Light | 15:33 / 22.09.2016
59603
6 дақиқада ўқилади

Дунёнинг энг гўзал соҳилбўйи меҳмонхоналари (фотожамланма)

Дунёда бири-биридан чиройли меҳмонхоналар жуда кўп. Шундай бўлса-да, уларнинг баъзилари бошқаларига қараганда кўркамроқдир. CNN соҳил бўйидаги дунёнинг энг гўзал 21 меҳмонхонаси суратларини тўплаб, ажойиб фотожамланма тақдим этди.

Soneva Kiri (Кох Куд, Таиланд). Чангалзор ва океан ўртасида жойлашган 36 вилладан иборат меҳмонхона Таиланднинг энг ҳашаматли ва бетакрор соҳилбўйи масканларидан биридир.

Le Guanahane (Сен-Бартелеми). Бу ҳудудга хос бўлган классик дам олиш маскани. 2 ҳовуз, 2 оқ қумли соҳил ва риф меҳмонлар хизматига шай. 

Hotel-Fasano (Рио-де-Жанейро). Рионинг афсонавий Ипонема соҳилларидаги энг ажойиб масканлардан бирида  жойлашган ҳашаматли меҳмонхона, шунингдек бу ердаги Морро Доис Ирмаос ҳамда Корковадо тоғлари алоҳида диққатга сазовордир.

Hotel du Palais (Биарриц, Франция). 1855 йилда Напалеон III томонидан турмуш ўртоғи Евгения учун совға сифатида барпо этилган, у ўзининг ҳашаматли декорацияси - мармар ишланмалари, биллур қандиллари, ноёб буюмлари ва қимматбаҳо матолари билан машҳур.

Four Seasons Resort The Biltmore (Калифорния). 22 акр майдонга эга боғда минглаб тропик ўсимликлар ва пальмалар орасида бунёд этилган меҳмонхона.

Intercontinental Danan Sun Peninsula Resort (Дананг, Вьетнам). Ушбу бетакрор меҳмонхонада ҳамма нарса суратга олишга чорлайди гўё -  табиат манзараси, ресторанлар, 197та номер ва люкслардан иборат меҳмонхона...

W Barcelona (Барселона, Испания). Елкан шаклидаги меҳмонхона дунёга машҳур меъмор Рикардо Бофилл томонидан ишлаб чиқилган. Барселонанинг энг бетакрор меҳмонхонасидаги 437 хонаси бўлиб, уларга денгиз ва қумларга ҳамоҳанг тарзда оч тилла ҳамда феруза рангларида ишлов берилган.

Rockhouse Hotel (Негрил, Ямайка). Негрил соҳиллари бошқа дам олиш масканларига ўхшамайди - бу ердаги соҳиллар қумли эмас, қоялидир. Меҳмонхонанинг ажойиб 20 вилласи тош ва тахтадан қурилган.

El Nido Pangulasian Island (Палаван, Филиппин). Бу хусусий курорт-орол Палаван Эл Нидо Ресортс архипелагининг энг ҳашаматлиси ҳисобланади. Оролдаги виллалар замонавий филиппин усулида бунёд этилган. 

Belmond Villa Sant'Andrea (Сицилия, Италия). 1830 йилда хусусий вилла сифатида қурилган меҳмонхона классик итальян услубида бўлиб, ёрқин ранглар, замонавий санъат намуналари ва ўта ҳашаматли қулайликлари билан сайёҳларни жалб қилади. 

Soneva Fushi (Мальдив ороли). 1995 йилда очилган дам олиш маскани бугунги кундаги энг яхши курортлардан бири ҳисобланади. Виллалар қалин барглар орасига яширинган ва оқ қумли соҳилдан бир неча қадам нарида жойлашган.

The St. Regis Bahia Beach Resort (Рио Гранде, Пуэрто Рико). Бу курорт "Эл Юнкуи" Миллий ўрмони яқинида жойлашган бўлиб, у шахсий соҳили, қушлар қўриқхонаси ва океан қирғоғида гольф майдонига эга. 

Qualia (Австралия). Гамильтон оролининг шимолий қисмида жойлашган Qualia орзудаги дам олиш маскани ҳисобланади. Бу ердаги виллалар тропик манзаралар фонида янада ажойиб кўринади. Уларнинг аксарияти ўзининг қулайлиги - хусусий ҳовузлари ва верандалари билан меҳмонлар эътиборини тортади. Қуёш ботишини томоша қилиш учун энг зўр жой. 

Four Seasons Resort Maui (Вэйли, Ҳавайи). Ҳавайида дам олиш масканлари кўп бўлса-да, Вэйлидаги Four Seasons Resort уларнинг орасида энг кўркамидир. 15 акр ҳудудни банд қилган курорт сувости мусиқа маркази, ҳовуз четидаги бар ва Вэйли соҳилининг ажойиб манзаралари билан умрбод хотирангизда қолади. 

Secret Bay (Доминика, Кариб ороллари). Доминиканинг нисбатан номаълум оролида яширинган меҳмонхона Карибдаги энг сақланиб қолган жумбоқлардан бири ҳисобланади. У фақатгина 6 виллага эга бўлиб, улар экологик тозалиги билан эътиборга лойиқ.

Bela Vista Hotel & Spa (Aлгарве, Португалия). У 1934 йилда Алгарведа очилган илк меҳмонхона бўлган. Отелнинг оригинал декорацияси - ёғоч шифтлар ва девордаги ранг-баранг мозаикалар яқинда ўтказилган таъмирлаш ишлари ёрдамида сақлаб қолинган. 38 хона ўзига хос усулда безатилган бўлиб, бири иккинчисини такрорламайди.

The Mulia (Бали, Индонезия). Курорт 75 акрни қамраб олган. Бу дам олиш маскани алоҳида хусусиятга эга бўлган икки бўлимдан иборат: Анъанавий Мулиа курорти ва Мулиа виллалари - шахсий ҳовузлари ва ёпиқ-очиқ ванна хоналари билан таъмирланган 108та ҳашаматли автоном виллалар. 

Cap Juluca (Ангилья). 179 акр майдонни эгаллаган қулай меҳмонхона Карибдаги энг кўркам масканлардан бири ҳисобланади. Мавритания усулидаги виллалар оқ қумли соҳиллар яқинида жойлашган. Меҳмонхонада ором олиш учун барча қулайликлар яратилган - Frette чойшабларидан тортиб то Hermès ванна маҳсулоттларигача. 

 Four Seasons Resort Bora Bora (Бора-Бора, Француз Полинезияси). 2008 йилда очилган Тўрт мавсум меҳмонхонаси Бора-Борадаги энг янги ва энг чиройли дам олиш маскани ҳисобланади. У сув устида қурилган 100 хонадан иборат, уларнинг баъзилари ўз ҳовузига ҳам эга. 

The Resort at Pedregal (Кабо Сан Лукас, Мексика). Тоғлар ва океан ўртасидаги яриморолда жойлашган меҳмонхона Кабо Сан Лукасдаги энг яхши дам олиш қароргоҳидир. Хоналар кенг ва чиройли, улар Мексика санъат намуналари усулида безатилган ва камин, айвон ҳамда ҳовузлар билан бойитилган. Бу ердаги El Farallon ресторанида энг яхши денгиз маҳсулотлари таомлари тайёрланади.

The Setai (Маями, АҚШ). Бу соҳилбўйи отелидан кўра замонавий шаҳар меҳмонхоналарига ўхшаб кетади. Сетаида хоналар қўлда ясалган швед кроватлари ва қора гранитдан ясалган ванналар билан таъмирланган. Ташқарисида учта ажойиб ҳовуз бўлиб, улар Жанубий соҳилдан бир неча қадамда жойлашган.

Мавзуга оид