Ўзбекистон | 13:33 / 01.11.2022
3116
3 дақиқада ўқилади

Халқаро зиёрат туризм ҳафталиги бошланди: асосий тадбирлар Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтмоқда

1–3 ноябр кунлари ташкиллаштириладиган Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги Самарқанд шаҳридан ташқари, Хива, Бухоро ва Тошкент шаҳарларида ҳам ўтказилади.

Фото: Kun.uz

Самарқанд халқаро туризм ва маданий мерос университетида ушбу тадбирга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда қайд этилишича, зиёрат туризми ҳафталигини ўтказишдан мақсад Ўзбекистонни жаҳон цивилизациясининг муҳим диний учоқларидан бири сифатидаги имижини мустаҳкамлаш, республикада зиёрат туризмининг улкан салоҳиятини янада оммалаштириш, саёҳат саноатининг ушбу қисмида хизмат кўрсатишни диверсификация қилиш, зиёрат туризми экспорти ҳажмини оширишдир.

Тадбирда қайд этилишича, 2022 йилнинг дастлабки уч чораги мобайнида Ўзбекистонга ташриф буюрган хорижий туристларнинг сони 3,6 миллион нафардан ошган.

«Туризм иқтисодий ривожланишимизнинг асосий етакловчи кучи сифатида эълон қилингач, мамлакатимизда ушбу соҳада барча йўналишларда барқарор ривожланишга қаратилган муҳим қарорлар қабул қилинди. Уникал тарихий салоҳиятдан келиб чиқиб, зиёрат туризмининг жозибадорлигини оширишга алоҳида урғу қаратилди. Хизматдан фойдаланувчиларнинг манфаат ва қизиқишларини ҳисобга олиб, зарур инфратузилмани такомиллаштириш билан бирга, туристик салоҳиятнинг ушбу йўналишини Ўзбекистонда ва хорижда оммалаштириш учун катта ишлар қилинди», — деди Туризм ва маданий мерос вазири маслаҳатчиси Темур Мирзаев.

Ушбу йўналишда комплекс чора-тадбирлар ўз натижаларини берди. Зиёрат туризми бўйича жаҳон рейтингида Ўзбекистон сўнгги йиллар ичида 34-ўриндан 9-ўринга кўтарилиб олди.

Матбуот анжуманида айтилишича, республикамизда мавжуд 8 мингдан зиёд маданий мерос объектларидан 1257 таси зиёратгоҳлар ҳисобланади. Уларнинг 1183 таси ислом, 57 таси насроний динига тааллуқли. Шунингдек 9 та буддизм ва 8 та иудаизмга оид зиёратгоҳлар ҳам бор.

«Ўзбекистон қадимдан маданиятлар ва динлар кесишган чорраҳа бўлган. Шу сабабли зиёрат туризми ҳафталиги тадбирларига мамлакатимиздаги барча конфессия ва миллий маданият марказлари вакиллари таклиф этилган», —  деди Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов.

Зиёрат туризми ҳафталиги доирасида Самарқандда «Замонавий ислом архитектураси» кўргазмаси, Ислом амалий санъат фестивали, «Мовароуннаҳрда китобчилик маданияти» ярмаркаси, «Марказий Осиё — ислом санъати маркази» халқаро форуми ўтказилади.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид