Жамият | 15:20 / 19.09.2024
15594
6 дақиқада ўқилади

“Юридик университетга 4 балл етмади, шунда ҳам 317 млн сўм тўлашим керак экан” — Супер контрактда нима ўзгарди?

Шу йилдан кучга кирган тартибга кўра, абитуриент ўзи танлаган 2–5-ОТМлардан бирига ўқишга қабул қилинса, биринчи ОТМда айрим шартлар асосида суперконтрактда ўқий олади. Бу янгилик бироз тушунмовчиликларга сабаб бўлмоқда.

Фото: ЎзА

Kun.uz'га Тошкент давлат юридик университетида супер контракт асосида ўқимоқчи бўлган абитуриент мурожаат қилди.

Унинг сўзларига кўра, бу йил ўқишга топшириб, контракт асосида ўзи танлаган 4-олийгоҳга қабул қилинган. Лекин у супер контракт асосида ўз рўйхатидаги 1-ОТМ – Тошкент давлат юридик университетида ўқимоқчи бўлган.

Абитуриент ТДЮУнинг юриспруденция йўналиши, кундузги таълим шакли, рус гуруҳига ўқишга топширган. Бу йўналишда ўтиш балли 159,6 балл бўлган. Абитуриент эса 155,6 балл тўплаган. Бу йўналишга кириш учун унга роппа-роса 4 балл етмаган.

“1-танлаган ОТМга мурожаат қилганимда улар мен супер контракт асосида контрактнинг 3 баравар миқдорини тўлаб, ўқий олмаслигимни, 19 баравар контракт тўлашим кераклигини ёки ҳозирги кирган ОТМда ўқишим кераклигини айтмоқда”, – дейди абитуриент.

Унга университет томонидан берилган тўлов контракт шартномасининг 2.2 бандида “ушбу контракт бўйича таълим олувчини бир йиллик ўқитиш учун тўлов 317,205,000.00 сўмни (стипендиясиз) ташкил этиши” белгиланган.

Шартномадаги 2.2. банд

Аммо 2.3 бандида таълим муассасасида қўшимча қабул Давлат комиссияси томонидан белгиланадиган минимал баллдан кам бўлмаган ва асосий қабул чегараларига 4 баллгача етмаган абитуриентлар орасидан баллар кетма-кетлигига қатъий риоя қилинган ҳолда амалга оширилиши назарда тутилган. Табақалаштирилган тўлов-контракт миқдори амалда ўрнатилган тўлов-контракт миқдорига нисбатан қуйидаги миқдорларда белгиланади:

  • тўплаган баллари тасдиқланган тўлов-контракт бўйича қабул квоталари чегарасига бир баллгача етмаган абитуриентлар учун — 1,5 баробар;
  • 1,1 баллдан 2 баллгача етмаганлар учун — 2,0 баробар;
  • 2,1 баллдан 3 баллгача етмаганлар учун — 2,5 баробар;
  • 3,1 баллдан 4 баллгача етмаганлар учун — 3,0 баробар.

Юридик университет эълон қилган 2024-2025 ўқув йили учун тўлов контракт миқдорлари ҳақидаги хабарда келтирилишича, кундузги таълим шакли учун контракт суммаси 16 695 000 сўм этиб белгиланган. Демак, агар юқоридаги кейсда абитуриентга 4 балл етмаган ҳолда у контрактнинг 3 баробари, яъни 50 085 000 сўм тўлаши керак бўлади. Яъни, тўлов шартномада назарда тутилганидек 317 млн сўм эмас.

Абитуриентнинг маълум қилишича, бу масала бўйича университетга мурожаат қилганида, унга “қандайдир протокол асосида шундай сумма ҳисоблангани”ни айтишган.

“Аммо протоколни бизга кўрсатишмади. Мен ректор номига контрактни шартноманинг 2.2 бандига мувофиқ 317 млн сўм миқдорида тўлашим керакми ёки 2.3 бандига мувофиқ 50 млн сўмми, деган сўров билан ариза ёздим. Агар қандайдир протокол бўлса, нега у шартномада назарда тутилмаган ва 4 баллгача етмаган абитуриентлар контракт суммасининг 3 баробари миқдорида тўлаши кераклиги кўрсатилган. Ўзи бу қанақа протокол, Адлия вазирлигининг хулосаси борми?” – дейди мурожаатчи.

Kun.uz ҳолат юзасидан ТДЮУ матбуот котиби Жаҳонгир Ҳайдаровга саволлар юборди. У Олий таълим фан ва инновациялар вазирлигидан аниқ маълумот олингач, абитуриентларга айтилган протокол борасида маълумот берилишини билдирди.

Ўз навбатида, ОТФИВ матбуот котиби Назокат Абдуқундузова Kun.uz сўровига асосан, жорий йилдан тартиб ўзгаргани ҳақида маълум қилди.

Вазирлик 5 сентябрда эълон қилган хабарида айтилишича, Давлат комиссияси баёнига асосан, кириш имтиҳонлари натижаси бўйича танловда иштирок этиб, иккинчи-бешинчи бакалавриат таълим йўналишларидан бири бўйича давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган абитуриентларга ўз хоҳишларига кўра, устуворлиги бўйича танлаган биринчи бакалавриат таълим йўналишида табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга рухсат берилган. (Илгари абитуриентлар фақат ўзлари ўқишга кирган йўналишдагина ўқиши мумкин эди.)

Бу ҳолатда абитуриент тўплаган балли биринчи таълим йўналишида тўлов-контракт асосидаги ўтиш баллидан паст бўлиши лозим. Бунда контракт суммасини ҳисоблаш Давлат комиссияси томонидан тасдиқланган табақалаштирилган тўлов-контракт қийматининг минимал миқдорлари асосида амалга оширилади. Бунда юриспруденция таълим йўналиши учун белгиланган миқдор базавий контрактнинг 19 баробарини ташкил қилади.

Бу шуни англатадики, агар абитуриент танлаган биринчи йўналишига балли етмаган бўлса ва у 2-5-йўналишлардан бирига қабул қилинган бўлса, бундай ҳолатда биринчи йўналишга неча балл етмаганидан қатъи назар, 4,05 баллдан ортиқ етмаган, 56,7 баллдан кам бўлмаган ҳолатдаги каби супер контракт тўлаши керак бўлади. Бу айрим йўналишларда тўлов контракт миқдорининг 6 баробари, айримларида эса 19 баробарини ташкил қилади. Масалан, юриспруденцияда 19 баробар.

Бу ерда асосий масала – абитуриентнинг 2-5 йўналишлардан бирига ўқишга қабул қилинганида. Агар абитуриент бешала йўналишдан ҳеч бирига ўқишга киролмаганида, ўзи танлаган исталган йўналишга 4,05 баллгача етмаган тақдирда контрактнинг 3 баробарини тўлаб ўқиши мумкин бўларди.

Юқоридаги кейсда абитуриент ўзи танлаган ОТМлар ичидан тўртинчисига ўқишга қабул қилинган. Энди у биринчи йўналишда ўқимоқчи бўлса, контрактнинг 3 баробарини эмас, 19 баробарини тўлаши керак. Лекин бу ерда тушунмовчилик шундаки, ТДЮУ абитуриентга тақдим этган тўлов шартномада бунга ойдинлик киритилмаган ва шартномадаги 2.2 ҳамда 2.3 бандлар бир-бирини инкор қилган.

Мадина Очилова,
Kun.uz

Мавзуга оид