Юқори технологиялар соҳасида нега орқада қоляпмиз?
Бизнинг асосий муаммомиз
Жамиятда либерал-демократик принципларнинг йўқлиги – бу биринчи ва асосий муаммо! Ғарбда одамлар шундай ўйлайдилар: “қонун томонидан тақиқланмаганми, демак мумкин”, ва шундан келиб чиқиб ўз манфаатларини ҳимоя қиладилар. Бизда эса бу масалага бошқачароқ ёндошилади: “Рухсат берилмаганми, демак қонун томонидан тақиқланган!”. “Орел и решка” кўрсатувидаги no photo, no video эсингиздадир!? Кўчада, бинолар олдида, хиёбонларда, умуман ҳамма жойда суратга олиш тақиқланади. Кўчалардаки шундай ҳолат экан, бинолар ичини гапирмаса ҳам бўлади. Айтайлик, инсон ўз ғоясини амалга оширмоқчи, аммо давлатда албатта унга қарата no photo, no video дейдиган одам топилади. Ривожланган давлатларда эса ғоялар қонунларга зид келмаса, уларни ҳаётга татбиқ этишга шитоб билан киришилади.
Бизда эса одамлар ҳатто уриниб кўришга ҳам ҳайиқадилар.
Бунга ёрқин мисол – Uber. У жуда кўп давлатларда деярли қонуний тус олганди. Бир тарафдан қарасанг қонуний ишлаётган такси, бошқа томондан эса йўқ. Баҳсли ҳолат, тўғрими? Улар нима қилдилар? Ўзларининг ва мижозларининг манфаатларини ҳимоя қилувчи кампания бошладилар. Сабаби Uber ҳамма учун қулай эди-да. Масалан менинг машинам бор ва унинг ёрдамида таксичилардек даромад қилмоқчиман. Uber менга ишлаш бўйича стандартлар ва тушунчалар бераяпти. Хўш, нега энди бу амалга ошмаслиги керак?
Ўзбекистонда Yandex билан нима бўлди? “У ҳам нолегаль ишламоқда. Келинг, уни ҳам жавобгарликка тортиб, фаолиятини тўхтатиб қўямиз”.
Мана шундай. Либерализм йўқ. Бу бизнинг ҳаммамизнинг, бутун жамиятнинг муаммоси. Аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор: мана, биз сиз билан шу маммо ҳақида очиқ гаплашиб ўтирибмиз, демак бу ҳам ютуқ, ўзига хос ижобий силжиш бор.
“UZTELECOM” МОНОПОЛИЯСИ ҲАҚИДА
“UZTELECOM” яна бир муаммо. Биз ўзимизнинг “скайп”имизни ишга туширмоқчи бўлдик ва кириш-чиқиш қўнғироқларини йўлга қўйишни режалаштирдик. Таклиф тайёр бўлганидан сўнг синов тариқасида ишлатиб кўриб, йўлга қўйиш бўйича мурожаат қилганимизда маълум бўлдики, алоҳида қарорга кўра бу бўйича ҳам “UZTELECOM” монополияси мавжуд экан. Ҳатто сиз Beeeline ёки Ucell каби йирик оператор бўлсангиз ҳам республика бўйича ҳар қандай қўнғироқлар шу компания орқали ўтиши шарт экан.
Мен “UZTELECOM”га хат йўлладим, лойиҳа кўпчилик учун манфаатли бўлишини тушунтиришга ҳаракат қилдим. Мени учрашувга таклиф қилдилар ва шундай тушунча бердилар – тўғридан-тўғри алоқа бўлмайди. “Ўз лойиҳангни амалга оширмоқчимисан, биз билан ишлайсан. Бизнинг ўз тарифларимиз бор”. Мен бу нархларни ўргандим ва амин бўлдимки, улар рақобатбардош эмас ҳамда менинг лойиҳамга мос келмайди. Сабаби бу лойиҳа биринчи навбатда ўз одамларимизга, иш излаб хорижга кетган юртдошларимизга ёки ўзимизда иш қидираётганларга мўлжалланганди. Улар хориждан туриб ўз яқинларига жуда қиммат нархда қўнғироқ қиладилар, чунки ўз нархини ўрнатган монополист бор. Айнан монополия туфайли бизда юқори технологиялар бўйича айтарли ютуқларга эришилмаяпти. Нега бизнинг мамлакатда яна бир ёки бир неча телеком-компания ташкил этиш ва нархларни бозорга мувофиқлаштириш мумкин эмас?
ДАВЛАТ АППАРАТИДА ИШЛАСАМ НИМАНИ ЎЗГАРТИРАРДИМ?
Давлат бизнесга халал бермаслиги, аксинча самарали, ҳалол ва шаффоф ишлашини таъминлаб бериши лозим.
Биринчи ўринда амалдорларнинг маошини кўтарган бўлардим. Ҳозир амалдорлар кўпи билан қанча олишяпти? 5 миллионми? Балки 15 миллион сўмдир? Барибир кам. Йирик амалдор – бу топ-менежер. Унга 2 минг доллар тўлаган ҳолда самарали ишлашини талаб қилиш мумкинми? Ахир у оиласига вақт ажратмай суткалаб ишлайди ва ишлаши керак. Мен 2 минг долларга ишлайдиган бундай одамни тасаввур қила олмайман. Ахир IT-ишбилармонлар ойига 3-4 минг доллар ишлайдиган давр ҳозир.
Мураккаб жараёнларни автоматлаштириш зарур. Йирик амалдорлар яхши таҳлилчи бўлишлари керак ва турли жараёнларни таҳлил қилиб, истиқболли режаларни тузиши ва вазифаларни белгилаб олиши лозим. Улардан топ 10тасини автоматлаштириши ва инсон факторини йўқотиши керак. Агар бунинг иложи бўлмаса, ишлаш жараёнини бутунлай ўзгартириши керак.
Ва ниҳоят амалдорларнинг ўзлари. Уларни имкон қадар билимли ва бизнес билан реал шуғулланган инсонлар орасидан танлаб олиш зарур. Шундан сўнг хорижга ўқиш ва тажриба орттириш учун бир йиллик йўлланма бериш керак. Бир ҳафта, бир ойга эмас, айнан бир йилга. Улар ҳар бир соҳани солиштириб кўришлари зарур, шундай эмасми?
БОР-ЙЎҒИ ИККИ НАРСА БИЗДАГИ БИЗНЕСГА КАТТА ЁРДАМ БЕРИШИ МУМКИН
Агар ҳаммани юқори тезликдаги интернет билан таъминлаб, кўпроқ data-марказлар ташкил қилсак, IT соҳамиз тезроқ ва осонроқ ривожланади. Ана шундан кейин блокчейн, сунъий онг каби тушунчалар ҳақида ўйласак бўлади. Энг муҳими – ана шу икки вазифани амалга ошириш.
ЎЗБЕКИСТОНДА IT ИШБИЛАРМОНЛАР АССОЦИАЦИЯСИНИ ТУЗИШ ЗАРУР
IT соҳаси ишбилармонлари ва мутахассислари ассоциацияси биз учун жуда керак. Бу ташкилот соҳанинг оғриқли масалаларини кўтариши ва ҳал қилиши зарур.
Масалан, кибербуллинг. Бу нима дегани? Бу интернет орқали қўрқитиш, таҳдид қилиш. Ёрқин мисол: яқинда Наргиза Раҳимовага (Наргиза Раҳимова – журналист, АОКА раҳбари ўринбосари бўлган) 2019 йилнинг март ойида эҳтиётсизлик туфайли айтган гаплари учун кўпчилик унга ўлим билан таҳдид қилди. Вазият шу даражага бориб етдики, аёл учун махсус соқчилар ажратилди. Хўш, интернет орқали ўлим билан таҳдид қилишга жавобгарлик кўзда тутилганми?
Иккинчи масала– шахсий маълумотлар. Бутун дунёда бу масала кўтарилади ва муаммолар ҳал этилади. Бизда эса шахсий маълумотларни ҳимоялаш бўйича қонун ҳатто муҳокамага қўйилгани ҳам йўқ.
Компьютер ўйинлари рейтинги. Ўйинларни биз ҳозир умуман назорат қилмаяпмиз.
Қотиллик, зўравонлик, қон тўла саҳналарга эга кўплаб ўйинлар бор. Буларни тадқиқ қилиш билан ким шуғулланади?
Яна бир муаммо – «ишламайдиган» сайтлар. Бу масалани кўтаришнинг ҳам айни вақти. Чунки биз кимнингдир саҳифаларимизни титкилашидан азият чекяпмиз. Бу муаммо туфайли маълумотлар бизга етиб келмаяпти ёки жўнатганларимиз етиб бормаяпти. Ҳамма бу муаммони билади, келинг, шундай экан кўпчилик олдида муҳокама қилайлик. Ҳеч бўлмаганда “ишламайдиган” сайтларнинг шаффоф рўйхатини тузайлик ва оммага тақдим этайлик.
IT соҳасида аёллар. Эркаклар бу соҳада бир неча баробар кўплиги ҳеч кимга сир эмас. Бу тўғри эмас ва аёлларни ҳам жалб қилиш зарур.
Ва ниҳоят, IT соҳасидаги стандартлар. Ким IT бўйича етакчи мутахассисни аккредитация қила билади? Мамлакатда бундай ташкилот йўқ. Ахир бизнес таҳлилчи, тизим маъмури каби соҳаларни ким баҳолай олади? Бундай стандартларни кимдир тузиши керакку?!
Бу саволлар бўйича ўзининг фаол позициясига эга ташкилот жуда зарур ва бу ташкилот бир нечта раҳбар ҳамда фаол ходимларга эга бўлиши керак. Бу ходимлар соҳга оид барча масалаларни кўтаришлари ва ўз таклифларини билдиришлари лозим. Ахир IT жамиятга ўзгаришлар олиб келувчи муҳим соҳа эканлигини англаб етишимиз шарт.
IT – ҲАЁТНИНГ БАРЧА ҚИРРАЛАРИДА ИШ БЕРУВЧИ СОҲА
Охирги икки йилда улкан ютуқларга эришилди. Давлатнинг ўзи юқори технологияларни татбиқ эта бошлагани кўп нарсадан далолат беради. Қолганлар ҳам шунга мувофиқ ҳаракат қилишлари лозим. IT соҳасини фақат видео томоша қилиш, интернет орқали нимадир ўрганишга сарфлаш тўғри бўлмайди. Соҳа реал ютуқларга ва натижаларга эришиши лозим. Инвесторлар буни кузатиб туришади. Улар кўпроқ инвестиция киритишлари учун нима қилиш керак? Жамиятдаги муҳим масалаларни кенгроқ ёритиш, ечимлар излаш, IT соҳасида стандартларни янгилаш зарур.
НЕГА IT-СТАРТАПЛАР БУТУН ЖАМИЯТ УЧУН ЗАРУР?
Стартаплар инвестицияларни жалб қилади, йирик компанияларни асабийлаштиради ва шу орқали соғлом рақобат муҳитини ҳосил қилади. Иш ўринлари яратади, йирик бизнесдан фарқли равишда мижозларига қулоқ солади. Уларнинг тузилмаси оддий, оддийликда эса самара кўпроқ. Стартаплар шундай тушунчаларни яратадиларки, улар ёрдамида жамият ва умуман дунё яхшилик сари интилади.
Манба: muic.uz
Мавзуга оид
14:28 / 16.11.2024
Буюк Британияда фирибгарларни алдовчи “нейрон буви” ишга туширилди
16:54 / 13.11.2024
Apple iPhone нархидаги китобини чиқарди
16:03 / 11.11.2024
Хитойдаги дарёда дунёдаги биринчи қутқарувчи робот патруллик қилишни бошлади
10:58 / 07.11.2024