Жаҳон | 19:22 / 18.10.2016
8909
2 дақиқада ўқилади

Ироқ курдлари Мўсулга юришни тўхтатди

Фото: Reuters

Ироқ ҳукумати билан биргаликда Мўсулни озод этиш амалиётларига киришган Ироқ курдларининг ҳарбий бўлинмалари ўз ҳаракатини тўхтатган. Бу ҳақда курд полковниги Катар Шейкханга асосланиб "Интерфакс" агентлиги хабар берди.

У "курдлар ўзлари эгаллаган позицияни мустаҳкам тутиб туриши" ҳақида маълум қилган.

Бундан олдинроқ, Ироқ Курдистони президенти Маъсуд Барзоний курд бўлинмалари Мўсулга юриш чоғида 20 кв км ҳудуд ИШИДдан озод қилингани ҳақида айтганди.

"Биринчи кунги юриш давомида 200 кв км ҳудуддаги 9та қишлоқ назорат остига олинди", - дея қайд этилган унинг баёнотида.

Бундан ташқари, Барзоний курдистонлик жангчилар "Арбил ва Мўсул оралиғидаги йўлни назорат остига олгани" ҳақида айтган.

"Мўсулга жанубдан ва шарқдан бошланган юриш Ироқ хавфсизлик кучлари билан мувофиқлаштирилган тарзда олиб борилди: Биз Найнавани ИШИДдан бирга тозалашга келишганмиз", дея қўшимча қилган у.

Ироқнинг иккинчи йирик шаҳри ҳисобланмиш Мўсулни ИШИДдан озод қилиш учун ҳал қилувчи ҳарбий ҳаракатлар 17 октябрга ўтар кечаси бошланди. Қуруқликдаги амалиётларда Ироқ ҳукуматининг 30 минглик қўшини ва курд жангчилари қатнашмоқда. Шунингдек, ҳарбий юришни АҚШ бошчилигидаги коалиция ҳамда Туркия самолётлари қўллаб-қувватлаб бормоқда.

Мавзуга оид