Жаҳон | 21:28 / 28.09.2016
17551
2 дақиқада ўқилади

Трамп «Толибон» етакчиларини ранжитди

«Толибон» етакчилари АҚШ президентлиги учун сайловда республикачилар партиясидан номзод бўлмиш Дональд Трампдан сайловолди теледебати якунида ранжишган. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

«Толибон»нинг расмий вакилларидан бири Забиҳулла Мужоҳиднинг айтишича, ҳаракат фаоллари АҚШдаги сайлов пойгасини диққат билан кузатиб бормоқда. Экстремистлар номзодларнинг ҳеч бири дебат вақтида Афғонистон ҳамда ўз номлари тилга олинмаганидан хафа бўлишган. 

Уларни кўпроқ Дональд Трампнинг сўзлари ранжитган. Ҳаракат раҳбарлари уни нооқил одам сифатида қабул қилишган ва уни «бошига нима келса, тилига чиқарадиган ножиддий одам» сифатида баҳолашган.

Толибонлар АҚШнинг бўлғуси президенти ўтмишдошларининг хатоларидан тўғри хулоса чиқарувчи сиёсатчи бўлишига умид билдиришган ва АҚШнинг янги президенти бутун дунёга агрессив сиёсат қўлламаслиги кераклигини айтишган.

«Америкаликларнинг янги раҳбари олдида бир савол туради: у пулларни Афғонистонда қон тўкишда давом этиш мақсадида сарфлашда давом этадими ёки афғон халқига ўз муаммоларини мустақил ҳал қилишига йўл қўйиб берадими? Агар бўлажак  президент АҚШнинг ташқи сиёсатида ўзгаришлар ясамаса, толибонлар қурол кўтариб америкаликларга қарши чиқишда, уларни мамлакатдан ҳайдаб чиқармагунча уруш олиб боришда давом этади», — деган Мужоҳид.

«Толибон» ҳаракати 1996-2001 йилларда Афғонистон ҳукумати тепасида турган. 2001 йилнинг 11 сентябри воқеаларидан кейин АҚШ бу мамлакатга қўшин киритиб, ҳукуматни алмаштирган. Бутунлай тор-мор бўлмаган толибонлар партизанлик урушини давом эттирмоқда. 2011 йилда мамлакатдан АҚШ ва иттифоқчиларининг қўшинлари олиб чиқиб кетилиши жараёни бошланганди.

Мавзуга оид