Жамият | 16:07 / 14.09.2016
14603
3 дақиқада ўқилади

Термизнинг фахрий фуқароси бўлган машҳур археолог Кюдзо Като вафот этди

12 сентябрь куни Сурхондарё вилоятида археолог олим, Япония Миллий этнология музейи фахрий профессори, «Дўстлик» ордени соҳиби, Термиз шаҳрининг фахрий фуқароси Кюдзо Като 94 ёшида вафот этди.

«Ўзбекистон ҳақидаги кўплаб илмий ишлар муаллифи, япон профессори Ўзбекистоннинг яқин дўсти эди ва ўзбек халқини севар эди. У ушбу заминни ўзининг иккинчи ватани деб атарди.

Ўзбекистонга илк бор ўтган асрнинг 60- йилларида ташриф буюрган Кюдзо Като ўлканинг бой тарихига катта қизиқиш билдирди ҳамда Япония ва Ўзбекистоннинг кўп томонлама ҳамкорлигини фаоллаштириш тарафдори бўлди», дея ёзилган «Жаҳон» ахборот агентлиги хабарида.

У 25 йилдан зиёдроқ давр мобайнида Ўзбекистон Фанлар академияси ва турли илмий институтлари билан ҳамкорлик қилди, ҳар хил лойиҳаларда қатнашиб, Сурхондарё вилоятида археологик қазишмаларни (Далварзинтепа, Қоратепа, Холчаён, Фаёзтепа) ўтказди. Унинг тадқиқотлари натижалари Ўзбекистон тарихи бўйича мактаб дарсликларида ҳам ўз аксини топди.

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов Катонинг илмий ҳиссасини кўплаб маротаба эътироф этганди.

«Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти» мавзусидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимида сўзлаган нутқида Ислом Каримов япон профессорини илмий фаолияти Марказий Осиё тарихи, этнографияси, археологияси ва санъатининг номаълум бўлган саҳифаларини очишга ёрдам берган минтақанинг йирик тадқиқотчиси деб атаганди.

«Унинг Буюк Ипак йўлини, Бақтрия давлатини ўрганишга бағишланган ишлари, шунингдек, 1989 йилдан буён Сурхондарё вилоятининг кўҳна Далварзинтепа ва Қоратепа шаҳарлари ўрнида олиб бораётган археологик тадқиқотлари, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Мирзо Бобур ва Марказий Осиёнинг бошқа улуғ мутафаккирлари асарларини япон тилига қилган таржималари бизнинг улкан минтақамиз тарихи ва маданияти ҳақидаги билимларни жаҳон мулкига айлантириш имконини берди», — деб таъкидлаганди Ислом Каримов.

«Мен японман, Ўзбекистонни ўзимнинг иккинчи она ватаним деб атайман, ушбу юртнинг фахрий фуқароси эканимдан ғурурланаман. Ҳурматли президент Ислом Каримов менинг кичик ишимни юқори баҳолаган ва «Дўстлик» ордени билан тақдирлаганди. Умримнинг катта қисми шу заминда ўтганидан бахтиёрман», — деганди Кюдзо Като.

Мавзуга оид