21:43 / 27.07.2016
15248

Хитойда дунёдаги энг катта гидросамолёт яратилди

Хитойда дунёдаги энг катта амфибия-самолёт – AG600 қурилиши муваффақиятли якунланди. Самолётдан сувда қутқарув ишларини амалга ошириш ва ўрмон ёнғинлари билан курашиш учун фойдаланилмоқчи. 

Гидросамолёт ўлчамлари бўйича Boeing-737 самолётиникига яқин. Самолётнинг узунлиги 37 метр, қанотлари қулочи 38 метрни ташкил қилади. Аввал дунёдаги энг катта гидросамолёт ҳисобланган, Россиянинг Бе-200 самолёти ўз ўлчамлари бўйича янги самолётникидан бирмунча ортда қолади: унинг қанотлари қулочи 32,78 метрни, узунлиги 32,05 метрни ташкил қилади. 

Хитой самолётида 4 та замонавий турбовинтли WJ-6 двигатели ўрнатилган. У ўз бортига 20 сонияда 12 тонна сув олишга, оддий аэродромдан ва сув сатҳидан учиб-қўнишга қодир. Самолётнинг максимал учиш оғирлиги 53,5 тоннани, максимал учиш узоқлиги 4,5 минг км ни ташкил қилади.

Xinhua ахборот агентлигининг маълум қилишича, самолётни яратиш билан Хитойнинг AVIC давлат авиасозлик компанияси шуғулланган. Самолёт Хитойнинг жанубидаги Чжухай шаҳрида жойлашган цехларда қурилган. 

Ўтган шанба куни самолётни қуриш ишлари якунланиши оммавий тантана қилинди. 

AG600 Хитой томонидан мустақил равишда ишлаб чиқилган биринчи махсус вазифаларни бажарувчи фуқаролик самолётидир.  Самолёт ички бозорга мўлжалланган бўлиб, корхона 17 та самолёт учун буюртма олишга улгурди. Самолётнинг биринчи парвози жорий йил охирига белгиланган.

Top