Жаҳон | 15:00 / 24.03.2026
3516
9 дақиқада ўқилади

АҚШ–Эрон музокаралари, Украинада давом этаётган уруш ва Колумбияда қулаган самолёт – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

АҚШ–Эрон музокаралари бошланиши мумкин

Урушнинг тўртинчи ҳафтасига келиб — 23 март куни президент Доналд Трамп АҚШ ва Эрон «Яқин Шарқдаги адоватни мутлақ ҳал қилиш» борасида «жуда яхши ва самарали» суҳбатлар ўтказганини ёзди.

У Эроннинг энергетика тизимига зарба бериш режасини беш кунга кечиктирганини айтди. Трампнинг бу баёноти дам олиш кунларидаги таҳдидлар ва Эроннинг жавоб қайтариш ваъдалари ортидан кескинликни пасайтирди.

Кейинроқ Трамп журналистларга унинг махсус вакиллари якшанба куни Эроннинг юқори мартабали расмийси билан муҳокамалар ўтказганини ва бу давом этишини маълум қилди.

«Бизда асосий келишув нуқталари бор, деярли барча масалалар бўйича келишувга эгамиз деб айта оламан», деди у Флорида штатидан Мемфисга жўнаб кетишидан олдин. Трамп бу сафар жиддий ниятда эканини қўшимча қилди: «Ўйлашимча, бу ҳамма учун яхши келишув билан якунланиши мумкин».

Трамп АҚШ билан алоқада бўлган Эрон расмийсининг исмини ошкор қилмади, лекин: «Биз ўзим ишонадиган энг ҳурматли ва етакчи шахс билан иш олиб боряпмиз», деди. Вазиятдан хабардор бошқа манбаларга кўра, Эрон томонидан музокара иштирокчиси Эрон парламенти спикери Муҳаммад Боқир Ғолибоф бўлган.

Муҳаммад Боқирнинг ўзи эса АҚШ билан бундай музокаралар бўлмаганини айтди. «АҚШ билан ҳеч қандай музокаралар ўтказилмади. 'Сохта хабарларʼ молия ҳамда нефт бозорларини манипуляция қилиш шунингдек, АҚШ ва Исроил тушиб қолган ботқоқликдан қочиш учун ишлатилмоқда», деб ёзди у.

Шунингдек Эрон Инқилобий гвардияси ҳам АҚШ нишонларига янги ҳужумлар бошлаётганини эълон қилди ва Трампнинг сўзлари Теҳроннинг курашига ҳеч қандай таъсир кўрсатмаслигини билдирди.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги эса Трамп тасвирлаганидек музокаралар бўлиб ўтганини тасдиқламаган бўлса-да, кескинликни камайтириш ташаббусларини қайд этди. Вазирликка кўра, ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи уммонлик ҳамкасби билан Ҳўрмуз бўғози билан боғлиқ ўзгаришларни кўриб чиққан ва маслаҳатлашувларни давом эттиришга келишиб олган.

Reutersʼнинг покистонлик расмийга таяниб ёзишича, Трамп Покистон армияси қўмондони Асим Мунир билан қўнғироқлашган. Шундан сўнг АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс, шунингдек, Уиткофф ва Кушнер шу ҳафтада Исломободда Эрон расмийлари билан учрашиши кутилмоқда. Оқ уй Трампнинг Мунир билан қўнғироқлашганини тасдиқлади, аммо Исломободга эҳтимолий ташриф борасида изоҳ бермади.

Эрон ОАВлари ҳам президенти Масъуд Пизишкиён ва Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф уруш таъсирини муҳокама қилганини хабар берди.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу эса душанба куни Трамп билан гаплашганини, Исроил Ливан ҳамда Эронга ҳужумларни давом эттиришини айтди.

Колумбияда самолёт қулади

23 март куни Колумбия ҳарбий самолёти ҳавога кўтарилиш пайтида ҳалокатга учради. Ҳодиса оқибатида 66 киши ҳалок бўлган, қутқарувчилар бедарак йўқолган тўрт кишини қидирмоқда.

Мамлакат қуролли кучлари раҳбари Алехандро Лопеснинг маълум қилишича, Hercules C-130 транспорт самолёти бортида 128 киши, жумладан, ҳарбийлар ва полициячилар бўлган. Омон қолганлардан 57 нафари касалхонага ётқизилган.

Бахтсиз ҳодиса самолёт Пуэрто-Легуизамо шаҳридан ҳавога кўтарилаётган вақтда содир бўлган. Қутқарувчилар самолёт учиш-қўниш йўлагининг охирига яқин жойда зарбага учраган, деб ҳисобламоқда. Шундан кейин шиддат билан қулаётган вақтда самолёт қаноти дарахтга тегиб кетган. Натижада ҳалокат самолётнинг ёниб кетишига ва бортдаги портловчи қурилмаларнинг портлашига сабаб бўлган.

Самолётни ишлаб чиқарган Lockhead Martin компанияси вакили ушбу ҳодисани текширишда ёрдам беришга тайёрлигини айтди.

Душанба куни ҳалокатга учраган самолётнинг борт рақами сўнгги йилларда АҚШ томонидан Колумбияга етказиб берилган учта самолётнинг биринчисига мос келади. Феврал охирида Боливия Ҳарбий ҳаво кучларига тегишли Hercules ҳам аҳоли зич жойлашган кварталга қулаб, 20 киши ҳалок бўлганди.

Россия–Украина уруши ҳам давом этмоқда

Россия қўшинлари сешанбага ўтар кечаси ракеталар ва дронлар қўллаган ҳолда Украинанинг бир неча вилоятига ҳужум қилди. Маҳаллий ҳокимият органларининг хабар беришича, Полтава ва Киев вилояти ҳамда Запорижжя шаҳри ўққа тутилган.

Полтава вилоятида Россиянинг комбинациялашган ҳужуми туфайли икки киши ҳалок бўлди, яна 11 киши жароҳатланди. Турар жой бинолари ва меҳмонхонага зарар етказилгани қайд этилди, ёнғинлар келиб чиқди.

Россия армиясининг оммавий зарбаси Запорижжяга ҳам тўғри келди. Олтита кўп квартирали уй, дўкон, нотурар жой бинолари, саноат инфратузилмаси объекти зарар кўрган.

Сўнгги маълумотларга кўра, шаҳарга қилинган Россия ҳужуми натижасида бир киши ҳалок бўлган, яна беш киши яраланган.

Бундан ташқари, Киев вилоятида Россия дронлари кузатилди, расмийлар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишлаётгани ҳақида хабар берди.

«Шимолий Корея ядровий давлат бўлиб қолади»

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин парламентдаги нутқида Пхенян ядровий давлат мақомига эга бўлиши ортга қайтмас жараён эканини билдирди. «Ўз-ўзини ҳимоя қилиш ва ядровий тийиб туриш қобилиятини кенгайтириш миллий хавфсизлик, минтақавий барқарорлик ва иқтисодий ривожланиш учун ўта муҳимдир», деди Ким душанба куни Олий Халқ Мажлисидаги чиқишида.

Шунингдек, у ядровий қуролсизланишни иқтисодий манфаатлар ёки хавфсизлик кафолатларига алмаштириш ғоясини рад этди.

«Мустақил давлатларнинг қадр-қиммати ва ҳуқуқлари бир томонлама, куч ва зўравонлик билан шафқатсизларча поймол қилинаётган бугунги дунё воқелиги — давлат мавжудлиги ва тинчлигининг ҳақиқий кафолати нима эканини яққол ўргатмоқда», деди Ким.

Таҳлилчиларнинг фикрича, ушбу фикрлар АҚШнинг Эрондаги урушига қарши билвосита танқид бўлиши мумкин.

Шунингдек, Ким Жанубий Корея «энг ашаддий душман давлат сифатида тан олинганини» айтди. У Сеулни Шимолий Корея суверенитетини бузишга қаратилган ҳар қандай уриниш «ҳеч қандай иккиланишсиз шафқатсизларча бостирилиши» ҳақида огоҳлантирди.

Хавфсизлик сиёсати билан бир қаторда Ким иқтисодий устуворликларни ҳам белгилаб, янги беш йиллик ривожланиш режасини тасдиқлади. Халқаро баҳолашларга кўра, Шимолий Корея дунёдаги энг камбағал давлатлардан бири бўлиб, иқтисодиёти қаттиқ санкциялар остида ва сурункали тақчиллик мавжуд.

Жанубий Корея президент маъмурияти Кимнинг сўзларини «тинч-тотув яшаш учун номақбул» деб атади ва фақат мулоқот ҳамда ҳамкорлик Корея яриморолида ўзаро хавфсизлик ва фаровонликни таъминлашини қўшимча қилди.

Евроиттифоқ ва Австралия келишуви

Европа Иттифоқи ва Австралия эркин савдо тўғрисидаги келишувни тузиш бўйича музокараларни якунлади. Бу ҳақда 24 март куни Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен ва Австралия бош вазири Энтони Албанезе эълон қилди.

2018 йилдан бери ишлаб чиқилаётган «Эркин савдо тўғрисида»ги келишув Европадан Австралияга товарлар экспорти учун божларнинг 99 фоизидан ортиғини бекор қилишни назарда тутади. Брюсселга кўра, бу европалик тадбиркорларга божлар ҳисобидан йилига қарийб 1 миллиард евро тежаш имконини беради.

Ўз навбатида, Австралия Европани ўта муҳим хомашё билан ишончли тарзда таъминлаши ва уларнинг импорти учун божларни пасайтириши кутилмоқда. Австралия ҳукумати Европа билан эркин савдо биринчи йилнинг ўзидаёқ мамлакатга 6 миллиард евро даромад келтиришини кутмоқда.

Савдо келишуви ҳали кучга кирмади. У аъзо давлатлар ва Европарламент, шунингдек, Австралия парламенти томонидан маъқулланиши керак. Савдо келишувларидан ташқари, Брюссел ва Канберра янги мудофаа битими ҳам имзолади.

Кристи Ноэм ўрнига янги вазир

АҚШ Сенати душанба куни Марквейн Маллинни Миллий хавфсизлик департаменти (Homeland Security) котиби этиб тасдиқлаш учун овоз берди. Президент Доналд Трампнинг ушбу танлови 54-45 овоз нисбати билан тасдиқланди.

Собиқ котиб Кристи Ноэм январ ойида Миннесота штатида Иммиграция ва божхона назорати агентлари томонидан америкаликларнинг ўлдирилиши ортидан ички текширувларга дуч келганди.

Шундан сўнг, демократлар Трампни Ноэмни ишдан бўшатишга ундаб келишган. Шунингдек, унга қарши импичмент резолюциясига ҳам имзо чеккан.

Сенаторлар Маллинга олдинги бошқарув давридаги ҳодисалар бўйича саволлар берди. Хусусан, ICE агентлари суд ордерисиз уйларга киришда давом этиши ёки йўқлиги ҳақида сўради.

«Биз бирор шахсни таъқиб қилаётган ҳолатимиздан ташқари, суд ордерисиз уйга ёки тадбиркорлик биносига кирмаймиз», деди Маллин.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид