18:58 / 10.05.2016
3765

Ливандаги президентлик сайлови муддати яна бир бор ортга сурилди

Ливан парламентида кворум (кўпчилик) бўлмагани боис, парламент спикери Набих Берри давлат раҳбарини сайлаш муддатини 2 июнга тайинлади. Бу ҳақда "Нахарнет" интернет-портали хабар қилган.

Хабарларга кўра, парламентнинг давлат раҳбарини сайлаш бўйича 39-сессиясида 41 нафар депутат иштирок этган. Президентни сайлаш учун эса парламентнинг камида 86 нафар аъзоси қатнашиши талаб этилади. 

Мамлакат, собиқ давлат раҳбари Мишель Сулаймоннинг президентлик муддати поёнига етган 2014 йил майидан бери сиёсий инқироздан қутила олмаяпти. Ливан конституциясига кўра, парламент томонидан сайланган насроний-маронит президент бўла олади холос. Маронитлар католик черкови таркибига кириб, уларнинг аксари Ливанда истиқомат қилади. Мамлакат аҳолисининг 25 фоизи ушбу дин вакиллари ҳисобланади. 

Бугунги кунда эса, Ливан парламенти ғарбпараст ва сурияпараст тенг икки гуруҳга бўлинган. Ливан давлат раҳбарлиги учун асосий номзод генерал Мишель Аун бўлиб, у шиалар гуруҳи "Ҳизболлоҳ"нинг иттифоқчиси ҳисобланади. Унинг бош рақиби "14 март" ғарбпараст блокининг номзоди Самир Жаажаа ҳисобланади. Уни "Ал-Мустакбал" сунний партияси қўллаб-қувватлайди.

Top