Жаҳон | 14:16 / 29.10.2016
39068
3 дақиқада ўқилади

АҚШ президентлик сайловига 10 кун қолганда сайловолди вазияти тубдан ўзгармоқда

Фото: AP

Америка Қўшма Штатларида Республикачилар ва Демократлар партияси вакиллари Федерал қидирув бюросига мурожаат қилишди. Улар, собиқ давлат котиби, АҚШ президентлигига номзод Ҳиллари Клинтоннинг электрон ёзишмаларига оид тергов ишларини қайта бошлашга нима сабаб бўлганини ошкор қилишни талаб қилишган, деб хабар қилмоқда Bloomberg.

Таъкидланишича, республикачилар ҳам, демократлар ҳам ушбу масалада якдиллик намойиш этмоқда. Улар яқинда аниқланган мактубларга оид батафсилроқ ахборот беришни ва буни имкон қадар тезроқ амалга оширишни сўрашган. 

Аввалроқ, президентликка номзод Ҳиллари Клинтоннинг ўзи ҳам ФҚБдан ўзининг электрон почтаси билан боғлиқ иш юзасидан барча маълумотларни омма эътиборига ҳавола қилишни талаб қилган эди. Клинтоннинг президентлик сайловларидаги асосий рақиби республикачи Дональд Трамп терговнинг қайта бошланганини олқишлади. 

Хусусан, Сенатнинг разведка бўйича қўмитаси раиси, республикачи Ричард Берр Америка халқи Ҳиллари Клинтон давлат котиби бўлган вақтда нималар қилганини тўлиқ билишига ҳақли эканини таъкидлади. 

Индиана штати губернатори, Республикачилар партиясининг яна бир вакили Майк Пенс ФҚБни терговга алоқадор барча мактубларни зудлик билан эълон қилишга ундади. 

«Бизнинг президентлик сайловига 10 кун қолганида бундай ҳолатга дуч келишимиз қандайдир ғаройиб ҳодиса», — дея изоҳ берган Клинтон штаби раҳбари Жон Подеста. Эслатиб ўтамиз, унинг мактубларини WikiLeaks сайти эълон қилиб келмоқда. 

АҚШ Конгресси Вакиллар палатасидаги камчилик фракцияси раҳбари Нэнси Пелоси ҳам, ФҚБ кенг жамоатчилик манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, мактубларни ошкор қилиши лозимлигини, республикачиларга сайловларга 11 кун қолганида ёлғон таъкидлар билан чиқишларига йўл қўйиб бўлмаслигини айтган. 

Демократик партиянинг бошқа айрим вакиллари ҳам ФҚБ раҳбари Жеймс Коми ва АҚШ Бош прокурори Лоретта Линчни, турли миш-мишларга чек қўйиш мақсадида тўлиқ маълумотлар беришга чақирган. 

Аввалроқ, ФҚБ директори Жеймс Коми Клинтоннинг давлат котиби бўлган вақтларда давлат ёзишмаларини хусусий почта сервери орқали юборганига оид текширувларни қайта бошлашини маълум қилган эди. Бунга шу ишга алоқаси бор янги мактубларнинг пайдо бўлгани сабаб бўлган. 

The New York Times газетасининг ёзишича, Ҳиллари Клинтоннинг электрон ёзишмаларига оид иш ёпилганидан сўнг, Клинтоннинг бош ёрдамчиси Ҳума Абедин ва унинг турмуш ўртоғи Энтони Винернинг электрон қурилмаларида ушбу ишга алоқадор янги мактублар топилган. 

Мавзуга оид