Жаҳон | 09:00 / 11.11.2016
13682
2 дақиқада ўқилади

Японияда навбатдаги қатл ҳукми ижро этилди

Фото: © Flickr/ foooomio

Японияда 11 ноябрда қатл ҳукми ижро этилди, деб хабар бермоқда NHK телекомпанияси.

Кэнъити Тадзири исмли судланувчи ўғирликни амалга ошириш мақсадида 2 одамни ўлдиргани учун ўлим жазосига маҳкум қилинган бўлган. Бу қатл Синдзо Абэ 2012 йилда мамлакат бош вазири лавозимига киришгач, ижро этилган 10-қатл бўлди. Ҳаммаси бўлиб 4 йил ичида 17 киши қатл этилган.

Ҳозирда Японияда 130 га яқин маҳбус ўлим жазосини кутмоқда. Одатга кўра, қатл ҳукмлари дарҳол ижро этилмай, суд ҳукмидан бир неча йил ўтиб амалга оширилади. 

Халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари бу жазо ғайриинсонийлигини айтиб, Японияни уни бекор қилишга чақирмоқда. Маҳбус қатл этилишини йиллаб кутиши мумкин, бироқ унинг ижро этилишини у ижро этиладиган кун эрталабгина билади. Японияда ўлим жазоси осиш орқали ижро этилади. Жамоатчилик фикри сўровномаларига кўра, мамлакатнинг аксарият қисми, яъни 85 фоизи ўлим жазосини қўллаб-қувватлайди.  

 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид