Ўзбекистон | 20:37 / 21.11.2016
10696
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон делегацияси Новосибирск вилоятида бўлди

Бухоро вилояти ҳоким ўринбосари Фазлиддин Атоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Новосибирск вилоятида (Россия) бўлди. Бу ҳақида Uzdaily нашри хабар берди

Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси Новосибирск вилояти губернатор биринчи ўринбосари Юрий Петухов билан учрашди. Томонлар икки минтақа ўртасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишди. 

Юрий Петухов Новосибирск вилояти Ўзбекистонни қадрдон қўшни ва ишончли ҳамкор сифатида кўришини таъкидлади. "Ишончим комилки, бизнинг икки томонлама ҳамкорлигимиз узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли бўлади", - қўшимча қилди у. 

Ўз навбатида, Фазлиддин Атоев Ўзбекистон ва Новосибирск  вилоятининг иқтисодий имкониятларини ҳисобга олиб, икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришда ижобий истиқболлар мавжудлигини қайд этди. У томонлар тўқимачилик саноати ва сайёҳлик соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришлари мумкинлигини таъкидлади. 

Учрашув давомида икки томон ҳамкорликнинг кейинги истиқболлари бўйича фикр алмашишди. Яқин кунларда мазкур учрашув самараси сифатида ҳамкорликка доир битимлар имзоланиши мумкинлигини айтишди. 

 

Мавзуга оид