Туркистон инновациялар университети ва Наманган халқаро университети суд уларнинг ишини 15-20 дақиқада кўриб, лицензиясини бекор қилиб ташлаганини айтяпти. Олий таълим вазирлиги эса “сукунат режими”га ўтиб олган. “Ёш зиёкор” нодавлат таълим муассасалари уюшмаси раиси Расул Кушербаев хусусий ОТМларга сунъий тўсиқ қўйилаётгани, агар шундай давом этаверса, ўзбек талабалари ва инвесторларнинг хорижга “оқиб кетиши” кескин кўпайишини айтди.

Олий таълим вазирлиги нодавлат олийгоҳлар билан судлашиб юргани ёки айрим хусусий ОТМларнинг ёпилиб кетаётгани машмашалари охирги 1 йилда кўпайди. Бунинг орқасидан минглаб талаба ва ходимлар сарсон бўляпти.

Kun.uz Бухородаги Туркистон инновациялар университети ва Наманган халқаро университетида ўтказилган текширув ва суднинг уларга қўйган айбловлари юзасидан суриштирув олиб борди.

Текширув қайси асосга кўра олиб борилган?

2023 йил май ойида олий таълим, фан ва инновациялар вазири Ўзбекистондаги айрим нодавлат ОТМларда лицензия талаблари бажарилганини ўрганиш тўғрисида буйруқ чиқарган. Шу асосга кўра, Туркистон янги инновациялар университети, Наманган халқаро университети, Ренессанс университети ва Тошкент технологиялар университети каби бир нечта олийгоҳда текширув ўтказилади. Натижада юқорида номи саналганларнинг барчасида турли камчиликлар аниқланади.

Шу ўринда муҳим жиҳат: вазирлик текширув ўтказиш учун Адлия вазирлигининг 2023 йил 24 февралдаги хатини асос қилиб келтирган. Бу хатда Адлия вазирлиги ОТФИВга lisence.gov сайтидаги 3та (132045, 140090, 149994 сонли) аризани бекор қилиш Адлия вазирлиги эмас, суд қарори билан бўлишини тушунтирган. Лекин улар ичида ТЙИУ ва НамХУ йўқ. Шунга қарамай бу икки университет устидан ҳам судга ариза берилган.