Ўзбекистон | 12:37 / 18.11.2016
61277
2 дақиқада ўқилади

Видео: Эрдўған Самарқандда. Ўзаро муносабатларда янги саҳифа

Суратлар: tccb.gov.tr

Туркиянинг Haberturk телеканали мамлакат президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Ўзбекистонга ташрифидан фоторепортаж уюштирди. Телеканалнинг YouTube порталидаги каналига жойлаштирилган видеода Туркия раҳбари Ўзбекистонга сафарини Самарқанддан бошлагани, аэропортдан тўғри Шоҳи Зинда мажмуасига, Ўзбекистоннинг биринчи президенти, марҳум Ислом Каримовнинг қабрини зиёрат қилиш учун йўл олганини кўриш мумкин. 

Марҳумнинг зиёратида унга Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ҳамроҳлик қилган.

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси муфтийси Усмонхон Алимов марҳум хотирасига Қуръон тиловат қилган. Шундан сўнг, сиёсатчилар таржимон воситасида бир муддат суҳбатлашишган.

Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тойиб Эрдўған учрашуви чоғида Ўзбекистон — Туркия ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинади, томонларни қизиқтирган долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилади.

Қайд этиш керакки, бу Эрдўғаннинг Ўзбекистонга иккинчи ташрифидир. У 13 йил олдин Ўзбекистонга Туркия бош вазири сифатида келганди.

"Биз қардош ўзбек халқи билан муносабатларни ривожлантиришни истар эдик. Ўзбекистон томон ҳам биз билан муносабатларни ривожлантириш истагида эканлигини кўриб турибмиз. Ўзбекистонга сафарим давомида ўзбек оғаларимиз билан муносабатларда янги саҳифасини очиш истагидаман", — деб таъкидлаган Эрдўған сафарга чиқишидан олдин Анқара аэропортида ўтказилган матбуот анжуманида.

Мавзуга оид