Жаҳон | 14:30 / 14.10.2016
13876
6 дақиқада ўқилади

Таиландда қиролнинг ўлимидан кейинги вазият қандай?

Фото: AP

13 октябрь, пайшанба куни Таиланд қироли Пхумипон Адульядет ҳаётдан кўз юмди, у 1946 йилдан буён мамлакатни бошқариб келган. Узоқ 1972 йилдаёқ у ўзидан кейин тахтга ким эгалик қилишини тасдиқловчи ҳужжатни имзолаган, унга кўра тахтга шаҳзода Маха Вачиралонгкорн ўтириши керак эди, бироқ ҳозирча бундай бўлмади,  шаҳзода тахтга ўтиришга шошилмаяпти. Мамлакатда бир йиллик мотам эълон қилинган. Таиландда икки йил яшаб келган графика дизайнери Анна Ставенская ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида қироллик оиласи ҳақида сўз юритди, TJ нашри муаллифнинг рухсати билан шу ҳақидаги мақолани чоп этди. 

"Инсон баъзан Таиланд - бу қиролликка хос бўлган барча элементлар мавжуд мамлакат эканини тушуниб етади. Бу ерда қирол ва қиролича, шаҳзода ва маликалар, қироллик саройлари, "Қиролнинг умри узоқ бўлсин!" ҳайқириқлари, содиқ мулозимлар ва (конституцион) монархия душманлари - буларнинг барчасини кўриш мумкин. 

Сайёҳлик масканларида қироллик ҳақида эслатиб турувчи энг асосий хотиралар ҳар бир муассаса ва деярли ҳар бир хонадонда қирол ва қиролича портретининг мавжудлигидир. Таиланднинг баъзи ҳудудларида кунда икки марта (эрталабки соат 8:00 ҳамда кечки соат 18:00да) ҳаёт бир муддатга тўхтаб қолишини кузатиш мумкин. Шу пайт ҳамма нарса, барча инсонлар тўхтайди, мадҳия овози эшитилиши билан ўтирган одамлар туриши шарт. Телевизор орқали эса қироллик оиласи кўрсатилади. 

Университет ва мактаблардаги ўқиш ҳам мадҳиядан бошланади, шу куни дарси бўлмаган ўқитувчилар ҳам биргина мадҳия янграган пайтда тизилиб туриш учун ўқув даргоҳига келишларига тўғри келади. Таиланддаги энг асосий байрамлар - Оталар ва Оналар кунлари қирол ҳамда қироличанинг таваллуд айёмларида нишонланади. 

Бу ерда марҳум қиролни жуда яхши кўришади. У узоқ муддатли ҳукмронлиги давомида (амалдаги давлат раҳбарлари орасида энг узоқ вақт ҳукмронлик қилган инсон) мамлакат иқтисодиёти ва умумий ҳаёт даражасини кўтарди, оддий халқ учун кўп яхшиликлар қилди ва бошқа мамлакатларнинг аксарият давлат раҳбарлари билан муносабатларни яхшилади. 

Қирол 88 ёшида оламдан ўтди. Умрининг сўнгги кунларида унинг саломатлиги ҳаддан зиёд ёмонлашганди, тайликлар унинг соғлиғи учун ибодат қилишди, кўпчилик Бангкокдаги шифохона ёнида тўпланди. Кўчаларда сариқ ва пушти ранг либос кийган кишиларни кўплаб учратиш мумкин эди, бу қироллик оиласининг рамзий ранглари ҳамда қиролга узоқ умр тилашни англатувчи ранглар ҳисобланади. Шундай дамларда "Мен қиролликдаман" қабилидаги ҳиссиёт бир неча карра ошади - атрофда ҳамма фақат шу ҳақда сўзлайди. 

Эртага нима бўлиши номаълум, шундай бўлса-да, баъзи тахминлар бор: кўп муассасалар ёпилган ёки эрта-индин ёпилади, эшикларда "Кечирасиз. Қиролга бўлган эҳтиромимиз юзасидан биз ёпиламиз" ёзувлари пайдо бўлмоқда. Мамлакатда жанжаллар, суиқасд ва бошқа жиноятларни камайтириш мақсадида спиртли ичимликлар сотуви тақиқланиши эҳтимоли мавжуд.

Таиландда бир йиллик мотам эълон қилинди. Ҳукумат бир ой давомида жамоат жойларида фақат оқ ва қора кийимларда юришни буюрди. Хорижликлар учун бу имкон қадар тўқ рангдаги либосларни танлаш кераклигини англатади. 

Баъзи мактаб ва университетлар эртага ёпилиши ҳақида маълум қилинди, кўплаб тадбирлар бекор қилинди, хорижликларга "омма олдида ҳаддан зиёд бахтиёр кўринмаслик, кафе ва ресторанларда хурсандчилигини яққол намоён қилмаслик, тайликлар қайғуси ва уларнинг ҳиссиётларини ҳурмат қилиш" тавсия қилинмоқда. Ижтимоий тармоқларда маълум муддат узилишлар кузатилмоқда. 

Халқ қиролнинг ўғли - шаҳзодани у қадар яхши кўрмайди, бу унинг қироллик оиласига хос бўлмаган хатти-ҳаракатлари натижасидир. Баъзилар унга ўз отасига муносиб қирол сифатида ишонишмаяпти, зеро қирол даражасига кўтарилиш жуда қийин. 

Қироллик оиласи тўғрисида салбий гапларни гапириш оддий кунларда ҳам тақиқланади. Шундай бўлса-да, кўпчиликни баъзи саволлар қизиқтиради: шаҳзода 63 ёшда, лекин у бажараётган ишларидан кўра кўпроқ жанжаллари билан ном қозонган.

Бугун шаҳзода ўзининг тахт вориси эканлигини тасдиқлади, лекин халқ қайғуси туфайли тахтга ўтириш маросимини номаълум муддатга қолдирди. Шуниси диққатга сазоворки, яқинда бўлиб ўтган референдумда конституцияга ўзгариш киритилди: эндиликда қироллик кенгашининг тасдиғи билан ҳукумат аёл кишига ҳам ўтиши мумкин бўлади. 

Қиролликнинг келажаги номаълум, бу ҳақида ҳозир ҳамма жим, чунки Таиланд шаҳарларида дафн маросимига тайёргарлик кўрилмоқда, кўчалар ва ибодатхоналарда кўплаб кишилар тўпланмоқда. 

Таиланд аҳолисининг аксарияти - буддистлар, шу боис уларнинг ўлимга муносабати ҳам шунга мувофиқ. Бироқ халқ қиролни жуда ҳам яхши кўрар эди ва унинг ўлими Таиланд аҳолиси учун катта йўқотиш бўлди".

Мавзуга оид