16:34 / 13.09.2016
10820

АҚШда президент сайловининг овоз бериши жараёни бошланди

Дунёнинг етакчи мамлакати – АҚШда президентлик сайлови ўзининг якуний босқичига кирди. Мамлакатнинг айрим штатларида муддатдан аввалги овоз бериш жараёни бошланган, айримларида шу кунларда старт берилади. Қайд этиш жоизки, мазкур сайлов жараёни америкаликлар орасида анча машҳур бўлиб, сайловчиларнинг учдан бири ҳозирданоқ ушбу имкониятдан фойдаланишади. 

Расман биринчи овоз бериш бюллетени Шимолий Каролинада 9 сентябрда олинган. Бироқ ундан ҳам аввалроқ, мазкур штат фуқароси, ҳозирда доимий равишда Францияда истиқомат қилувчи Франсуа Фарже овоз беришни якунлаган. У, сиртдан овоз бериб, бюллетень солинган конвертни почта орқали юборган. 26 август куни мактуб сайлов комиссияси ихтиёрига келиб тушган. 

15 сентябрдан шу каби овоз бериш жараёнида Алабама штати сайловчилари овоз беришлари мумкин бўлади. Тахминан шу куни, хорижий мамлакатларда рўйхатдан ўтган сайловчиларга ҳам бюллетенлар юборилади. 23 сентябрдан эса, Миннесота штатида сайловчиларнинг шахсан келишлари мумкин бўлган сайлов участкалари очилади. 

Умуман, сентябрь ойи охиригача 7та штатдаги сайлов қўмиталари иш бошлайди, расмий сайлов куни бўлган 8 ноябргача эса, 35 штат фуқаролари овоз беришни тугаллаши мумкин. Сайлов жараёнига бундай ёндашув ҳукумат томонидан маъқулланишини ҳам таъкидлаш жоиз. Чунки, бу сафарги сайловда президентдан ташқари, вакиллар палатасининг 435 нафар аъзоси, 34 сенатор, 12 штат губернатори, 15та йирик шаҳар мэрлари сайланади. 

Шу билан бирга, айрим штатларда муддатидан аввал овоз бермоқчи бўлган сайловчи нима учун вақтли овоз бераётганига ойдинлик киритиши талаб этилади. 27 штатда эса, истаган сайловчи сабабини айтмасдан овоз беришига имкон берилади. 

Иккита штат – Орегон ва Вашингтонда овоз бериш жараёни фақатгина почта орқали ўтказилади. Бу штатларда умуман очиқ сайлов участкалари мавжуд эмас. 

Экспертлар эса, муддатидан аввал овоз бериш жараёни Ҳиллари Клинтонга қўл келишини айтишмоқда. Чунки, у ҳозирча унча катта фарқ билан бўлмаса-да, Трампни ортда қолдирмоқда. 

Top