16:44 / 09.09.2016
20168

Россия КХДРга қатъий талабини илгари сурди

Расмий Москва КХДРнинг навбатдаги ядро синовини қоралайди ҳамда мамлакат ҳукуматидан «хавфли ғаламислик»ларга барҳам бериш, ракета-ядро дастуридан воз кечишни талаб қилади. Россия ТИВ 9 сентябрь куни эълон қилган баёнотида шу ҳақда сўз юритилган. 

Вазирликда қайд этишларича, «КХДРнинг ядро қуролини тарқатмаслик бўйича глобал тартибни бузишга қаратилган ҳаракатлари Корея яримороли ва Осиё Тинч океани минтақасидаги тинчлик ва хавфсизликка жиддий таҳдид солади». Россия ташқи сиёсат маҳкамасининг таъкидлашича, янги ядро синовлари Пхеньян учун жиддий салбий оқибатларга олиб келади. 

Россия, шунингдек, Шимолий Кореянинг БМТ ХК талабларини сўзсиз бажаришга ҳамда Ядро қуролини тарқатмаслик шартномасида иштирокини қайта тиклашга чақиради, дейилади ҳужжатда. 

Шу билан бирга, Россия ТИВ минтақа давлатларини Корея яриморолида кескинликни янада кучайтирувчи ҳатти-ҳаракатлардан ўзларини тийиб туришга ундаган. 

Пхеньян маъмурияти 9 сентябрь куни КХДР ташкил топганининг 68 йиллиги муносабати билан навбатдаги ядро синовини ўтказди. Шу муносабат билан, БМТ ХК ўзининг фавқулодда йиғилишини ўтказади. 

Top