Ўзбекистон | 22:36 / 12.11.2025
3230
4 дақиқада ўқилади

Янги Тошкентда катта стадион ва Тошкент вилояти иссиқхоналарида рейдлар – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Янги Тошкентда 55 минг ўринли стадион қурилади

Президент Шавкат Мирзиёев 11 ноябрь куни Янги Тошкентда йирик спорт иншооти – замонавий футбол стадиони қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этди.

– Мамлакатимиз футболи учун муҳим лойиҳа – Янги Тошкент стадиони қурилишини бошлаймиз. Қиймати 100 миллион долларлик ушбу стадион қурилиши учун нега айнан Янги Тошкент ҳудуди танланди? Сабаби Янги Тошкент келажакда мамлакатимизнинг янги имкониятлар ва илғор ғоялар марказига айланади, деди Мирзиёев.

Таъкидланишича, Янги Тошкент стадиони ФИФА талабларига мос равишда барпо этилади ҳамда Осиёдаги энг йирик ва замонавий инфратузилмага эга футбол майдонларидан бири бўлади.

Тошкент вилоятида қатор иссиқхоналарда филтр ўрнатилмагани аниқланди

Бош прокуратура ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ходимларидан иборат ишчи гуруҳ Тошкент шаҳар ва вилоятдаги иссиқхоналар фаолиятини текшириш бўйича тунги рейдлар ўтказди. Қатор объектларда атроф-муҳитга зарарли ташламаларга оид қоидалар бузилгани аниқланди.

Текширувлар давомида, жумладан, Тошкент вилояти Тошкент туманида жойлашган иссиқхоналар қозонхоналарида филтр ўрнатилмагани маълум бўлди. Бу ҳолатлар атроф-муҳитга зарарли моддалар чиқариш билан боғлиқ талаблар бузилиши сифатида баҳоланди.

Аниқланган қоидабузарликлар бўйича иссиқхоналарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига мувофиқ маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Чиқинди хизматидан қарзи бор истеъмолчи бевосита электрдан узилмайди

Энергетика вазирлигига кўра, чиқинди хизматидан қарзи бор фуқаролар электр таъминотидан бевосита узилмайди, балки қарз бартараф этилмагунча электр учун тўлов қилиш имкониятига вақтинча чеклов қўйилади.

Вазирлик маълумотига кўра, чиқинди хизмати бўйича қарзи мавжуд абонентлар аввалдан «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг 2100 қисқа рақамидан СМС огоҳлантириш олади. Агар огоҳлантиришдан сўнг 5 кун ичида қарздорлик қопланмаса, абонентнинг электр энергияси учун тўлов амалга ошириш имконияти (онлайн ёки касса орқали) вақтинча чекланади.

Шу билан бирга, вазирлик таъкидлашича, бу чора электр таъминотини узиш эмас. Истеъмолчи қарзни тўлаши билан вақтинчалик чеклов дарҳол бекор қилинади.

«Эко Ном» ва «Новатор» русумли сув ҳисоблагичларидан фойдаланиш тақиқланди

«Ўзсувтаъминот» АЖ Ахборот хизмати раҳбари хабарига кўра, «Новатор ЛК» туридаги ҳисоблагичга берилган сертификат муддати 2023 йил 30 август куни тугагани боис амалда эмас.

«Эко Ном» русумли ҳисоблагичлар 2016 йил 30 июнда давлат реестрига киритилган бўлиб, 2020 йил 10 июлда «Эко Ном СВ» туридаги ҳисоблагичлар учун 2024 йил 29 ноябрга қадар амал қилиш муддати тугаган. Таъкидланишича, ҳозирги вақтда мазкур ҳисоблагичлар амалдаги миллий стандарт талаблари бўйича синовдан ўтказилмаган.

«Ўзсувтаъминот» АЖ Ахборот хизмати раҳбари фуқаролар томонидан ҳозирги вақтда ишлатилаётган бундай русумли ҳисоблагичлар тақдири нима бўлишига аниқлик киритмади.

Жиззахда туман ФВБ бошлиғи пора олган пайтда ушланди

Жиззах вилоятидаги туманлардан бири Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи лойиҳа ҳужжатларини тасдиқлаб бериш эвазига аввалига 200 доллар, кейинроқ 6 млн сўм талаб қилгани учун ушланди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “а”, “в” бандлари билан иш қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди.

Терговгача бўлган маълумотларга кўра, мансабдор шахс 2025 йил сентябр ойида тадбиркор қуришни режалаштирган кўп қаватли уйнинг лойиҳа ҳужжатларини тасдиқлаб бериш учун 200 доллар олган. Кейинчалик, шу ҳудудда хусусий мактаб қуриш лойиҳасини тасдиқлаш учун тадбиркордан 6 млн сўм талаб қилган.

Тезкор тадбир давомида у пулни турмуш ўртоғи орқали қабул қилаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Ҳозирда жиноят иши доирасида суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид