Жамият | 18:45 / 21.10.2016
6561
2 дақиқада ўқилади

Жефф Безос Дональд Трампни коинотга жўнатмоқчи эканлигини тасдиқлади

Фото: gizmodo

Blue Origin космик компаниясининг асосчиси, миллиардер Жефф Безос Vanity Fair журнали саммитида иштирок этар экан, Дональд Трампни коинотга жўнатиш истагини тасдиқлади. Бу ҳақида Gizmodo нашри маълум қилди

"Менинг ракетам бор, шундай экан, буни амалга ошириш учун имкон бор", - деди Безос.  

Жефф Безос 2015 йилдаёқ шундай нияти борлигини билдирган эди. Бунга Трампнинг Безосга тегишли Amazon компаниясини "даромадсиз компания" дея атагани сабаб бўлган. Сайёрамизнинг энг бадавлат кишиларидан бири Жефф Безос бунга эътибор бермаганини айтган, аслида эса бундан қаттиқ ранжиган. 

Blue Origin — сайёҳларни New Shepard ракета ташувчиси ёрдамида коинотга олиб чиқиш билан шуғулланувчи космик лойиҳа. 100 километрга кўтарилгандан кейин сайёҳлар жойлашган капсула ташувчидан узоқлашади ва парашютда ерга тушади.

Blue Origin компанияси тўрт марта ана шундай парвозни амалга оширишга муваффақ бўлган. Бундан ташқари, у 2016 йилнинг 5 октябрида New Shepаrd ракетасида қутқарув тизимини синовдан ўтказди. Синов натижалари ҳатто космик техника яратувчиларини ҳам ҳайратга солди. Нафақат йўловчилар жойлашган капсулани "отувчи" қутқарув тизими, балки ракета ташувчининг ўзи ҳам парвоздаги вазифасини бажариб, ҳеч қандай шикаст етмай Ерга қайтиб тушди. 

 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид