Жаҳон | 21:38 / 02.10.2016
5943
2 дақиқада ўқилади

Эронда меъёридан ортиқ маош олган 400 га яқин амалдор аниқланди

Эронда ўтказилган аудиторлик текшируви 397 амалдор сабабсиз юқори маош олганини аниқлади. Бу ҳақда Эрон ҳисоб палатаси раиси Одил Озар маълум қилди. 

Озар мамлакат парламентидаги нутқида депутатларни текширув 4 ой давомида ўтказилгани ва умумий ҳисобда 93 мингдан кўпроқ, жумладан 14 минг энг юқори ва юқори даражадаги давлат хизматчисини қамраб олганидан хабардор қилган. Текширувга кўра, текширилган давлат хизматчиларидан 0,4 фоизи ойига 200 млн риал (5,5 минг доллар) ва ундан кўпроқ маош олган. Бундай ҳолатларнинг энг кўпи нефт ва соғлиқни сақлаш вазирликларида, Марказий банкда ва бошқа бир қатор банкларда ҳамда суғурта компанияларида аниқланган. Ушбу ҳолатлар бўйича ишлар судга юборилган.    

Озарнинг нутқидан кейин парламент раиси Али Лорижани депутатларни амалдорлар томонидан ноқонуний ўзлаштириб олинган даромадларни давлатга қайтариш жараёни бошланганига ишонтирган. "Ғазнага 50 млн риал (1,4 млн доллар) қайтарилди", деб маълум қилган Лорижани.

Эронда давлат тузилмаларидаги амалдорларнинг катта даромад олишларига қарши кураш мамлакатнинг диний раҳнамоси оятуллоқ Али Ҳаманеий ташаббуси билан бошланган. Аввалроқ маҳаллий ОАВ маълум қилганидек, баъзи "уятини йўқотган" раҳбарлар ойига 600 млн риалгача (17 минг доллар) маош олган. Ваҳоланки, Эронда ўртача маош 400 доллардан ошмайди.

 

Мавзуга оид