Жаҳон | 09:47 / 06.10.2016
11750
2 дақиқада ўқилади

Трамп Путин билан муносабати ҳақидаги сўзларга жавоб қайтарди

Фото:epa/vostock-photo

АҚШ президентлигига Республикачилар партиясидан номзод бўлмиш Дональд Трамп Россия президенти Владимир Путин билан қандай муносабатда бўлишини ҳали ойдинлаштириб олмаганини айтиб ўтди. ТАСС агентлиги хабарига кўра, у Невада штатидаги Ҳендерсон шаҳрида ўз тарафдорлари билан учрашуви чоғида шу ҳақда гапирган.

У ОАВда "Дональд Трамп Путинни ёқтириши" ҳақида ёзилишига муносабатини билдириб ўтган.

"Улар мен Путинни севишим ҳақида ёзишади. Мен уни яхши кўрмайман ҳам, ундан нафратланмайман ҳам. Кўрамиз, кейинроқ қандай бўлар экан", деган у.

"Балки бизда яхши муносабатлар бўлар. Балки биз даҳшатли даражада душман бўлармиз. Балки, барчаси меъёрида кечар", деган Трамп.

Шу билан биргаликда у агар сайловда ғалабага эришса, Россия билан биргаликда ИШИДга қарши кураш олиб боришга тайёрлигини билдириб ўтган.

"Агар биз Россия билан, Россия биз билан чиқишиб кетсак ва ИШИДни бартараф этсак, бу ажойиб бўларди", дея қайд этган номзод.

Бунгача Трамп бир неча марта Россиянинг ИШИДга қарши Суриядаги ҳаракатларига тасаннолар айтганди. Сентябрь ойи охирида у ИШИДга қарши курашаётган Путинга халал бермаслик кераклигини айтганди.

Мавзуга оид