Ўзбекистон | 17:59 / 14.07.2022
19989
3 дақиқада ўқилади

Эртадан 200 минг сўмлик пул муомалага чиқади. Сенат банкнотни маъқуллаганми?

Янги пуллар чиқарилишини одатда бир ой олдиндан эълон қиладиган Марказий банк бу сафар янги пул муомалага чиқишига 2 кун қолганда бу ҳақда хабар берди. Боз устига, янги пул дизайни бўйича Сенатнинг розилиги олингани ёки йўқлиги номаълум. Регулятор бундай йирик купюрани муомалага киритиш зарурати бўйича изоҳ бермаётгани турли миш-мишларни кўпайтирмоқда.

Фото: Марказий банк

Ўзбекистон Марказий банки 200 000 сўмлик банкнотни 15 июлдан бошлаб муомалага чиқарилишини маълум қилди. Бу хабар монетар регуляторнинг расмий саҳифаларида 13 июл куни эълон қилинди.

“Марказий банк тўғрисида”ги қонуннинг 40-моддасига кўра, пул белгиларининг намуналари, шунингдек уларнинг дизайни Марказий банк томонидан тасдиқланади, бироқ Олий Мажлис Сенатининг Кенгаши билан келишилиши лозим.

Худди шу тартибга риоя этилган ҳолда, аввалроқ янги кўринишдаги 2 минг ва 20 минг сўмлик купюралар Сенат томонидан маъқулланганди.

Аммо негадир 200 минг сўмлик купюра 15 июлдан муомалага кириши ҳақида Марказий банк берган хабарда янги банкнот Сенат билан келишилганига оид маълумот келтирилмаган.

Шунингдек, Сенатнинг ахборот тарқатувчи расмий манбаларида ҳам бу ҳақида маълумот йўқ. Kun.uz сўровига жавобан бунга аниқлик киритиб беришини айтган Сенат ахборот хизмати вакили қайта алоқага чиқмади.

Янги пуллар муомалага чиқарилишини одатда бир ой олдиндан эълон қиладиган МБ бу сафар янги пуллар муомалага чиқарилишидан 2 кун олдин хабар берди. Регулятор матбуот хизмати нима сабабдан янги пулларни муомалага чиқаришга оид қарорга бунчалик тез келгани ҳақидаги саволимизни ҳозирча очиқ қолдирмоқда.

Ижтимоий тармоқларда янги пул учун яна кўк рангга мурожаат қилингани танқид қилинмоқда – ўтган йили чиқарилган янги 10 минг ва 20 минг сўмликларда ҳам шу ранг устуворликка эга эди. 200000 рақамидаги ноллар визуал ажратилмагани ҳам ноқулайликларга сабаб бўлади.

Марказий банк бундай янги купюранинг пайдо бўлиши шиддатли инфляция кутилаётгани билан боғлиқлиги ҳақида одамлар орасида кенг тарқалаётган фикрга ҳам муносабат билдирмаяпти. Ваҳоланки, МБнинг сўнгги сўровлари июн ойида аҳолининг инфляция кутилмалари ўтган ойга нисбатан пасайганини кўрсатмоқда.

Умуман, регуляторнинг янги банкнот ҳақидаги баёнотида бу янгиликка қандай зарурат борлиги ҳақида изоҳ берилмаган. Бу борада матбуот анжумани ташкил этилиши ёки йўқлиги ҳақида ҳам ҳозирча маълумот йўқ.

Эслатиб ўтамиз, шу йил бошида МБ раиси Мамаризо Нурмуродов 200 минг сўмлик банкнот 2024 йилга бориб муомалага киритилиши режалаштирилганини айтганди.

Мавзуга оид