Иқтисодиёт | 20:55 / 29.08.2025
16016
5 дақиқада ўқилади

Олий таълим вазирлиги 5 та хусусий университетнинг қўшимча лицензиясини хатога чиқарди. Адлия вазирлиги хатолик бўлганини рад этди

29 август куни 5 та хусусий университет фаолиятини кенгайтиришга лицензия олди, лекин Олий таълим вазирлиги бунга “Лицензия” ахборот тизимидаги техник носозлик сабаб бўлганини айтиб чиқди. Адлия вазирлиги носозлик бўлганини рад этди. Олий таълим вазирлиги ОТМга берилган лицензияни “техник хатолик” деб қайтариб олиши аввал ҳам кузатилган.

Фото: Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 5 та хусусий университетга фаолиятини кенгайтириш учун рухсат берилганини “техник носозлик” оқибати деб эълон қилди. Адлия вазирлиги эса тегишли тизимда носозлик бўлганини рад этди.

Олий таълим вазирлигига кўра, 29 август куни соат 06:19 дан 09:53 гача license.gov.uz ахборот тизимида юзага келган техник носозлик сабабли, кўриб чиқиш муддати тугамаган аризалар бўйича айрим нодавлат олий таълим ташкилотларининг амалдаги лицензияларига ўзгартириш киритиш ҳақидаги сўровларига тизим томонидан белгиланган талаб бузилган ҳолда ижобий хулосалар шакллантирилган.

“Мазкур ҳолат техник хатолик ҳисобланиб, ҳозирда унинг сабаблари тегишли идоралар билан ҳамкорликда чуқур ўрганилмоқда. Якуний хулосалар бўйича қўшимча маълумот жамоатчиликка тақдим этилади”, – дейилади баёнотда.

Лекин Адлия вазирлиги юқоридаги иддаони рад этди.

“Лицензия” ахборот тизими (license.gov.uz)да техник носозликлар ҳамда рухсат этилмаган ҳаракатлар кузатилмаган ва тизим штат режимида ишлаб турибди”, – дейилади адлия органи баёнотида.

Қонунга кўра, Адлия вазирлиги – ваколатли органлар томонидан лицензиялаш тартибига қанчалик риоя этилаётганини ўрганиб бориш ваколатига эга.

Гап қайси ОТМлар ҳақида кетяпти?

Олий таълим вазирлиги қуйида номлари келтирилган таълим ташкилотларига янги таълим йўналишлари, мутахассисликлари, таълим шакллари ва фаолият манзиллари бўйича қабул жараёнларини ташкил этиш учун 29 август куни ҳеч қандай рухсат берилмаганини айтмоқда:

  • “University of Business and Science” МЧЖ – масофавий таълим шаклларига;
  • “Осиё халқаро университети” МЧЖ – айрим масофавий таълим шаклларига ҳамда Хоразм вилояти, Урганч шаҳридаги янги фаолият манзилига;
  • “Иқтисодиёт ва педагогика университети” НТМ – тиббиёт йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари, масофавий таълим шакллари ҳамда Сурхондарё вилояти, Денов туманидаги янги фаолият манзилига;
  • “Sharq-University” МЧЖ – банк иши, бухгалтерия ҳисоби таълим йўналишлари ва барча кечки ва масофавий шаклларга;
  • “Profi University” МЧЖ – юриспруденция таълим йўналиши, масофавий шакл ва барча магистратура мутахассисликларига.

“Шу сабабли, мазкур ташкилотлар томонидан юқоридаги йўналишлар, мутахассисликлар, таълим шакллари ҳамда фаолият манзиллари бўйича эълон қилинаётган маълумотлар асоссиз ҳисобланади”, – дейилади вазирлик баёнотида.

Бу биринчиси эмас

Хусусий олий таълим лицензияси билан боғлиқ бундай ҳолат аввал ҳам кузатилган.

Хусусан, “Абу Райҳон Беруний университети” НТМ 2024 йил 21 август куни лицензия олган. Лекин орадан бир ой ўтиб, 25 август куни Олий таълим вазирлиги бу лицензияни “техник носозлик сабабли хато берилган” деган важ билан уни бекор қилиш ҳақида судга ариза киритилганини маълум қилганди. Kun.uz'даги маълумотга кўра, Тошкент туманлараро иқтисодий суди 2024 йил 19 ноябр куни даъвони кўриб чиқиб, вазирликнинг аризасини рад этган, яъни судда хусусий университет ютиб чиққан ва лицензиясини сақлаб қолган.

Вазирлик – ҳам бозордаги ўйинчи, ҳам регулятор

Ўзбекистонда Олий таълим вазирлиги давлат олийгоҳларининг аксариятини назорат қилиш билан бир вақтда, хусусий ОТМларни лицензияловчи орган ҳам ҳисобланади.

“Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”га қонуннинг 14-моддасига биноан, лицензиялаш соҳасидаги ваколатли органлар ушбу ваколатли органлар томонидан лицензияланадиган фаолиятни амалга оширадиган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларни ташкил этишга ёки уларнинг фаолиятида муассислар, акциядорлар ёхуд иштирокчилар сифатида иштирок этишга ҳақли эмас, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда нодавлат ОТМлар фаолияти учун янги талаблар эълон қилинган эди. Иқтисодчилар эса хусусий университетлар устидан назоратнинг кучайишига танқидий назар билан қарайди.

Мавзуга оид