ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг янги тайинланган бошлиғи Шерзод Ибрагимов аҳолига мурожаат билан чиқди.
Ибрагимовнинг сўзларига кўра, давлат раҳбари томонидан автомобил йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш мақсадида янги-янги ўзгаришларни амалга ошириш бўйича улкан вазифалар қўйилган.
ЙҲХХ бошлиғи бу вазифаларни бажариш учун янги имконият ва шароитлар ҳам яратиб берилганини қайд этди.
21 июлдан Ўзбекистонда “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги янги қонун кучга кирди (январ ойида имзоланган). Шерзод Ибрагимовнинг айтишича, бу қонун соҳа ва давлат органлари зиммасига қатъий масъулиятни юклайди ва сифат жиҳатдан янги механизмларни ўрнатади.
“Президентимиз томонидан қонунлар қоғозда эмас, амалда қатъий бажарилиши, ислоҳотлар ҳар бир хонадон, ҳар бир маҳаллага кириб бориши, юртдошларимиз уларнинг амалий самарасини кундалик ҳаётида доимо ҳис қилиши зарурлигига муҳим эътибор қаратилмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда, уларнинг амалиётга татбиқ қилинишини таъминлаш мақсадида, йўл ҳаракати иштирокчиларининг “пиёда – жамоат транспорти – велотранспорт – автотранспорт” устуворлиги асосида хавфсиз ҳаракатланиши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг асосий йўналишларидан бири этиб белгилаб олинди”, – деди у.
“Ҳайдовчилар ва пиёдаларда йўл ҳаракати қоидаларини ҳурмат қилиш ва уларга сўзсиз риоя этиш маданиятини юксалтириш, аҳоли уларни бузмаслик иммунитетини шакллантириш, аварияларнинг асл омилларини илмий жиҳатдан ўрганиш ва комплекс бартараф этиш, таълим муассасалари олди, ҳодисалар ўчоқлари ва пиёдалар ўтиш жойларида ишончли, хавфсиз тизимни яратиш, шунингдек, ашаддий ҳуқуқбузарларга қарши муросасиз курашиш – бизнинг долзарб вазифамизга айланади”, – дея ваъда берди Шерзод Ибрагимов.
ЙҲХХнинг янги бошлиғи йўллардаги хавфсизликни таъминлаш, автоҳалокатларнинг олдини олиш барчанинг бурчи эканини таъкидлаб, қоидабузарликларга қарши ҳамкорликда курашишга чақирди.

















