Ўзбекистон | 21:24 / 25.02.2019
8956
9 дақиқада ўқилади

Бухоро декларацияси: Зиёрат туризми халқаро форуми якунлари

Бухорода ўтказилган Зиёрат туризми бўйича I Халқаро форум ўз ишини якунлади. Мазкур форум Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатнинг халқаро майдондаги зиёрат туризми бўйича мавқеини ошириш мақсадида ўтказилди. Тадбир Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси, Ўзбекистон мусулмонлар идораси, "Вақф" хайрия жамғармаси, Ташқи ишлар вазирлиги, Бухоро вилояти ҳокимлиги, ISESCO (Таълим, илм-фан ва маданият бўйича ислом ташкилоти) ва UNWTO (Бутунжаҳон туристик ташкилоти) ҳамкорлигида ташкил этилди.

Фото: Камиль Еникеев

Икки томонлама учрашувлар

Фото: Камиль Еникеев

Зиёрат туризми бўйича I Халқаро форум доирасида Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов хорижий мутахассислар билан қатор икки томонлама учрашувлар ўтказди. Жумладан, Татаристон Республикаси Бош вазир ўринбосари Васил Шайхразиев, Деҳли марказий масжиди бош имоми Саид Бухорий, Миср Вакиллик палатасининг Ижтимоий ҳамдардлик, оила ва ногиронлар қўмитаси раиси Абдулҳадий Ал-Касабий, MATTA (Малайзия туристик компаниялар ва туроператорлар уюшмаси) вице-президенти Оқил Юсуф, Gunadarma университети реактори, Ўзбекистоннинг Индонезиядаги туристик бренд элчиси Эко Шри Маргианти ва Tri Ways Traveland Tour (Сингапур) халқаро компанияси бош менежери Аҳмад Ҳамид билан музокаралар ўтказилди.

Икки томонлама учрашувлар давомида мамлакатнинг туристик имкониятлари ва салоҳияти тарғиботига йўналтирилган ҳамкорлик масалалари ва қўшма лойиҳалар муҳокама қилинди. Шунингдек Ўзбекистоннинг ислом оламида зиёрат туризмининг энг йирик марказларидан бири сифатида халқаро эътироф этилиши масаласига урғу берилди.

"Имом Ал-Бухорий, Имом Ат-Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Бурҳониддин Марғиноний каби ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк алломалар, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Маҳмуд Замахшарий, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи каби жаҳон илм-фани тарихида ўчмас из қолдирган олим ва мутафаккирларнинг ватани сифатида Ўзбекистон замини бутун дунёдан ислом цивилизациясининг муҳим марказларидан бири сифатида сайёҳларни чорлаб келмоқда. Сўзимизнинг яққол далили сифатида бир неча асрлардан буён ислом маданияти пойтахти сифатида намоён бўлиб келган “Қуббатул Ислом” - Бухоро шаҳри Ислом ҳамкорлиги ташкилоти Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ISESCO) томонидан Бухоро бошқа шаҳарлар қаторида Ислом маданиятининг пойтахти деб эълон қилинганлигини таъкидлаш жоиз", - деди Бош вазир ўринбосари.

Бухоро декларацияси

Фото: Камиль Еникеев

Халқаро форум доирасида Ўзбекистоннинг зиёрат туризм марказларидан бири сифатида тан олинишига доир Бухоро декларациясини имзолашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда вазирлик ва идоралар, халқаро тоифадаги меҳмонлар ва тадбир иштирокчилари, шу билан бирга, маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Таъкидлаш жоизки, Бухоро декларациясининг имзоланиши Ўзбекистон тарихидаги муҳим ҳодисадир. Экспертларнинг фикрича, бу ҳужжатнинг имзоланиши республикада сайёҳлик инфратузилмасининг ривожланишига ва умуман туристик оқимнинг янада кўпайишига кучли туртки беради.

Ҳамкорлик меморандуми

Бундан ташқари, форум доирасида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Миллий PR-марказ ҳамда Малайзия турагентликлари ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Фото: Камиль Еникеев

Меморандум туристик компаниялар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, туризм соҳасидаги ишчи ва инвестицион алоқаларни кенгайтириш, шунингдек икки мамлакат сайёҳлар сонини оширишни кўзда тутади.

Мемориал ёдгорлик

Фото: Камиль Еникеев

Россия муфтийлар кенгаши матбуот хизматида хабар берилишича, Бухородаги форум доирасида Мир Араб мадрасасида татар олими ва маърифатпарвари Шигабуддин Маржоний шарафига мемориал ёдгорликнинг очилиш маросими бўлиб ўтган.

Шу билан бирга, Зиёрат туризми бўйича илк халқаро форум майдонида Россия муфтийлар кенгаши раиси Рушан Аббасов ва Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ўртасида учрашув ўтказилган. Томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ва хусусан, зиёрат туризми бўйича ҳамкорликни чуқурлаштириш истагини билдиришган.

Ўзбекистоннинг Малайзиядаги зиёрат туризми элчиси

Фото: Камиль Еникеев

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматидан олинган маълумотларга кўра, Перлис штати муфтийси Моҳд Асрий бин Зайн-ул Обиддин Ўзбекистоннинг Малайзиядаги зиёрат туризми бўйича элчиси этиб тайинланди. Бухородаги халқаро форум доирасида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Абдулазиз Аккулов унга тегишли сертификатни топширди.

Моҳд Асрий бин Зайн-ул Обиддин ислом теологияси бўйича докторлик мақомига эга бўлиб, Малайзиянинг кўзга кўринган ислом арбоби ҳисобланади. У узоқ вақт Оксфорд университетининг Ислом тадқиқотлари маркази, Уэльс университети, Малайзия илмий университетида педагоглик қилган.

Зиёрат туризми элчиси Facebook ижтимоий тармоғида 1,1 миллион фолловерга эга бўлиб, ўз саҳифасида Ўзбекистоннинг зиёрат туризми бўйича тарғибот ишларини олиб боради. Шунингдек Ўзбекистонга туристик гуруҳларни шакллантиришга доир ишларни ҳам олиб боради, гуруҳ таркибидан Малайзиянинг ислом бўйича олимлари ҳам ўрин олади. Яқин орада Куала-Лумпурда "Янги Ўзбекистон: ислом олимлари ватани" мавзуидаги семинар ўтказиш режалаштирилган.

Матбуот анжумани

Тадбир доирасида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди. Саволларга Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Абдулазиз Аккулов, унинг ўринбосари Улуғбек Қосимхўжаев жавоб беришди. Анжуман давомида саволлар билан бир қаторда қизиқарли таклифлар ҳам берилди. Таклифлардан бири Бухоро аэропортини очиқ осмон форматига ўтказишни кўзда тутади. Малайзия вакилининг сўзларига кўра, дастлаб Тошкентга қўниб, кейин Бухоро ёки бошқа шаҳарларга бориш сайёҳлар учун ўзига яраша ноқулайлик туғдиради, шу боис Бухоро аэропортини очиқ осмон форматига ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Таъкидлаш жоизки, Зиёрат туризми бўйича биринчи халқаро форумда Халқаро Зиёрат туризми форумида шунингдек Туркия дин ишлари қўмитаси раиси ўринбосари Осман Тирасчи, Деҳли бош масжиди имоми Саид Бухорий, Россия муфтийлар кенгаши раиси биринчи ўринбосари Рушан Аббасов, Индонезиядаги Ўзбекистон сайёҳлик бренди элчиси Эко Шри Маргианти, Миср Вакиллар палатасининг Ижтимоий бирдамлик, оила ва ногиронлар қўмита раиси Абдулҳадий Ал-Касабий каби қатор хорижий мутахассислар иштирок этишди.

Фото: Камиль Еникеев

Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари Ўзбекистоннинг бой илмий-тарихий меросини ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилиши шубҳасиз. Форумда зиёрат туризми учун тарихий-маданий объектлар, зиёратгоҳларнинг ўзи етарли эмаслигини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистоннинг зиёрат туризми жозибадорлигини ошириш учун тарғибот ишлари яхши йўлга қўйилиши билан бирга зиёратчиларга қулай шарт-шароитлар яратилиши кераклиги таъкидланди.

Фото: Камиль Еникеев

Ўзбекистон бўйлаб саёҳат

Халқаро форум доирасида хорижий мамлакатлардан ташриф буюрган меҳмонлар Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларининг тарихий ва диққатга сазовор масканларни кўздан кечиришди.

Фото: Камиль Еникеев

Шунингдек, жума намозини биргаликда ўқишди.

Фото: Камиль Еникеев

Зиёрат туризми бўйича биринчи халқаро форумга оид мақолалар нафақат маҳаллий нашрлар, балки хорижий мамлакатларнинг оммавий ахборот воситалари ва ислом уламолари саҳифаларида ҳам чоп этилмоқда.

Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган халқаро миқёсдаги форум бу йўналишдаги биринчи йирик тадбир бўлди, келгусида бундай тадбирнинг мунтазам равишда ўтказилиши Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантириш ва мамлакатни чин маънода зиёрат туризмининг йирик марказларидан бирига айлантириш йўлида хизмат қилади, деган умиддамиз. Асосийси - бу йўналишдаги ишларни  форум доираси билан чекланиб қолмай, ундан кейин ҳам тизимли равишда давом эттириш ва сезиларли амалий натижаларга эришиш.

Лола Раҳмонбоева,
Kun.uz журналисти

Мавзуга оид