МИБ ноқонуний ундирилган жаримани кекса пенсионерга қачон қайтаради?
Қарздор ҳам, ундирувчи ҳам МИБ Деҳқонобод бўлимининг ўзи. Манфаатлар қарама-қаршилиги ортидан нафақадаги кекса фуқаро 5 ойдан буён сарсон.
Сурхон воҳасидан қайта туриб, Деҳқонобод туманидан ўтар эканмиз таҳририятга кўпдан буён бир кичик муаммода мурожаат йўллаб келаётган фуқаро билан учрашишга қарор қилдик. Муаммо шундаки, Мажбурий ижро бюроси Деҳқонобод туман бўлими фуқарони табиий газдан фойдаланиш билан боғлиқ масалада ноқонуний жаримага тортган.
Жарима ноқонуний қўлланилгани судда исботланганига қарамай, нафақадаги Бекназар Жўраевдан ундирилган 1 млн 115 минг сўм маблағни қайтариш 5 ойдан буён пайсалга солиб келинмоқда.
«Шу йилнинг 18 февралида МИБ ходимлари келиб, далолатнома тузиб кетишган. Далолатномага ҳам бор нарсани эмас, ўзлари истаган нарсани ёзишган. «Газ тармоғига нотўғри уланиб олган, газ ҳисоблагич ишламайди» каби кўплаб нотўғри фактлар билан акт тузилган. Шу акт асосида мендан жаримани ушлаб қолиш бўйича қарор чиқарган ва уни ижтимоий таъминот бўлими (бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг туман бўлими – таҳр.)га тақдим қилишган. 1 млн 115 минг сўм ноқонуний жарима апрель ва май ойларидаги пенсиямдан ушлаб қолинди», – дейди Бекназар Жўраев.
Бизга тақдим этилган ҳужжатларни ўргандик.
Даставвал туман МИБнинг 21 февраль кунги қарорига ва жарима солинишига сабаб бўлган далолатнома хусусида. Унда на гувоҳлар, на истеъмолчи имзосини топа оласиз. Қолаверса, далолатнома Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сон қарори билан тасдиқланган қоидаларга зид тузилгани Деҳқонобод туман маъмурий судининг 13 июлдаги қарорида ҳам эътироф этилган.
Қоидага мувофиқ, далолатнома тузишда истеъмолчи ва гувоҳлардан ташқари, газ таъминоти ташкилоти вакиллари ҳам иштирок этиши шарт.
Бундан ташқари, айни далолатномада Жўраев хонадонига ўрнатилган газ ҳисоблагичнинг кўрсаткичи қачон тўхтаб қолгани ва яроқсиз ҳолатга келгани, бунга нима сабаб бўлганига ойдинлик киритилмаган, дейилади суд қарорида.
Албатта, ҳуқуқи поймол бўлган истеъмолчи Б.Жўраев Мажбурий ижро бюроси Қашқадарё вилоят бошқармасига шикоят қилган. Вилоят МИБ 2020 йил 25 март кунги қарори билан туман МИБнинг жарима солиш тўғрисидаги қарорини бекор қилганига қарамай, туман МИБ 2020 йил 8 апрелда жарима солиш тўғрисида янги қарорини чиқарган ва жаримани истеъмолчининг пластик карточкасидан ундирган.
Фуқарони қийнаётган масала шундаки, гарчи вилоят МИБ бошқармаси, туман маъмурий суди туман МИБ қарорини ноқонуний деб топганига қарамай, ундирилган жаримани қайтариш пайсалга солинмоқда.
Аризаларга ҳам берилаётган жавобларда турли мазмунлар акс этмоқда. Гоҳ туман ғазначилик бўлимига пул тушса, жарима қайтарилишини айтишса, гоҳида МИБ ходими ўзи келмасдан нималарнидир тушунтиргани, баъзида жариманинг 223 минг сўми почта орқали юборилгани ёзилмоқда.
Фуқарони норози қилаётгани – ноқонуний жарима 2 марта пластик картадан ечиб олинган, аммо қайтаришга келганда пайсалга солинаётгани.
Умуман, Жўраевнинг айтишича, у президент порталига йўллаган шикоятлари-ю, туман ва вилоят МИБга йўллаган аризаларининг эътиборсиз қолаётганидан ташвишда. Наҳотки, ҳуқуқий давлатда оддий нафақахўр фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқи шу даражада поймол қилинса, дейди отахон.
«Арзимаган 1 миллиондан сал ошиқроқ сумма шунча ваҳима кўтаришга арзийдими?» дейдиганлар учун эслатиб ўтамиз: биз Конституция ва қонунлар амал қиладиган (амал қилиши керак бўлган) давлатда яшаймиз. Қолаверса, бу пулнинг Дехқонобод тумани шароитида қадри анча баланд.
Толиб Раҳматов, Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
18:40 / 09.11.2024
МИБнинг Андижон ва Фарғона вилоятлари бошқармаси раҳбарлари ўзгарди
07:37 / 08.11.2024
202,9 млрд сўмлик ижро ишларини асоссиз равишда тугатган МИБ мансабдорлари аниқланди
16:17 / 02.11.2024
Андижонда ишчидан алиментдан қарзини ушлаб қолмаган фермер жаримага тортилди
17:12 / 30.10.2024