15:28 / 18.08.2016
10530

КХДР Американинг Тинч океанидаги базалари тақдирига оид фикрларини билдирди

КХДР ТИВнинг баёнот беришича, Корея ярим оролидаги ҳолат "тобора қалтис тус олмоқда"; агар АҚШ "ўйламай қадам ташлаш"га журъат этса, Пхеньян Американинг Тинч океани минтақасидаги барча ҳарбий базаларининг кулини кўкка совуради, деб хабар қилмоқда РИА Новости агентлиги. 

"Мабодо АҚШ, бизнинг стратегик мақомимизни яхши англамаган ҳолда, ўйламай қадам ташласа, Американинг Тинч океани минтақасидаги барча оператив базалари, хусусан Гуамдаги базаси армиямизнинг кенг қамровли ҳужумига дош беролмайди", — дейилади ҳужжатда. 

Дипломатлар АҚШ август ойида Гуам оролидаги "Андерсон" ҳарбий-ҳаво кучлари базасига B-1B  ва B-2B стратегик бомбардимончи самолётларни сафарбар этганини хотирлашган. Бу базада аллақачон B-52H бомбардимончи самолётлари мавжуд. 

Шимолий Корея дипломатларининг сўзларига кўра, "АҚШ тинимсиз равишда Корея ярим ороли ва унга яқин минтақаларга атом авиаташувчилари, ядро қуролига эга сувости кемалари ва бошқа стратегик қурол-аслаҳаларини юбормоқда. Яқинда, Жанубий Кореяда ракета ҳужумларига қарши THAAD тизимини жойлаштиришини ҳам маълум қилди".

Расмий Пхеньяннинг ишонч билдиришича, бомбардимончи самолётларнинг Гуамга келтирилиши "АҚШнинг КХДРга ядро зарбаси бериш бўйича режаси хавфли ва амалий босқичга кирганини англатади".

Top