Жамият | 17:12 / 06.09.2016
44452
5 дақиқада ўқилади

Президентга сўнгги мактуб: Биз Сизни унутмаймиз, Юртбошим!

2016 йил 27 август. Бу кунни андижонликлар минг ҳаяжон билан кутдилар. Қалблар қувончга тўлди. Ўша куни кўчалар-у ҳиёбонлар обод этилди. Ҳар бир андижонликнинг юзида табассум, тилидан эса “Бугун Андижонга пойтахтдан поезд келади. Унда Президентимиз келади”, деган сўзлар тушмасди. Сизнинг ўз ваъдангизда туришингизни нафақат Андижон, балки бутун мамлакатимиз аҳолиси яхши биларди.

Шунинг учунми бу кунни, Сизнинг “Мана мен Андижонга поездда келдим!” дейишингизни барча интизорлик билан кутди. Аммо...

Айтилган вақт келди. Поезд муҳташам Андижон вокзалига келиб тўхтади. Вагонлардан бирин – кетин меҳмонлар туша бошлади. Бутун андижонликлар Сизни, ҳа-ҳа, фақат Сизни излади. Афсуски, ўша куни Сиз келмадингиз. Юзларимиз кулиб турса-да, ич-ичимиздан эзилдик. Катта-ю кичик бир-бирига “Юртбошимиз нега келмади?” дея савол берди. Ҳеч ким жавоб бера олмади. Ахир бутун халқ бу онларни неча йиллар кутганди-а?

Йўқ-йўқ, ҳеч умидимиз сўнмади. “Президентимиз байрамдан сўнг албатта келади, ваъдасида туради”, дея таскин бердик ўзимизга... Биз келишингизга ишонардик. Аммо энди орзулар армонга айланди.

Афсус... бир кун ўтиб, матбуотда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Сизнинг бетоблигингиз тўғрисида ахбороти тарқалди. Аввалига ҳеч ким ишонмади, лекин ҳукумат тарқатган хабар ёлғон эмасди. Ўша сониялардан бошлаб, эшитганки одам “Юртбошимиз омон бўлсин!” дея дуо қилди. 

Кунлар ўтди. Мустақиллик байрами ҳам нишонланди, аммо сизнинг тадбирда қатнашмаганингиз барчани сергаклантирди, йиғлатди. Асосий тадбир бошқа кунга қолдирилибди. Унда давлатимиз раҳбари шахсан ўзлари иштирок этаркан, деган хабар эса кўнгилларга таскин берди. Дилларда байрам шукуҳи кезса-да, кўзларда ёш эди. Кекса ёшдаги отахон-у онахонларимиз бот-бот қўлларини дуога очиб, Аллоҳдан сизга шифо тиларди. 

Бироқ... 2 сентябрнинг кеч оқшомида эълон қилинган хабар бутун борлиқни ларзага келтирди. Етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган инсонлар йиғлади. Бу оламни тарк этганингизга сира ҳам ишонгимиз келмади. Бутун вужудимизни титроқ босди... Бешафқат тақдир сизни биздан айирди.

Буларни эшитиб, саксон ёшларни қаршилаб қўйган отахон, умрини сарҳисоб қилиб “Аҳир мен тирикманку, нега, Юртбоши ўлади?” дея йиғлаяпти. Эндигина ўн саккиз ёшга тўлган қизларингиз эса “Биз энди кимга ишонамиз? Суянчимиз, таянчимиз - Отамизсиз нима қиламиз?” дея ойга дардини айтаяпти. Сизнинг бутун дунёдан кетганингизни эшитиб, ишонмаган Жанубий Кореяда таҳсил олаётган “ўғлингиз” қўнғироқ қилиб тўхтовсиз фарёд чекяпти. Яқиндагина Рио-2016 Олимпиадасидан олтин медал билан қайтган спортчилар Ҳасанбой Дўстматов, Руслан Нуриддиновлар эса қувонишни ҳам, йиғлашни ҳам билмай девор каби қотишди. Бу ўша тундаги воқеаларининг бошланиши эди холос. 

Ўша куни тонг отиши жуда ҳам қийин, дардли бўлди. Ойнадан боқар эканман, гўёки бутун борлиқ сизни кузатгиси йўқдек туюлди. Осмонни қора булутлар қоплади... Оёқ-қўллар мадорсиз ҳолатга келди. Кўзларда чорак асрлик тарих гавдаланди. Эҳ, қанчадан-қанча синовли кунларни кўрмадик. Душманларга қарши курашдик. Бир пайтлар ҳеч ким тан олмаган диёрни энди бутун жаҳон тан олди. Миллий манфаатлар сақланиб қолди. Ўзбек халқи хеч кимга қарам бўлмади. Уларни олдида қаддимизни тик тутиб юрадиган бўлдик. Ўзбекистон деса, ҳавас билан қарайдиган бўлишди. Буларнинг барчасига Сизнинг халқпарварлигингиз, келажакни кўра олишингиз, халққа бўлган ишончингиз орқали эришилди. 

Андижон кўчаларидан юриб борар эканман, ўғил-қизларингизнинг кўзларидаги маъюсликни кўраман. Кўзимдаги ёшни артаман. Ҳамон Сизнинг келишингизни кутаётган “Андижон” вокзалини кўриб эса, тинимсиз йиғлайман. Қулоғим остида бир пайтлар айтган сўзларингизни эслайман, чуқур “уҳ” тортаман.

Ислом Абдуғаниевич, сиз энди орамизда йўксиз, аммо сезиб турибман - Сиз бизни узоқлардан кузатиб турибсиз. Бутун умрингиз мобайнида амалга оширган ишларингизни сарҳисоб қилаяпсиз. “Мендан халқ рози бўлдимикан?” дея савол бераётгандирсиз. Буларни ич-ичимдан ҳис қиляпман.

Мен ёшлар номидан айта оламанки, сиз бутун ўзбек халқининг чин Отасисиз. Яхши ва ёмон кунларида ёнида бўлиб, тиргак бўлган инсонсиз. Ҳеч ким ишонч бермаганида, “Ортингизда мен турибман. Маррани кенгроқ олинг, давр бизники, марра бизники”, деган далдаларингиз бизни ҳамиша олға интилишга ундайди. Биз сизнинг ишончингизни оқлаймиз, албатта. Ўзбекистоннинг келажаги буюк давлат эканлигини бутун дунёга кўрсатиб қўямиз!

Сиз бизнинг қалбимизда барҳаёт яшайсиз!

Сизни соғиниб қолгувчи андижонлик ўғлингиз Умиджон

Мавзуга оид