Ўзбекистон | 17:04 / 29.03.2021
15000
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда эмлаш жараёни уч босқичда ўтказилади

Ўзбекистонда коронавирусга қарши оммавий эмлаш тадбирлари 2021 йилнинг 1 апрелидан бошланади. Биринчи галда катта шаҳарларда, кейинроқ туманлардаги аҳолини эмлаш ишларини олиб бориш режалаштирилган.

29 март куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков биринчи навбатда эмлаш жараёни қайси ҳудудларда бошланишига аниқлик киритди.

Нурмат Отабековнинг маълум қилишича, 2021 йилнинг 1 апрелидан бошланадиган эмлаш тадбирларида дастлаб катта ёшлилар билан бир қаторда тиббиёт ходимлари ҳам эмланиши режалаштирилган. Аммо, бунда тиббиёт ходимларининг барчаси эмас, айнан коронавирус касаллигига чалинган беморлар билан мулоқотда бўлиш орқали касалликни юқтириб олиш эҳтимоли юқори бўлган тиббиёт ходимларини эмлаш назарда тутилган.

«Коронавирусга чалинган беморларни даволашга ихтисослашган махсус шифохоналар ходимлари, тез тиббий ёрдам тизими ходимлари, шошилинч тиббий ёрдам тизими ходимлари, юқумли касалликлар шифохоналари ходимлари, коронавирус бўйича ташхис қўйиш лабораториялари ходимлари, бирламчи бўғин, амбулатория ва поликлиника хизмати ходимлари эмланувчи ходимлар тоифасига киради. Чунки уларда инфекция юқтириб олиш эҳтимоли жуда юқори даражада ҳисобланади», деди штаб аъзоси.

Мутасаддининг сўзларига кўра, эмлаш жараёнида AstraZeneca ҳамда ZF-UZ-VAC2001 вакциналарининг ҳар иккаласидан ҳам фойдаланилади. Апрель ойида биринчи галда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари, Тошкент шаҳри ва бошқа катта шаҳарларда аҳолини эмлаш ишлари бошланади. Май ойида туманлар ва кичик шаҳарлар аҳолиси эмланади. Қолган аҳоли қатламини эмлаш эса июнь ойида амалга оширилади.

«Кўпчилик давлатлар вакциналарни харид қилиш учун навбат кутиб ўтиришибди. Бироқ, ушбу вакциналарни ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг қуввати етарли бўлмагани учун, ушбу ташкилотлар томонидан тайёр вакциналарни етказиб беришда қийинчиликлар юзага келмоқда. Шу ўринда таъкидлаш керакки, ҳозирга қадар олиб келинган вакциналар миқдоридан келиб чиқсак, Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари ичида энг биринчи ўринда бўлиб турибди», деган у.

Маълум қилинишича, эмланган ҳар бир шахсга эмлаш курсини тўлиқ олгандан сўнг (икки марта эмлангандан сўнг) махсус сертификат берилади ва ушбу сертификатнинг берилган санаси, манзили ва берилган жойи электрон базада сақланади.

Шунингдек, келгусида нодавлат муассасалар томонидан пулли асосда эмлаш ишларига рухсат берилиши кўзда тутилгани маълум қилинди.

Март ойи давомида Ўзбекистонга COVAX дастури доирасида 660 минг доза AstraZeneca вакцинаси келтирилгани ва Хитойдан 1 миллион доза ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси олиб келингани хабар қилинган эди.

Мавзуга оид