11:25 / 31.01.2024
5333

Ўзбекистон коррупцияга қарши кураш рейтингидаги ўрнини 5 поғонага яхшилади

Ўзбекистон Transparency International'нинг Коррупцияни сезиш индексида 5 поғона юқорилаб, 180 та давлат орасида 121-ўринда қайд этилди.

Фото: Kun.uz

Таҳлилчилар 2023 йил якунлари бўйича Ўзбекистондаги коррупцияга қарши курашиш даражасини 100 баллдан 33 баллга баҳолаган. Бу – бир йил олдингига қараганда 2 баллга юқорироқ.

Аввалги йилларда Ўзбекистоннинг ўрни:

  • 2022 йилда 126-ўрин;
  • 2021 йилда 140-ўрин;
  • 2020 йилда 146-ўрин;
  • 2019 йилда 153-ўрин;
  • 2018 йилда 158-ўрин.

Коррупцияни сезиш индекси 1995 йилдан буён эълон қилиб келинади. Бу – давлат тизимида коррупциянинг қабул қилиниш даражасини акс эттирувчи ҳамда экспертлар ва ишбилармонлар сўрови асосида шаклланувчи 13 та манбадан ташкил топган ҳар йиллик индекс ҳисобланади. Мезонга кўра, 0 балл – коррупцияни қабул қилишда энг юқори кўрсаткич, 100 балл – энг паст шкала ҳисобланади.

2022 йил якунлари бўйича рейтингда коррупция даражаси энг паст мамлакатлар сифатида қуйидагилар кўрсатилган:

1. Дания – 90 балл;

2. Финландия – 87 балл;

3. Янги Зеландия – 85 балл;

4. Норвегия – 84 балл;

5. Цингапур – 83 балл;

6. Швеция – 82 балл;

6. Швейцария – 82 балл;

8. Нидерландия – 79 балл;

9. Германия – 78 балл;

10. Люксембург – 78 балл.

Собиқ СССР мамлакатлари орасида коррупция даражаси энг паст давлат – Эстония (рейтингда 12-ўрин). Литва 34 -, Латвия 36-, Грузия 49-ўринни эгаллаган. Беларус 98-, Украина 104-, Россия 141-ўринда қайд этилган.

Марказий Осиё давлатларидан Қозоғистонда 93-, Қирғизистон 141-, Тожикистон 162-, Туркманистон 170-ўринда.

Рейтингни 11 балл билан Сомали (180-ўрин) якунлаб берган. Энг охирги ўринларда Венесуэла, Сурия, Жанубий Судан, Яман, Никaрагуа ва КХДР.

«Дунё миқёсидаги ўртача балл 100 дан 43 ҳолатида ўн йилдан ортиқроқ вақтдан бери ўзгармай турибди. Мамлакатларнинг учдан икки қисмидан кўпроғи 50 дан камроқ балл тўплади, бу эса уларда жиддий коррупция муаммолари борлигини кўрсатади. Бундан ташқари, 23 та давлат ўз тарихидаги энг паст кўрсаткичларни қайд этди», дейилади шарҳда.

Top