХнинг янги бошлиғи йўллардаги хавфсизликни таъминлаш, автоҳалокатларнинг олдини олиш барчанинг бурчи эканини таъкидлаб, қоидабузарликларга қарши ҳамкорликда курашишга чақирди.

“Сиз йўлларда ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларингизни тўлиқ ифода қилиш билан нафақат қонунга итоат қилишингизни билдирасиз, балки атрофдагилар учун йўл ҳаракати қоидалари тарғиботини ҳам амалга оширган бўласиз”, – деди соҳа раҳбари.

Унинг қўшимча қилишича, йўл ҳаракати соҳасида қилинаётган ишлар ва янгиликлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилиши режа қилинган. Анжуман вақти ва манзили бўйича қўшимча маълумот берилади.

“Ҳурматли ҳамюртлар! Уйдан чиққан ҳар қандай инсон борки, қоидаларга амал қилиб, оиласи бағрига соғ-саломат қайтиши насиб этсин. Бу хайрли ишга ҳаммамиз ўз ҳиссамизни қўшайлик”, – дея ўз мурожаатини якунлаган полковник Шерзод Ибрагимов.

Мавзуга оид