Жамият | 17:39 / 08.10.2018
79472
1 дақиқада ўқилади

Автомобиль ҳайдовчиси орқадан келиб, пиёдани босиб кетди. У қўлга олинди

Ижтимоий тармоқларда қизни босиб кетган «Ласетти» автомобили иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаси тасвирланган видеоёзув тарқалди. Ушбу ҳодиса қаерда ва қачон содир бўлганлиги номаълум, бироқ, бу тасвирлар кузатув камерасидан олингани кўриниб турибди.

Видеодан кўриш мумкинки, қиз йўлни кесиб ўтаётган бўлган. Шу билан бирга, орқадан автомобиль келган ва пиёдани босиб кетган.

Воқеанинг икки гувоҳи қизга ёрдам беришга ҳаракат қилган, автомашина ҳайдовчиси эса машинада ўтираверган, бу вақтда қиз автомобиль ғилдираги остида бўлган.

Пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси маълумотларига кўра, у 22 ёшли Машҳура Х. бўлган. ИИББдан хабар беришларича, қиз машина босиб кетганидан сўнг омон қолган.

«Жабрланувчи 16-шаҳар клиник шифохонасига олиб кетилди. Ҳайдовчи, 22 ёшли Отабек А. қўлга олинган», - дейилади ИИББ хабарида.

Айни пайтда тергов-тезкор гуруҳи воқеа жойида ишламоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид