Жаҳон | 22:14 / 28.08.2016
5141
2 дақиқада ўқилади

Шотландияда маст ҳолатда рейс амалга оширмоқчи бўлган учувчилар ушланди

Фото: © AP


Шотландия полицияси 27 август куни United Airlines авиакомпаниясининг маст ҳолатда Глазгодан Ньюаркка (АҚШ, Нью-Жерси штати) рейс амалга оширмоқчи бўлган икки учувчисини ушлади. Бу ҳақда 28 августда Press Association ахборот агентлиги маълум қилди. 

Аэропорт ходимлари учувчилар маст ҳолатда эканлигини пайқаб қолишган. Шундан кейин ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимлари чақиртирилган. "Шотландия полицияси 34 ва 45 ёшдаги икки эркак ҳибсга олингани тасдиқлай олади. Айни вақтда улар полиция бўлимида "Транспорт хавфсизлиги тўғрисида"ги қонуннинг 93-моддасини бузганлик гумони билан ҳибсда ушланиб турибди", деб айтилди полицияда.  

Авиакомпания ўз учувчиларининг ҳибсга олинганини тасдиқлади ва "уларни хизмат мажбуриятларидан четлатганини" эълон қилди. 

Шотландиядан АҚШга йўл оладиган UA162 рейсига 141 йўловчи рўйхатга олинган бўлган. Самолёт учувчилар алмаштирилгандан кейин ўз манзили томон учиб кетган.

29 августда учувчилар Пейсли шаҳри суди олдида жавоб берадилар. Амалдаги меъёрларга кўра, учувчилар чиқарадиган 100 миллилитр ҳавода 9 микрограммдан кўп бўлмаган миқдорда спирт бўлиши керак.

Худди шундай ҳолат Глазго аэропортида 18 июлда ҳам содир бўлганди. Канаданинг Air Transat авиакомпаниясининг икки учувчиси маст ҳолатда ушланганди. Улар бошқариши керак бўлган самолёт Торонтога учиши керак бўлган. Учувчилар мутассадиларга паспортларини топширганларидан кейин гаров пули эвазига қўйиб юборилганлар.

 

Мавзуга оид